Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 52 дан: 28.06.2017

Устозлар шогирдлар ҳақида

Сулоланинг теран илдизи

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари ўрталари эди. Рус ва ўзбек тилларида нашр этилаётган Когон шаҳар ва туман газетаси матни босмахонада қўрғошин ҳарфлар билан терилар эди. ХХ асрнинг бошларида Когонда ташкил этилган бу корхонада газета чиқариш жуда оғир, машаққатли эди. Айниқса, корректорлар яъни мусаҳҳиҳларнинг иши ғоят мушкул эди. Чунки улар қўлда терилган гранкаларни ўқиш баробарида ўзлари ҳам янги хатоларга йўл қўйишарди.

Туман ўзбекча газетасининг таҳририятида корректор лавозими бўшаб қолди. Бу вазифада ишлаш ниҳоятда ҳушёр ва ўта саводли бўлишни талаб этарди. Кадр изладик (Мен муҳаррир эдим). Танлов эълон қилдик. Ва ниҳоят, ўнлаб қиз-йигитлар орасидан шу йили 10-синфни аъло баҳоларда битирган, нигоҳлари ўткир, истараси иссиқ, оддийгина кийинган бир қиз номзодида тўхталдик. Бу — Назира Шабонова эди.

Дастлабки пайтларда бу қизимизга осон бўлмади, албатта. Алмисоқдан қолган ускуналардан чиқарилган гранкалар ғоят хира бўлгани сабаб неча маротаба ўқилмасин, барибир саҳифада хатолар қо¬лаверади. Ҳатто, кичкина имловий хато учун ҳам таҳририятни тергаб турадиган юқори ташкилотдан дашном эшитмаслик мақсадида Назира газетачиликнинг алифбоси—корректорлик касбини қунт билан ўргана бошлади. Ҳафтада уч марта чоп этиладиган туман газетаси энди бехато чиқадиган бўлди.

Бу орада Назира Шабонова Тошкент давлат (ҳозирги Ўзбекистон Миллий) университетининг журналистика факультетини ишдан ажралмаган ҳолда муваффақиятли тугаллади. Турмушга чиқди, фарзанд кўрди. Турмуш ташвишлари сабаб бўлди-ми, негадир ижодий иштиёқ пасайди. Таҳририят билан хайрлашиш ниятидан воқиф бўлдик. Уни чақириб, "Журналист дипломи билан уйда ўтираверасизми? Сизнинг ўрнингиз таҳририятда, қўлда қалам билан халқ орасида бўлиш", дедим. Назира русча газета таҳририятида таржимон бў¬либ ишлай бошлади.

Ҳали ҳамон эсимда: унинг олган биринчи топшириғи. Пахта йиғим-терими мавсуми эди ўшанда. Теримда қолоқлик қилаётганлар тўғрисида танқидий мақола ёзишни тавсия этдим.

Вазифани бажариб, кабинетга кирди. Ўқиб чиқдим. Чакки эмас. Мавзу тўлиқ очиб берилган. Журналистик ёндашув янгича, ўхшатишлар жо¬йида ишлатилган. Танқид тиғи боқибеғамларнинг тинчини бузиши аниқ эди. "Фельетон" рукни остида унинг "Туш" сарлавҳали биринчи ижодий иши эълон қилинди.

Шу бўлди-ю Назира қизимиз нашрнинг ҳар бир сонида чуқур таҳлилли, сермазмун, ўқимишли мақолалари, лавҳа ва очерклари, танқидий чиқишлари билан газетхонлар эътиборига тушиб қолди. Таҳририятда бўлим мудири, масъул котиб лавозимларида ҳам фидойилик билан меҳнат қилди.

Назира Шабонова 1990 йили Бухоро темир йўл бўлимининг нашри — "Темирйўлчи овози" газетасини ташкил этишда бош-қош бўлиб, унга муҳаррирлик қилди. Ушбу нашр кўп йиллар Бухоро, Навоий, Самарқанд темирйўлчиларининг севимли газетаси бўлди. Н. Шабонова қаламига мансуб "Олис йиллар, олис йўллар" ҳужжатли публицистик китоби Ўрта Осиё темир йўли бўлими меҳнат жамоасининг жўшқин фаолиятини кенг оммага етказишда муҳим омил бўлди. У айни пайтда ўзи ташкил этган "Оқ йўл"—"Счастливого пути" газетасининг муҳаррири сифатида ҳам маҳоратини намоён этди.

Назирахоннинг газетачиликда тўплаган тажрибалари, айниқса, у мамлакатимизнинг отахон нашрларидан бири—"Правда Востока" газетасининг Бухоро ва Навоий вилоятлари бўйича ўз мухбири бўлиб ишлаган қарийб йи¬гирма йиллик фаолияти давомида ғоят асқотди. Н. Шабонованинг ушбу газета саҳи¬фаларида эълон қилинган ма¬териалларида ҳалол сўзга эътиқоди ва садоқати, журналистик нигоҳи ва маҳорати янада тўлароқ кўзга ташланди.

У нафақат қалами ўткир журналист, балки ташаббускор, ташкилотчи раҳбар эканлигини ҳам исботлади. Назира Шабонова мамлакатимизда хотин-қизлар орасидан етишиб чиққан матбаачиларнинг биринчи қаторидан ўрин олди. Тадбиркор матбаачи сифатида у Когон шаҳрида замонавий босмахона биносини барпо этишга раҳбарлик қилди ва уни чет эл ускуналари билан жиҳозлади. Бугун бу корхона вилоят аҳолиси ва ташкилотларига сифатли матбаа маҳсулотлари етказиб бермоқда.

Шабоновалар оиласини журналистлар сулоласи, десак хато бўлмайди. Оиланинг тўнғич фарзанди Солиҳа Шабонова (Оллоҳ уни махфиратига олган бўлсин) ҳам Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган ҳамда синглиси ва укасида бу касбга ҳавас уйғотган инсон эди. У узоқ йиллар Когон радиоси ташкилотчи муҳаррири, шаҳар ҳокимлигининг масъул ходими сифатида элу-юрт корига яраб, ҳурмат ва эҳтиром қозонган эди.

Оиланинг кенжаси — Обид Шабонов иқтидорли тележурналист, ўткир қалам соҳиби. У узоқ йиллардан бери "Истиқлол" телеканалида турли мавзуларда кўрсатувлар тайёрлаб, мухлисларнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлган. Обид Шабоновни вилоятимизда ҳамда республикамизда кўпчилик ўзига хос услубга эга бўлган ижодкор сифатида яхши билади.

Журналистлар сулоласининг теран илдизларидан бири Назира Шабонова бугун ижодий кучга тўлган пайт. Унинг ёниқ қалби, ойдин тафаккури, ўткир қалами ҳали кўп йиллар халқимизга хизмат қилишига ишончимиз комил.

Беҳбуд ЖУМАЕВ, Ўзбекистон Журналист¬лари ижодий уюшмаси аъзоси.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.