Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Иқтисодиёт

*Йўл, транспорт, пиёда

Ойлик тугади, аммо...

Йўлларимизда автомашиналар сони кун сайин кўпайиб бораётгани баробарида транспорт воситалари билан боғлиқ нохушликлар, автоавариялар сони ҳам ортгани ташвишланарли ҳол. Бу эса йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасида кескин чора-тадбирлар белгилашни талаб этмоқда. Таҳлиллардан кўринишича, 2010 йилда вилоят бўйича 132 069 та автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 195 135 тани ташкил этиб, 5 йил ичида 63 066 та транспорт воситасига кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

Бунинг натижасида асосий магистрал кўчаларда ҳар бир ҳаракатланиш тасмаси амалдаги меъёрий ҳужжатларда белгилангани бўйича соатига ўртача 850 та автомобиль ўтказиш ўрнига, ҳозирги вақтда 3800 тагача автомобиль ўтказмоқда ва ортиқча юкланишда ишламоқда. Айниқса, Бухоро шаҳрининг бир қатор кўчаларида тирбандликлар юзага келиб, ҳаракатни тартибга солиш борасида қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Ана шу нуқтаи назардан, вилоя¬тимизда жорий йил 20 июлидан 20 августига қадар "Ҳаракат хавф¬сизлиги ойлиги" эълон қилинди ва тегишли корхона ва ташкилотлар, хизматлар зиммасига қатор вазифалар юкланди. Ўрганишлар жараёнида 2014 йилда вилоятимиз марказидаги 4 та чорраҳа ва кўчада тирбандликлар кузатилган бўлса, 2017 йилда эса бундай ҳолат 8 та кўча ва 13 та чорраҳада қайд этилди. Кўриниб турибдики, мазкур муаммо ечими ҳал этилмас экан, яқин йилларда йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл ва кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракатини бошқариш издан чиқади ва назорат қилиб бўлмаслиги натижасида оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шу йил 2 июль куни эрталаб соат 5.15ларда "М-37" автомагистралининг вилоятимиздан ўтган "Бухоро—Ғиждувон" йўналиши 250-километрида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Хоразм вилояти Боғот туманида яшовчи Ботиров Достонбек Юсуф ўғли Курязова Мақсуда Шамуратовнага тегишли бўлган "Нексия" русумли 90L 398 GА давлат рақам белгили автомашинани юқори тезликда бетон тўсиққа келтириб урган.Натижада қаттиқ толиққанидан рулда ухлаб қолган ҳайдовчи ва унинг ёнидаги йўловчи, 1967 йилда туғилган Эргаш Самандаров тан жароҳати олиб касалхонага тушишди.

Ёки 22 июль куни ярим тунда Бухоро тумани ҳудудидан ўтувчи "Галаосиё-Чоруқ-Ромитан" автомобиль йўлида рўй берган оғир йўл-транспорт ҳодисаси фожиа билан интиҳо топди. 1980 йилда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган Фахриддин Қаландаров Тўрткўл шаҳридаги "Амангелдиев Умурбек" давлат хўжалигига тегишли, 95 748 RАА давлат белгили "Кобальт" автомашинасини бошқариб бораётиб, йўл бўйида уни кесиб ўтмоқчи бўлган фуқарони уриб юборган. Кейинчалик жабрдийданинг шахси аниқланган 1983 йилда Бухоро туманида туғилган Ўлмас Очилов Ромитан тумани касалхонасида ҳаётдан бевақт кўз юмди.

Умуман, бу каби мисолларни етарлича келтириш мумкин. Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган тадбирлар жараёнида енгил такси ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари 18120 тага етгани ниҳоятда ташвишланарли. Бундан 259 та ҳолатда автомашинани спиртли ичимлик истеьмол қилган, маст ҳолда бошқариш, 1277 та ҳолатда йўл белгисига риоя қилмаслик, 921 та ҳолатда тегишли ҳужжатларсиз бошқариш, 645 та ҳолатда белгиланган тезликни ошириш, 142 та ҳолатда эса транспорт воситасини техник носоз ҳолда бошқариш ва бошқалар расмийлаштирилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги даврида амалга оширилган ишлар юзасидан ўзларига юклатилган мажбуриятларни бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйган йўловчи ташувчи уюшмалар раҳбарларига тегишли чора кўриш учун вилоят "Ўзавтодарётранс" агентлиги ва Бухоро шаҳар транспорт департаментига 2 та тақдимнома киритилганига қарамасдан, бу борада ижобий ўзгаришлар сезилмаяпти.

Худди шундай, Бухоро автошоҳ бекати "Йўловчисервис" МЧЖга қарашли бўлиб, автошоҳбекат ички ҳудудида фуқаролар хавфсизлигини таьминлаш борасида ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган. Шу сабабли автошоҳбекатда йўловчилар ва уларга тегишли юкларни, автобуслар ва бошқа йўловчи ташиш транспорти юкхоналарини текшириш ишлари умуман амалга оширилмаяпти.Албатта, бу борада кескин таъсир чоралари кўрилади.

"Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги" якунланди. Аммо йўлларда ҳаракатланганда барчамиз яхши билган оддий қоидаларга амал қилсак, йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш нафақат йўл-патруль хизмати ходимларининг, балки ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлигини унутмасак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бахтиёр ДЎСТМУҲАМЕДОВ, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, полковник.

:: орқага № 71, 03.09.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.