Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 49 дан: 14.06.2017

Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги олдидан

Икки огиз тасалли

Президентимизнинг "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори ватандошларимиз томонидан қизғин кутиб олинди. Дарҳақиқат, республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқарган Шароф Рашидов шундай шараф ва беқиёс ҳурматга муносиб, халқпарвар, юртпарвар, камтарин инсон бўлган. Буни ўз даврида у билан учрашган, суҳбатлашган кишиларнинг сўзларидан ҳам билиш мумкин. Республикада хизмат кўрсатган пахтакор, Меҳнат Қаҳрамони, ромитанлик Муяссар БАРНОЕВАнинг бу инсон ҳақидаги хотираларини эътиборингизга ҳавола қиляпмиз:

"...Умрим далада ўтди. Фаолиятимни оддий кетмончиликдан бошладим. Сўнг механизатор, бригада раҳбари, кейинчалик давлат хўжалигида бўлим бошлиғи бўлдим. Пахтачиликдаги ютуқларим боис 1973 йилда Меҳнат Қаҳрамони деган юксак унвонга муносиб топилдим.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда айнан Шароф ота қўлидан бу унвон нишонини қабул қилиб оларканман, у ҳаяжондан титраётган қўлимни қисиб, "Табриклайман, Муяссар. Қаҳрамон деган номни оқлашингизга ишонаман" деганди.

1977 йилнинг кузида, айни пахта йиғим-терими қизиган чоғда эса бошимга оғир мусибат тушди. Турмуш ўртоғим тўрт фарзандни ёл¬ғиз ўзимга ташлаб, ҳаётдан кўз юмдилар. Дунё кўзимга қоронғи кўринган, барча нарсадан кўнглим совиган ўша кунларнинг бирида юқоридан шундай телефонограмма келди: "Эртага Шароф Рашидов теримнинг бориши билан танишиш учун хўжалигингизга ташриф буюради. Ҳозирлик кўринг!"

Эртасига тушга яқин республика раҳбари вилоят, туман мутасаддилари ҳамроҳлигида Сарой қишлоғидаги пахтазоримизга келиб, меҳнаткашлар билан суҳбатлашди. Терим суръатига қизиқди. Мен эса у кишини кўрган заҳотим нечундир энг яқин инсонимни учратгандек бўлдим. Бунга балки унинг чеҳрасидаги самимият, дилкашлик сабабдир.

Саволларига жавоб беришга чоғланардим-у, лекин бўғзимга бир нарса тиқилиб, гапиролмасдим. Шароф ака ҳолатимни сезди чоғи, ҳеч нарса бўлмагандек, хўжалик раҳбарию бригада бошлиғи билан суҳбатни давом эттирди. Атрофдагиларга зарур топшириқларни бергач, кетишга тараддудланар экан, четга аста чиқиб, паст овозда менга шундай деди:

"Аҳволингни тушуниб турибман, Муяссар қизим. Аммо ўзингни қўлга ол. Ҳаёт борки, айрилиқ бор. Бардам бўл. Ахир сен қаҳрамонсан-ку, номингга муносиб бўл".

Шу икки калима тасалли ўзимдаги тушкун, маҳзун ҳолатни енгишим учун анча мадад берди. Шароф аканинг бу далдаси тақдир синовидан ўтишимда менга беқиёс куч бағишлади.

Йиллар ўтмоқда. Ёшим саксонга яқинлашганда, невараю эваралар кулгисидан қалбим завққа тўлган пайтда яна бир кўргуликка дучор бўлдим — тўнғич ўғлим Ихтиёрдан айрилиб қолдим. Кексаликда фарзанд доғини кўтариш ғоят оғир. Шу боис бетоб бўлиб қолдим. Шифохонада афтодаҳол ётганимда яна Шароф Рашидовнинг қирқ йил олдинги ўша таскинини эсладим. "Ахир сен қаҳрамонсан-ку..." деган сўзлари қулоқларим остида жа¬ранг¬лагандек туюлди. "Таслим бўлмаслигим керак" дея ўзимга ўзим сўз бердим. Тасаллини атрофимда парвона фарзандларим, невараю эвараларим, келинларим чеҳрасида кўрдим. Шу тариқа ўзимда куч топдим. Ҳаётга ишончим орт¬ди.

Шунинг шарофати ўлароқ яқинда Умра зиёратини адо этдим. Юртимизга тинчлик, осойишталик, болаларимизга бахту саодат тилаб дуолар қилдим. Шунингдек, оғир дамларда менга маънавий қудрат, метин ирода бахш этган улуғ ин¬соннинг охирати ободлигини ҳам Яратгандан сўрадим. Зотан, ¬Шароф Рашидовдек бебаҳо инсонлар хотираси қалбларда мангу яшайди".

Журналист Зуҳра ҚУРБОНОВА ёзиб олди.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.