Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 49 дан: 14.06.2017

Бухорои шариф етти пирининг сардори

Мана неча юз йилларки, Ғиждувоний ҳазратлари ўзининг ноёб ақл-заковати, собит эътиқоди, беқиёс инсоний фазилатлари билан дунёда Хожайи Жаҳон — жаҳон аҳлининг пири, деб улуғлаб келинади.

Бир умр ҳалол меҳнат қилиб, оддий касб-кор билан камтарона ҳаёт кечирган бу мўътабар сиймонинг Аллоҳ йўлидаги буюк хизматлари бугун — орадан тўққиз аср ўтганидан кейин ҳам бутун мусулмон оламида юксак эътироф этилаётгани бежиз эмас.

Шу сабабли биз Абдулхолиқ Ғиждувоний қолдирган ўлмас меросни чуқур ўрганиш, англаш, халқимиз орасида кенг ёйиш, бу бебаҳо бойликни фарзандларимизга ҳам етказишни ўзимиз учун муқаддас бурч, деб биламиз.

Ислом КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти.

Сиз ушбу суратда 2003 йилда Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 800 йиллиги муносабати билан бу улуғ зотнинг она-шаҳри Ғиждувонда ўрнатилган мақбарани кўриб турибсиз. Айни чоғда Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўрсатмалари асосида бу зиёратгоҳни реконструкция қилиб, уни мамлакатимиздаги энг гўзал қадамжолардан бирига айлантириш бўйича лойиҳалаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Тоҳиржон ИСТАТОВ олган сурат.

*Тасаввуфшунос олим илмий меросидан

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний

Бухорои шарифдаги етти пирнинг сардори ва биринчиси бўлмиш ҳазрати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний хожагон (нақшбандия) тариқатининг асосий қоидаларини ишлаб чиққан, Туркистон (Ўрта Осиё) диёрида тасаввуф илмининг, турк-ислом оламидаги маънавият ва ирфон таълимоти анъаналарининг кейинги тараққиёти, инкишофи ва такомилида жуда катта роль ўйнаган. Туркистон ўлкаси ва бутун мусулмон шарқи халқларининг фалсафий-тасаввуфий, ижтимоий-сиёсий-маданий ҳаётида ўчмас из қолдирган.

Хожа Абдулхолиқ Бухорои шарифнинг биринчи бузургвор пири бўлсалар, Шоҳ Баҳоуддин Нақш¬банд Бухорои шарифнинг еттинчи улуғ пири ҳисобланадилар.

Ҳазрат Ғиждувоний ҳақидаги илк маълумотларни Абдураҳмон Жомийнинг "Нафаҳот ал-унс" асарида учратамиз. Усмонли турк тилига Ломеий Чалабий томонидан қилинган ушбу асар таржимасида ўқиймиз:

"Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (қуддиса сирруҳу)нинг равишлари тариқатда ҳужжатдур, жами фирқалар мақбулдир... Ул зот зикри қалбий дарсини ёшлигида ҳазрати Хожа Хизрдан олмишдир. Зеро, Хожа Хизр алайҳиссалом ул зотни болалигида фарзандликка қабул қилмишлар ва буюрмишларки, "сув ҳавзи ичига тушиб, кўзларингни юмиб, дилдан (Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ) дейсан". Шундай зикр сабоқларини ўрганиб алар улкан зафарлар қозонмишлар. Шундан сўнг то умрларининг сўнгги дамларигача ҳазратнинг рўзғори (ҳаёти) жами халқ ёнида мақбул ва маҳмуд бўлиб қолди. Ундан сўнг олим ва орифи Раббоний Хожа Имом Абу Яъқуб Юсуф Ҳамадоний (қуддиса сирруҳу) ҳузурига Бухорога бордилар. Хожа Абдулхолиқ улуғ шайхнинг суҳбатларидан фаҳмладиларки, уларда ҳам зикри қалбий (хафий) бор. Ҳамадоний Бухорода бўлганларида, ул зотнинг суҳбатларида бўлиб, таълим олдилар. Демишларки, Хожа Хизр алайҳиссалом Ғиждувонийга сабоқ устози бўлсалар, Хожа Юсуф Ҳамадоний суҳбат ва хирқа устози бўлдилар. Хожа Юсуфдан сўнг Хожа Абдулхолиқ кўп риёзат ва ибодат билан машғул бўлдилар ва шундай улуғ валоятга эришдиларки, бир намоз вақтида ҳатто Каъбага бориб, яна қайтиб келар эрдилар. Шоми шарифда ҳам муридлари кўп бўлиб, у ерда ҳам хонақоҳ қуриб, иршод ишлари билан маш¬ғул бўлдилар".

Баъзи бир манбаларда Ғиждувонийнинг шакли-шамойили, асарлари ҳа¬қида ҳам маълумотлар келтирилади. "Васиятнома" рисоласида ёзилишича, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний узун бўй¬ли, катта бошли, қалин қошли, буғдой рангли, гўзал юзли улуғ донишманд зот бўлганлар.

Ҳазрат Ғиждувоний (1103-1179) 76 йил¬лик савобли ва хайрли умр жараёнида "Рисолаи соҳибия", "Рисолаи шайх-уш-шуюх ҳазрат Абу Юсуф Ҳамадоний", "Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний", "Аз гуфторҳои Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний" номли тўрт асар ёзиб қолдирган. Уларнинг тўртталаси ҳам Ўзбекистон Республикаси Фанлар акаде¬мияси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинасида сақланмоқда. "Васиятнома" рисоласининг 5-10-бетларида Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Шоҳ Нақшбанд¬лар томонидан ишлаб чиқилган хожагон (нақшбандия) тариқатининг машҳур ўн бир қоидаси берилади.

"Васиятнома" рисоласида тў¬ғри таъкидлаб ёзилганидек, бутун дунёга машҳур нақшбандия тариқати хожагон тариқатидан ўсиб чиққан. Шу боис уламолар ул буюк зот Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийга "сарҳалқаи силсилаи нақшбандия" деб тўғри таъриф берадилар.

Валиюллоҳ Хожа Абдулхолиқдан сўнг бу ворислик, яъни тариқатни бошқариш Хожа Ориф Ревгарий (Моҳитобон), Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий, Хожа Али Рометаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Хожа Саййид Амир Кулол, Хожа Муҳаммад Баҳоуддин ибн Саййид Жалолиддин Нақшбанд каби ўз замонасининг машҳур ва етук машойихларига насиб этган. Ва бу таълимот дунё халқлари орасида катта шуҳрат қозонган.

Ориф УСМОН, филология фанлари доктори, профессор. (Мазкур мақола олим томонидан 2002 йилда таҳририятимиз буюртмаси асосида ёзилган эди).

Улуг авлиё тарбиячилари

1103 йилда таваллуд топган Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг падари бузруквори Имом Абдулжамил ҳазратлари асли Туркиянинг Малатия шаҳридан бўлиб, замона зайли билан Бухорога ҳижрат қилган ва Ғиждувонда муқим яшаган. Хожа Абдулхолиқнинг волидаи муҳтарамалари подшоҳ авлодидан бўлган.

Манбаларда қайд қилинишича, Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг падари бузрукворлари Хизр алайҳиссалом билан биродарлик қилган солиҳ ва ориф зот бўлган. Хизр алайҳиссалом унга: "Аллоҳ сенга солиҳ бир ўғил ато этади. Унинг исмини Абдулхолиқ қўй", деб буюрди. Кейинчалик бу зот бевосита Хизр алайҳиссаломдан зикри хуфия таълимини олган.

Бу улуғ зотга ҳазрат Хизр алайҳиссалом билан бирга Юсуф Ҳамадоний, Имом Садриддин, Ниёз Хоразмий (бу киши Бобойи Лақлақагий номи билан машҳур) устозлик қилган. Юсуф Ҳамадоний Бухорода Хожа Абдуллоҳ Бар¬қий, Хожа Ҳасан Андақий, Хожа Аҳмад Яссавийга ҳам сабоқ берган. Бу устознинг етти юздан ортиқроқ шогирдлари валийлик даражасига етган, ул зоти шариф саккиз минг бутпарастни исломга даъват этиб, уларни шу динга ўтказган экан.

Юсуф Ҳамадонийдан сабоқ олган Абдулхолиқ Ғиждувоний, унинг халифаси Хожа Ориф Ревгарий (Моҳитобон), Бухорои шарифнинг бошқа улуғ пирлари ва хожагон-нақш¬бандия тариқатининг барча машойихлари ўз замонларида бидъат ва хурофотга қарши курашишни, жамиятни пок ва ҳалол, одоб-ахлоқли қилишни ўзларининг энг асосий, муҳим ва улкан илоҳий ҳамда дунёвий амал, катта вазифалари, деб билишган.

Аллома рубоийлари

Қаердан анқигай мушку анбару соро,

Бу на мулки Хисраву Кайхисраву Доро.

Жаҳон кездим билдим бу азиз маскан—

Шарифу ҳам латиф мулки Бухоро!..

* * *

Дўстга муборакман, душманларга шум,

Жангда темирдирман, сулҳда мисли мум.

Сарчашмаи нур—Ғиждувон манзилим,

Ханжарману тиғим кесолгай то Рум.

* * *

Айбларни ёпгувчи саттор бўлгайсен,

Қалбларни топгувчи ғамхор бўлгайсен.

Аллоҳ ризолигин топай десанг, эй дўст!

Эл бирла адабда ҳушёр бўлгайсен.

* * *

Эй дил, дунё шодмонлигидин ўтгайсен,

Мағрур бўлма, жавонлигидин ўтгайсен.

Тун-кун ўтиб бир кун фанодир умринг,

Умринг бир он, бир онлигидин ўтгайсен.

Форсийдан ўзбекчага Садриддин Салим

БУХОРИЙ таржимаси.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний

Ҳикматлар хазинасидан

Ҳар бир иш, ҳар бир ҳаракатингни Қуръонга мувофиқ қил, фақат унга суян. Чунки Қуръон—халқ учун Ҳақ таолонинг ҳужжатидир.

* * *

Илм қидиришда бир қадам ҳам узоқлашма, фиқҳ ҳамда ҳадис илмини ўрган.

* * *

Тақлидчи сўфийлардан узоқ бўлгинки, улар дин йўлининг қароқчиларидир ва мусулмонларни йўлдан урувчилардир.

* * *

Суҳбат қурсанг фақирлар билан қур; ўз юкингни ўзинг кўтар; ҳалол егин, ҳалоллик яхшиликнинг калитидир.

* * *

Бахиллик ва ҳасаддан йироқ бўлгинки, бахил ва ҳа¬садгўй қиёмат куни дўзах оловида бўлади.

* * *

Эй, ўғилгинам, амалга интилмагинки, кимки амалпараст бўлса, тариқат йўлига лойиқ эмас. Доимо нафсингни қийна, фақирлик йўлида маҳкам тур. Бойликка интилма, диёнатли ва тақволи, олим ва пар¬ҳезкор бўл.

Тариқатнинг олтин қоидалари

Буюк устозга эҳтиром

Тахминан XI асрнинг 70-йилларида туғилиб, XII асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган улуғ авлиё, тасаввуф оламининг йирик вакили Хожа Ниёз Хоразмий (ҳазрат Бобойи Лақлақагий) кексайган чоғида Абдулхолиқ Ғиждувонийга сабоқ бериб, унинг ҳурмати ва эҳтиромига сазовор бўлган. Бу улуғ устознинг Ромитан туманидаги мақбараси яқинда қайта реконструкция қилинди.

Ўтган асрнинг 90-йилларида "Донолик" фирмаси раҳбари Шавкат Тойиров томонидан таъмирланган зиёратгоҳ вилоятимизнинг моҳир архитектори Маҳмуд Аҳмедов лойиҳаси асосида қайта қурилди. Бу ердаги қурилиш ишлари Тағи Обиддинов бошлиқ таъмирловчилар жамоаси томонидан амалга оширилган бўлса, нуроталик таниқли сангтарош Тойир Раҳимов аллома Хожа Ниёз Хоразмийнинг қабртошини, шунингдек, обиданинг ҳадислар битилган безакларини Ғозғон мармаридан ишлади.

Суратда: Хожа Ниёз Хоразмий (ҳазрат Бобойи Лақлақагий) зиёратгоҳининг умумий кўриниши.

Тариқатнинг олтин қоидалари

Хожа Юсуф Ҳамадоний бошлаб берган, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний асос қўй¬ган, Ҳазрат Баҳоуддин Нақш¬банд такомиллаштирган хожагон-нақшбандия тариқати қуйидаги олтин қоидалари билан ислом дини хазинасидан муносиб ўрин олган:

1. Ҳуш дар дам. Ҳар бир нафас олиш ва чиқаришда огоҳ бўлиш. Ҳар нафас олиш-чиқариш чоғида Аллоҳни зикр қилиш, агар ғафлатга тушса, истиғфор айтиш.

2. Назар бар қадам. Қадамларни назорат қилиб юриш, ноўрин қарашлардан эҳтиёт бўлиш ва ўзини сақлаш. Инсон қаерда бўлишидан қатъи назар, юраётганида оёқ учига қараб юриши лозим, токи қалб кўзи ва назари бўлмағур манзараларга қарашдан халос бўлсин.

3. Сафар дар ватан. Ҳар қадамда асл мақсадга — Ҳақ томонга юриш. Инсоннинг ёмон ахлоқдан яхши хулққа, башарий сифатлардан илоҳий сифатларга йўналиши.

4. Хилват дар анжуман. Халқ ичида Ҳақ ила ёлғиз бўлиш. Инсон моддий борлиғи билан халққа аралашиб, турли башарий ва ижтимоий фаолиятларда қатнашиб, ҳаёт талаб қилаётган амалларни ижро этаётиб, қалбан доимо Аллоҳнинг ҳузурида эканини бир лаҳза бўлса-да, эсдан чиқармаслигидир.

5. Ёдкард. Нафас чиқармасдан (нафасни ютиб) қалб ва тил билан тавҳид зикрини жамлаб айтиш. Бир сўз билан айтганда, тил билан дилнинг баробар зикр этишидир. Қалбига Аллоҳ зикри нақш¬ланган инсонлар ҳар икки дунёда ҳам саодатманд-дирлар.

6. Бозгашт. Матлуб ва мақсуднинг фақат Аллоҳ ризоси учун эканлигини билиш. Яъни, яшашдан мақсад: Аллоҳни таниш.

7. Нигоҳдошт. Бу қалбни хавотирдан сақлаш деганидир.

8. Ёддошт. Ҳар нафасда Аллоҳ билан бўлиш. Яъни, ҳар дақиқада, ҳар маконда виждон ва завқ йўли билан ҳузур туйишдир. Қилаётган ҳар бир ишининг Аллоҳ ризосига мувофиқ эканини назорат қи¬лишдир.

9. Вуқуфи замоний. Ҳар бир лаҳзасини ҳисоб-китоб қилиш ва қадрлаш. Улуғ мутасаввуфлар айтадиларки, инсоннинг ҳар бир нафас олишида иккита шукр бор: бири нафас олаётгани учун, иккинчиси нафас чиқараётгани учун. Бу соликнинг ҳар бир лаҳзасидан огоҳ бўлишидир.

10. Вуқуфи ададий. Зикр¬да саноққа риоя қилиш. Бу интизомга риоя қилиш зикр айтувчини доим огоҳ бўлиб туришга, фикр тарқоқлигини енгишга ўргатади.

11. Вуқуфи қалбий. Қалб¬ни "Аллоҳ" зикри, фикри ва амри билан банд қилиш.

Дарҳақиқат, Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг таълимотлари моҳиятига назар ташлар эканмиз, у зот ҳам ҳақиқатга очилган биринчи ва асосий эшик шариат эканини алоҳида таъкидлаганларини англаймиз. Инсон мукаммалликка интилар экан, аввало, у шариат аҳкомларини яхши билиши ва энг асосийси, унга амал қилиши лозим бўлади.

Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ шарҳи.

Ушбу саҳифа "Бухоронома" мухбири Абдужалил ХАЛИЛОВ томонидан тайёрланди.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.