Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Иқтисодиёт

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!

Байрамолди йўқламасида: Ромитан тумани

______________________________________________________________

Томчида қуёш жилваси

Ромитан тумани вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлиб, бу ерда 134,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Мазкур ҳудуд истиқлол йилларида бутунлай янгича қиёфа касб этмоқда. Кенг миқёсдаги қурилиш-ободончилик ишлари, одамларнинг турмуш маданиятини кескин оширишга қаратилган дастурларнинг изчил амалга татбиқ этилиши натижасида туман маркази ва қишлоқлари гўзаллашиб, инфратузилма объектлари кўпайиб бораётир.

Барча қулайликларга эга замонавий турар-жой, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий аҳамиятга молик бинолар қад ростламоқда.

"Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов" халқаро автойўлининг туман ҳудудидан ўтувчи 87 километрида янгидан цемент-бетон қопламали йўл барпо этилмоқда. Бу лойиҳа кейинги йил охиригача ниҳоясига етказилади.

Бундан икки-уч йил аввал Ромитанга келиб-кетган киши бугун унинг қиёфасидаги ижобий ўзгаришларни дарров илғайди. Улкан қурилиш майдонини эслатувчи туман маркази яқин йилларда бутунлай янгича кўринишда бўлади. Ке¬йинги саккиз йилда намунавий лойиҳалар асосида қишлоқларда 350 дан зиёд уй-жойлар барпо этилди. Бу ишлар давом эттирилиб, 1 та икки қаватли 16 хонадондан иборат, 2 сотихли, 10 та 3 хонали янги типдаги уй-жойлар барпо этилмоқда. "Боғитуркон" МФЙдаги Саройча аҳоли пунктидаги тоза ичимлик суви иншооти 447,8 миллион сўмлик маблағ ҳисобига қайта реконструкция қилинмоқда. Ўнлаб савдо ва маиший хизмат нуқталари, спорт иншоотлари, саноат ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилди.

Иқлими, ер-сув ва меҳнат ресурсларидан, шунингдек, аҳолисининг аср¬лар давомида тўплаган бой деҳқончилик ва чорвачилик тажрибасидан унумли фойдаланиши негизида аграр соҳа ривожланмоқда. Туман деҳқонларининг мўл пахта ва ғалла хосили етиштириб, давлатга сотиш шартномавий режаларини ошириб бажариш борасидаги фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ. Ҳозирда 849 та фермер хўжалиги фао¬лият юритаётган бўлиб, уларнинг 447 таси бевосита пахтачилик ва ғаллачилик билан шуғулланади. Улар жорий деҳқончилик йилида 18165 тонна буғдой етиштириб, давлат режасини 102 фоизга бажардилар. Шу кунларда ромитанлик омилкор деҳқонлар 12700 гектардаги пахта майдонида 41 минг тоннадан ортиқ ҳосил етиштириш йўлида фидойилик билан меҳнат қилмоқдалар.

—Ҳудудимизда 20 га яқин балиқчилик, 3 та паррандачилик фермер хўжаликлари ташкил этилган бўлиб, яқин йилларда уларнинг сонини янада кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Шу йилнинг бошида юз фоизлик хорижий инвестиция — Жанубий кореялик ҳамкорларнинг 390 минг АҚШ долларига тенг сармояси ҳисобига "Боғи Болта Давлат" фермер хўжалигида бир гектарлик замонавий, жаҳон талабларига мос иссиқхонани ишга туширдик. Бу 9 нафар кишининг бандлигини таъминлаши билан бирга йилига 100 тонна эртанги помидор ва бодринг етиштириш имконини беради,—дейди туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Хуршид Тоҳиров.—Шу кунларда мазкур йўналишда яна икки-учта лойиҳани амалга оширяпмиз. Йил охиригача улар ҳам ишга туширилиб, туманимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Маълумки, ҳудудимизда то¬мор¬қачиликдан унумли фойдаланишда катта ва бой ¬тажриба тўпланган. Аҳоли хонадонларининг тўқсон фоизидан кўпида иссиқхоналар мавжуд. Биз шу иссиқхоналарнинг имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида уларда етиштирилган маҳсу¬лотларни қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз.

Томчида қуёш акс этганидек, туманнинг ҳар бир хонадонида, одамлари ҳаётида истиқлол ва у берган чексиз файз ҳамда шукуҳ мужассам. Буни ромитанлик оддий одамлар билан бўлган суҳбатлар жараёнида яққол ҳис этдик. Уларнинг юз-кўзида ҳаётдан мамнунлик, эртанги кунга чексиз ишонч акс этади.

"Иммидж текстиль" корхонаси тумандаги пешқадам кичик бизнес субъектларидан. Бу ерда тайёрланаётган ишчи махсус коржомалари, ўқувчилар хос кийими харидоргирлиги билан ажралиб туради. Корхона маҳсулотларининг бир қисми экспорт қилиняпти. Ҳадемай бу ерда момиқ сочиқ ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Суратда: илғор тикувчи Рафиқа Раҳимова.

___________________________________________________

Томорқа — туганмас хазина

Тарнаутликлар ёш тадбиркор ҳамқишлоқлари Аминжон Бақоев билан фахрланишади. Негаки, у эртанги помидор ва кечки бодринг кўчатлари билан нафақат уларни, балки қўшни қишлоқлардаги аҳолини ҳам таъминлайди-да. Бизга ҳамроҳлик қилган "Тарнаут" маҳалла фуқаролар йиғини котибаси Роҳила опа Барноева бу ҳақда яна шундай дейди:

—Аминжоннинг ҳовлисидан одам аримайди. Гоҳ помидор ва бодринг кўчатларини, гоҳ улар ҳосилини олиб кетгани келишади. Аминжон мижозларига ўз тажрибасидан келиб чиқиб маслаҳат ҳам беради. Бундан ташқари қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши ҳимоя воситалари билан савдо қилувчи дўкони ҳам бор.

Ланг очиқ дарвозадан киришимиз билан тўрт-бешта харидорга кўзимиз тушди. Харидорларни кузатиб бизга рўбарў бўлган кишини Роҳила опа "Аминжон шу" бўлади, дегандек имо қилди. Ичкарида—6,5 сотихли иссиқхонада усталар ишлаётган экан.

—Ҳаво жуда исиб кетяпти. Шунинг учун ҳам иссиқхонада совутиш мосламаларини ўрнатяпмиз. Бу ускуналар ичкаридаги ҳавони 18-20 даражада ушлаб туради. Кўчатларга зарар етмайди, — деб бизни ичкарига бошлади хонадон соҳиби.

Тадбиркор деҳқоннинг айтишича, 2006 йилда ташкил қилган мазкур иссиқхонасидан йилига 5-10 тонналаб маҳсулот оларкан. Биргина шу мавсумнинг ўзида помидорнинг ҳар тупи 5, бодрингнинг ҳар тупи эса 7 килограмдан ошиқроқ ҳосил берган. Ҳали-бери ҳосил тугаётган бу кўчатлардан эса яна анча-мунча даромад олса бўлади. Бу ҳисобга бозорда сотган помидор ва кўчатлардан келган фойда қўшилмаган. Аминжоннинг турмуш ўртоғи Роҳилахоннинг қуршовидаги иш билан банд бўлган аёлларни суҳбатга тортдик:

—Биз буларнинг қўшнилари бўламиз. Беш кишини доимий иш билан таъминлаб турибдилар. Ойликдан ташқари помидор ва бодрингдан ҳам рўзғоримиз баҳраманд. Ўзимиз ҳам буларга ҳавас қилиб, иссиқхона қурмоқчимиз,—дейди Моҳинур Солиева.

Аён бўлишича, улар фермер хўжаликлари ва аҳолининг буюртмасига кўра 30 минг дона кечки болгар қалампири кўчатларини тайёрлашаётган экан. Бу ниҳолчалар ҳадемай далага олиб чиқиб ўтқазилади.

Аминжон Бақоевнинг асли касби ҳисобчи. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини тугатиб, қатор йиллар тумандаги турли корхона-ташкилотларда ишлади. Айни пайтда "Ромавтопетрол" хусусий корхонасида бош ҳисобчи. Излаган имкон топар деганларидек, ишлаган, ишнинг кўзини билган киши кам бўлмайди. Бу фикрнинг исботини Аминжон Бақоевнинг турмушида кўришимиз мум¬кин. Дид билан қурилган ҳовли, дарвозахонадаги бир эмас, иккита — "Ласетти" ва "Нексия" автомашиналари орзу-ҳавасларни рўёбга чиқарган меҳнат маҳсули десак, адашмаймиз.

Ўзи камтарлик қилибми, ийманибми айтмаган яна бир жиҳатни Роҳила опа шипшитди. Аминжон ҳар йили даромади ҳи-собидан маҳалладаги кам таъминланганларга моддий кўмак берар, энг эътиборлиси, мавсум охирлагач, чет элга бориб дам олиб қайтар экан. Ана сизга ҳалол меҳнатнинг самараси. Оддий ўзбек деҳқонининг томорқа даромадидан хорижга борган пайти қачон бўлган эди. Аминжон Малайзия, Туркия, Индонезияда бўлгани, у ерга биргина дам олгани эмас, айни пайтда деҳқончилик тажрибаси билан ҳам танишгани борганини айтди.

"Дилшод қурилиш транс" масъулияти чекланган жамияти аҳли ҳам бўсағадаги касб байрами—Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини бунёдкорлик ишларини жадал олиб борган ҳолда қаршилаяпти. МЧЖ жамоаси айни пайтда тумандаги 26-умумтаълим мактабида лойиҳа-смета қиймати 2 миллиард 864 миллион сўмликка тенг реконструкция юмушларини поёнига етказмоқда. Суратда: МЧЖ иш юритувчиси Акбар Холов (чапда) ва қурувчилар бригадаси раҳбари Ўткир Тўхтаев.

___________________________________________

Режани аввалгидан каттароқ олганмиз

—,дейди "Шарофат инвест текс" Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси раҳбари ўринбосари Ҳасан Раззоқов

Иш жараёни ва режалар кўлами билан танишгач, биз ҳам унинг бу фикрига иккиланмай қўшилдик. Корхона ишчиларининг аксарияти ёшлар.

—Шу йил Ромитан қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини битирдим. Дугоналарим Мафтуна Бобоқулова ва Нодира Наимовалар билан ишлаб чиқариш амалиётини ҳам шу ерда ўтадик. Ўшандаёқ аҳил жамоа билан бирга ишлашни ният қилгандик. Ниятлар холис экан, икки ойдан бери шу ерда меҳнат қиляпмиз. Яна бир ойдан кейин синов муддати тугайди. Ўз касбимиз бўйича коллежда олган назарий билимларимизни амалиёт билан мустаҳкамлаяпмиз,—дейди ўзини Нурбиби Бобоқулова деб таништирган тикувчи қиз.

Туманнинг "Бахтиёрча" маҳалла фуқаролар йиғинидаги Янги турмуш қишлоғида жойлашган мазкур корхонада 60 нафар қишлоқ қизлари меҳнат қилишади. Уларнинг сафи йил сайин Нурбиби сингари коллеж битирувчилари ва шу қишлоқлик уюшмаган ёшларни жалб этиш ҳисобига кенга¬йиб бормоқда.

Корхона раҳбари ўринбосари Ҳасан Раззоқовнинг маълумот беришича, ўтган йили 10, бу йил эса 7 нафар коллеж битирувчиси ишга қабул қилинган. Ишчиларга қулай меҳнат шароитлари яратилган бўлиб, ойлик маошлари ҳам меҳнатларига қараб белгиланган.

Ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотининг асосий қисми Россияга экспорт қилинмоқда. Бир қисми эса ички бозорга йўналтирилмоқда.

—Аввалги йили корхонамиздаги Хитойдан келтириб ўрнатилган 80 га яқин замонавий тикув машиналаридан унумли фойдаланиб, 700 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот тайёрлаган эдик. Ўтаётган йилнинг олти ойи якунлари бўйича эса кўрсаткичимиз 550 минг доллардан ошиб кетди. Йил охиригача бу рақамларни янада кўпайтириб, 1 миллион долларга етказишни режалаштирганмиз. Бунинг учун хомашё ҳам, ресурслар ҳам етарли,—дейди Ҳасан ака Раззоқов ишонч билан.

Юлдуз Бобоқулова, Моҳина Жўраева, Дилфуза Муҳаммедова, Гулсун Наврўзова сингари моҳир тикувчилар сафидан ўрин олган ёшлар кунлик иш унумини икки бараварга ошириб, жамоанинг катта ютуғига сезиларли улуш қўшмоқдалар.

Факт ва рақамлар

* "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган тадбирларга туманда январь-июль ойларида сарфланган маблағ 58,3 миллиард сўмни ташкил этди. Бу режадагидан 3 миллиард сўмга кўпдир.

* Туманда жорий йил биринчи ярмида ўтган йилдагидан кўп, яъни 2 миллион 604,4 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди.

* Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида саноат, қишлоқ хўжалик ва хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича умумий қиймати жами 25,5 миллиард сўмлик 91 та лойиҳа амалга оширилди. Бунинг самарасида 739 та янги иш ўрни яратилди.

Истиқлол берган насиба

Туман соҳа мутасаддилари бизга Варахша чўли ҳудудидаги "Файз-2000" фермер хўжалигида бўлишни тавсия қилишди. Шу томонга йўл олдик. Обод ва озода қишлоқлар оралаб узоқ юрдик. Йўл-йўлакай кундалик қувонч-ташвишлари билан банд одамлар билан суҳбатлашдик. Ким томорқасидаги юмушлар билан машғул. Ким кечагина дони ва сомони йиғиштириб олинган буғдойпояда кечки карам ва сабзавот экиш билан овора. Туманга тегишли чўлнинг қоқ ўртасидан ўтказилаётган "Мискин-Учқудуқ" темир йўлидаги қизғин қурилиш жараёнида бўлиб, ишчилар билан ҳорманглашдик.

Саҳро этагида жойлашган қадимий тепалик ёнбошидаги полизпояга чиқдик. Бир ён яйдоқ дала, бир томонда эса 6 гектарлик ҳовуз.

—Ўзим асли Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманиданман,—деди ўзини Воҳиджон Собиров деб таништирган киши.—Бу ерга келганимга беш йил бўлди. Оилам ва болаларим билан шу хўжаликда қовун-тарвуз етиштираман. Бу йил ҳам мана шу кўриб турганингиз—4 гектарлик далада деҳқончилик қиляпмиз. Қовун етиштириш анча мураккаб. Айниқса, чўл шароитида. Аммо йўлини билган, меҳнатидан қочмайдиганга қийин эмас. Бу йил қовуннинг тўрт хил навини экдик. Қозоқи, Тошкент кўкчаси, бўрикалла ва амири қовунларининг бозори чаққон.

Суҳбат билан бўлиб фермер хўжалиги раҳбари Бекзоджон Сайдиев келганини сезмабмиз ҳам.

—Хўжалигимиз 2000 йилда ташкил топган,—дея суҳбатга қўшилди у.—Унда мен ҳали мактаб ўқувчиси эдим. Бу ерлар қиру дашт эди. Йиллар давомида қилинган тинимсиз меҳнат эвазига боғ-бўстонга айланди. Икки-уч йил аввал отам Яҳё Сайдиев хўжалик ишларини бутунлай менга топширдилар. Шукрки, эплаб кетдим. Вилоят ва туман раҳбарлари яқиндан кўмак бериб келишмоқда. Куни-кеча вилоят ҳокими Ў. Барноев қабулида бўлдим. У киши менга ишонч билдириб, 20 гектар интенсив боғ ташкил этишимни маслаҳат бердилар. Айни кунларда ҳосилга кирган икки гектарлик интенсив боғимиз қаторида яна боғлар барпо этамиз. Келгуси йил бу ишончни оқлаш учун иш бошлайман. Бунинг учун ҳозирдан ерларни тайёрлашга киришдим.

Ҳа, туманнинг энг ёш фермерларидан ҳисобланган Бекзоджоннинг ташаббускорлиги билан ва албатта хўжаликнинг Аваз Нарзиев, Саври Тоҳиров, Ҳусниддин Султонов ва Меҳриддин Камолов каби аъзолари кўмагида ҳар йили мўл ҳосил етиштириб келинмоқда. Техникаси бор деҳқоннинг ишида барака бўлади. Хўжаликнинг бир эмас, иккитадан юқори унумли ҳайдов ва чопиқ, биттадан "ТТЗ-80" ва "МТЗ-80" тракторлари, уларга қўшимча барча агротехник тадбирларни унумли ўтказишга зарур бўладиган тиркамалари бор.

Бу деҳқонлар 120 гектарлик ғалла майдонидан 720 тонна дон олишди, ҳосилдорлик 60 центнерга етди. Давлат шартномавий режасидан ортган 240 тонна ҳосил хўжалик ихтиёрида қолди. Бу билан фермернинг ўзи ва 50 нафар аъзоларнинг дастурхони тўкин, ҳаёти фаровон. Уларнинг ҳар бирига 3 тоннадан 5 тоннагача улуш тегди. Давлатга дон сотишдан келадиган соф фойда эса 20 миллион сўмдан ошиқроқ. "Файз-2000" фермер хўжалиги ¬миришкорлари ғалладан бўшаган майдонларнинг 30 гектарига экилган мош ҳосилдорлигини 20-25 центнерга, 18 гектардаги шоли бўйича эса 50-55 центнерга етказишни мўлжал¬лашган.

Қўшимча тармоқ сифатида ва замон талабига мувофиқ ташкил этилган 6 гектарлик ҳовузда икки йил аввал ўн минг дона сазан, оқ амур ва дўнгпешона балиқлари чавоқлари ташланган. Балиқчилик тармоғини 10 гектарга етказишни режалаштирган фермернинг айтишича, шу йил охирига бориб, уларнинг ҳам ҳосили олинади. Ҳозирда балиқларнинг вазни қарийб икки килограмга етиб қолди. Парҳезбоп бу неъматнинг бозордаги нархини чамаласак, хўжаликнинг фойдаси зиёда бўлади.

Тобора кўп тармоқли хўжаликка айланиб бораётган, туман ва вилоятдаги пешқадам фермер хўжа¬ликлари сафига кирган жамоанинг асосий даромади шубҳасиз, пахтачиликдан. Йил якунида 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олишни ва унинг бир қисмини ҳомийлик ишларига сарф этишни ният қилган чўлқуварлар 117 гектар майдонда ғўза парвариш қилишяпти. Гектар ҳисобига 36 центнер "оқ олтин" етиштириш, давлат хирмонига 422 тонна ўрнига 450 тонна пахта ет¬казиб бериш ниятида меҳнат қилаётган хўжалик аъзоларига барча шароитлар яратилган. Ҳордиқ чиқаришлари учун шинам ва замонавий дала шийпони, икки маҳал иссиқ овқат, уйдан қатнаб ишлаши учун транспорт, ҳар ойда беш юз мингдан бир миллион сўмгача иш ҳақи тайин.

Бекзоджон шундай дейди:

—Менинг мулкдор бўлишимга, ўзим ва жамоам аъзоларининг рўзғори тўкис бўлишига истиқлол имкон яратди. Отамнинг айтишларича, мустақиллик бўлмаса бундай насиба қайда экан?! Истиқлол ҳар биримизнинг оиламиз ва ҳаётимизга шундай бахтни берганига минг шукур!

Ушбу саҳифа "Бухоронома" мухбири Алишер ОБИДОВ томонидан тайёрланди.

:: орқага № 65, 12.08.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.