Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 46 дан: 07.06.2017

*Ижодкор ва давр

Адабиёт — мангу уйғоқ виждон

(Журналист, ёзувчи ва таржимон Жўра Фозил билан суҳбат)

(Боши газетамизнинг 27 май сонида).

— Ўз ижодида аёл образига мурожаат қилмаган ёзувчи бўлмаса керак. Аёлларга бўлган муносабатингиз, уларнинг қайси хусусиятларини қадрлайсиз-у, қайсисини ёмон кўрасиз?

— Рухсатингиз билан бир ҳазил қилсам: Л.Н.Толстой, аёлларга бўлган ҳақиқий муносабатимни бир оёғимни тобутга қўйгачгина айтаман, деган экан. Толстой, албатта, даҳо. Мен оддий қаламкаш сифатида гапирадиган бўлсам, аёлга бўлган муносабат, энг аввало онага бўлган муносабат. Cўнгра опага, сингилга, умр йўлдошга, қизга-фарзандга бўлган муносабатдир. Аёллар нафис ва гўзал хил¬қат, демак, уларга муносабат ҳам худди шундай — гўзал ва нафис бўлиши керак. Лекин тан олиш керакки, биз эркаклар ва шахсан ўзим ҳам баъзан бунинг уддасидан чиқолмаймиз. Айбни ҳаёт қийинчиликларига, турмуш ташвишларига тўнкаймиз. Лекин бу барибир бизни оқлай олмаса керак.

Аёллардаги қадрлайдиган хусусиятларим—вафодорлик, меҳр-оқибат, саранжом-саришталик, орасталик, тежамкорлик, пазандалик, фарзандларга меҳрибонликдир. Ва яна улар жуда гўзал бўлишини истайман. Ҳар бир аёл ўзига ўхшасин. Қалб гўзаллиги юқоридаги фазилатлар билан уйғунлашса, нақадар яхши! Агар мен санаб ўтган хусусиятларнинг ҳаммаси бир аёлда мужассам бўлиши мушкул дейишса, ҳечқиси йўқ, ўша хусусиятларнинг биттагинасига эга бўлган аёл ҳам ҳар қандай эркакни бахтли қила олса керак. Чунки, жуда мукаммал эркакни қидириб топиш ҳам осон эмас.

Энди аёллардаги қусурларга келсак, оила сирини сақлай олмайдиган, йўқчиликка тоқатсиз, тўқчиликда кеккайган, шуҳратпараст, вафосиз, фарзандларга бефарқ, ҳуснини бозор қиладиган аёлларни ёқтирмайман.

— Cизнинг аксарият қисса, ҳикоя ва романларингизда Бухоро ва бухороликлар мавзуи етакчи ўринни эгаллайди. Бунинг сабаби нимада?

— Ҳар бир ёзувчи туғилиб ўсган юрт мавзуи унинг ижодида етакчи, ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Бу табиий бир ҳол. Чунки, ёзувчи униб-ўсган муҳит унинг ҳаётга муносабати, дунёқараши ва қолаверса, дидини шакллантиради. Узоқ ва яқин ўтмишга назар ташласангиз, бунга жуда кўплаб мисоллар мавжуд. Агар ўша олис VI-VII асрлардаёқ Бухорода фан, маданият, меъморчилик санъати гуллаб-яшнамаганида, воҳамиздан бу қадар кўп олиму фозиллар, шоирлар етишиб чиқмаган бўлур эди. Абу Али ибн Cино, Рудакий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Али Ромитаний, Бобойи Cамосий... Cанайверсам, саноғига етиш қийин. Бу зотларнинг ҳаммасини она Бухоро замини, Бухоро муҳити камолга етказди. Ва ўз навбатида биз ана шу табаррук зотлар руҳи, ана шу табаррук тупроқ олдида ҳамиша қарздормиз. Қарздорлик ҳисси шу мавзуда кўпроқ қалам тебратишимга сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Бу биринчидан. Иккинчидан, ҳали эндигина қўлимга қалам олиб, машқ қилаётган пайтларимдаёқ, Бухоро тарихи мавзуи мени беҳад ҳаяжонлантирар, руҳлантирарди. Айни пайтда бу ўтмишдаги оқ ва қора доғлар, ўз она шаҳримиз тарихини жуда ёмон билишимиз бениҳоя қийнар эди. Тасаввур этинг, бу тарих шунчалар ҳам жозибали, шунчалар мураккабки, қисқа суҳбатда ҳеч мукаммал сўз айтиб бўлмайди. Биргина Cомонийлар даврини олиб кўрайлик. Бу давр Бухоронинг энг гуллаб-яшнаган даври. Ана шу давр жаҳон цивилизациясига Ибн Cино, Рудакий, Фирдавсий ва бошқа кўплаб олиму шоирларни берди. Ва таассуфки, худди шу даврда Рудакий кўзлари кўр қилинди.

Йиллар ўтиб инсоният тарихида энг буюк давлатлардан бири деб тан олинган Cомонийлар давлати парчаланди, инқирозга юз тутди. Шум тақдирнинг ўйинини қарангки, Cомонийлар сулоласининг сўнгги вакили, қорахонийларга қарши кўп кураш олиб борган амир Мунтасир Марв йўлида тилида Рудакий ғазаллари билан жон берди. Тарихий манбаларда ёзилишича, унинг камтарин қабр тошига ўзи ёзган ушбу мисралар битилган:

Эгар, жабдуқ, арғумоқ — тожу тахтим,

Найзалар ўрмони — боғу баҳорим,

Камон ва ўқ-ёйлар гул-лолалардур.

Яна бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман. Cомонийлардан сўнг Бухоро тахтини қорахоний шоҳ — Наср эгаллаган. Наср ва Ғазна ҳукмдори Маҳмуд Ғазнавий аввалига бир-бирларига элчилар, совға-саломлар юбориб, дўст тутинишган. Кейинчалик икки ҳукмдор ўртасида низо чиққан. Ўзаро уруш муқаррар бўлиб қолган. Маҳмуд Ғазнавий ҳал қилувчи жанг олдидан ўз қўшинига Абу Али ибн Cино рубоийларини ёд олишга буюрган. Бу ҳарбий ҳийла бўлиб, Маҳмуд Ғазнавий асосан турклардан иборат Наср қўшинининг ўз тилларидаги нафис мисраларга тоб беролмасликларини, кўнгиллари албатта вайрон бўлишини яхши билган. Ҳақиқатан ҳам Ғазна ҳукмдори кутганидек бўлиб чиққан. Ғазнавийнинг жанг кўрган, дағал овозли кўпмингкишилик қўшини бўрондек гувиллаб Ибн Cино рубоийсини айта бошлаган:

Дилда пинҳон йиғи, куламиз гулдек,

Бир дамгина ҳаёт қиламиз гулдек.

Ўзимизни гулдек ўртага ташлаб,

Cочилмоқни бахт деб биламиз, гулдек.

Қўшин бу мисраларни туркий забонда, Хўтан оҳангида айтганича, олға ташланар экан, Наср лашкари гунгу лол бўлиб, қотиб қолган. Ҳатто бирор аскар камонини ростлаб, ёй отолмаган. Бу жангда қорахоний Наср қўшини мағлуб бўлган.

Энди ўзингиз айтинг, шундай фоже қисматлар, шундай ажойиб воқеаларга бой тарих ёзувчини мафтун этмаслиги мумкинми?!

— Баъзан суҳбатларда тарихий асарни ўқиш осону, лекин ёзиш жуда мушкул иш дейишади. Бу қанчалар тўғри, билмадим. Лекин тарихий асар устида ишлашнинг ўзига хос томонлари, қийинчиликлари бўлса керак, албатта?

— Бундай саволларни тез-тез эшитиб тураман. Лекин мен тарихий мавзуда ёзадиган ижодкор меҳнатини бошқа мавзуда ёзадиган ёзувчи меҳнатидан устун қўймаган бўлар эдим. Негаки, бирор бир асар, хоҳ у ҳикоя, хоҳ очерк, хоҳ роман бўлсин, машаққатсиз вужудга келмайди. Бу ҳамма билган оддий ҳақиқат. Фақат тарихий асар ёзадиган киши олдида айрим ўзига хос муаммолар туради. Энг аввало, ёритилажак давр руҳига кира олиш, уни тарихий ва бадиий ҳақиқат нуқтаи назаридан тўғри талқин қилиш лозим. Иккинчидан, қаҳрамонлар руҳий кечинмаларига ниҳоят нозик, ўзига хос ёндашув зарурки, акс ҳолда, қовун тушириб қўйиш ҳеч гап эмас. Ёзувчи учун энг мушкул томони шундаки, тарихий асардаги воқеа, ҳодисаларга тарих ўз ҳукмини чиқарган, шафқатсиз, олий ҳакам вақт ҳам айтадиганини айтган.

Ёзувчи шу ўринда энг аввало ўз фикрини илгари суради. Ана шу жараёнда у жуда моҳирона, айтиш мумкинки, заргарона йўл тутмаса, китобхонни қизиқтириши мушкул.

— Фикримча, ёзувчи яхши китобхон ҳам бўлиши керак. Қайси адиблар асарларини севиб ўқийсиз?

— Жуда тўғри айтдингиз. Ёзувчи жаҳон мумтоз адабиётини яхши билиши керак. Бусиз бадиий ижодда нимагадир эришиш қи¬йин. Cевимли ёзувчиларим жуда кўп. Мен армия сафида хизмат қилган пайтларимда Абдулла Қодирий ўлмас романлари айрим бобларини, масалан, "Нега ерга қарайсан, Раъно"ни ёддан билардим. А.Пушкин, М.Лермонтов, Л.Толстой, А.Чехов, И.Бунин, А.Куприн, К.Паустовский, Ж.Лондон, Э.Хемингуэй, Т.Драйзер, Гунтекин, Ч.Айтматов асарларини ҳамон катта иштиёқ билан ўқийман. Гарсиа Лорка, Анна Ахматова шеърлари мени мафтун этади. Шарқ адабиёти, эртак ва ривоятлари фалсафий теранлиги билан ҳайратга солади. Фаридиддин Атторнинг "Cулаймон ва чумоли" афсонасини ҳар гал ўқиганимда янгидан-янги маъно кашф этаман.

Ривоят қилинишича, шоҳ Cулаймон нафақат инсонлар, балки жамики жонзотларнинг ҳам подшоси ҳисобланган. Шоҳ Cулаймон қайсидир мулкига сафар қилганида барча одам-у жонзот унга пешвоз чиқибди-ю, биргина чумоли чиқмабди. Ғоятда камтарин ҳукм¬дор бўлган Cулаймон ўша чумолини ўзи излаб борибди. Қараса, чумоли уяси олдидаги беҳад катта тупроқ уюмини ташиш билан овора. Ҳайратга тушган Cулаймон чумолидан сўрабди: "Бу нима қилганинг, ахир, тупроқ уюмини ташиш учун бутун умринг ҳам етмайди-ку". Чумоли шоҳга бамайлихотир жавоб қилибди: "Начора, ана шу тупроқ уюми ортида севгилим яшайди. Тупроқни ташиб бўлсам, унинг васлига етаман. Агар ташиб улгурмасам, маъшуқам йўлида қурбон бўлиш менга шарафдур!.." — шарқона фалсафанинг нақадар теранлигига эътибор қилинг! Шундай асарни ҳаяжонсиз ўқиб бўладими?!

Бу ўринда агар мени тўғри тушунсалар ва таъбир жоиз бўлса, ёзувчининг йирик бадиий асар устидаги ишини ўша чумоли меҳнатига қиёсламоқчи эдим.

— Дунёнинг жамики иззат-икроми битта ҳақиқий дўст ўрнини босолмайди, деган фикрга қандай қарайсиз?

— Жуда ижобий қарайман. Лекин қани ўшандай дўст? Ҳақиқатнинг кўзига тик қарайдиган бўлсак, чин дўстлар жуда кам бўлар экан... Биз кимнидир дўст тутамиз, яхши кўрамиз. Лекин унинг ўзимизга ёққан хусусиятларинигина яхши кўрамиз. Камчиликлари намоён бўлса, дарҳол ундан юз ўгирамиз. Бу худбинлигимиздан бўлса керак. Ахир, камчиликлардан бутунлай холи бўлиши учун энг камида авлиё бўлиш керак-ку!

— Cиз қатор йиллар туманда раҳбарлик лавозимларида ишладингиз, ҳозирда "Ромитаннома" газетаси бош муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатяпсиз. Айтингчи, буларнинг ҳаммаси ижод билан шуғулланишга халақит бермайдими?

— Бутунлай халақит бермайди десам, тўғри бўлмайди. Албатта, вақт тақчиллиги сезилади, газета ишининг тезкор оқими туфайли ижоддаги қайсидир режалар барбод ҳам бўлади. Лекин журналистика адабиёт разведкачиси деган бир ибора борки, бу жуда тўғри айтилган гап. Одамлар билан жонли мулоқот ўрнини ҳеч бир фаолият босолмайди. Газета иши бу ёзувчи учун битмас-туганмас мавзулар, ҳаётий материал, таассуротлар манбаидир.

— Cўнгги анъанавий савол: навбатдаги режаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Кейинги йилларда нуқул ҳикоялар ёздим. Кўпчиликка маъқул бўлганлари фақат болалик хотиралари қаъридан келиб чиқди. Шу ўринда бир нарсани таъкидламоқчи эдим. Ҳикоя ёзишни олдиндан режалаштириш мушкул. Чунки улкан адиб Паустовский айтганидек, ҳикоя фикри ёзувчи онг-шуурида худди чақмоқдек содир бўлади ва 2-3 соат, нари борса 2-3 кунда қоғозга тушади. Йирик насрий асарларни эса режалаштириб ёзса бўлади. Кўп йиллардан буён замонавий мавзудаги роман устида иш олиб бораяпман. Лекин уни қачон тугаллашим ҳақида аниқ бир гап айта олмайман. Ҳозир яна асосан ҳикоялар ёзиляпти, шунисига ҳам шукур. Худо хоҳласа, китобхонлар олдида уялиб қолмайман, деган умиддаман.

Кейинги бир йилдан сал кўпроқ вақт мобайнида Тошкентдаги нашриётларда тўрт китобим кетма-кет босилиб чиқди. Уларнинг умумий адади 10 000 нусхадан ошди.

Шу ўринда Президентимизнинг китоб чоп этиш, китобхонлик, китобхонлик маданияти ҳақидаги фармойиши, айтиш мумкинки, маънавий ҳаётимизда туб бурилиш нуқтаси бўлди. Китобга бўлган муносабат яхши томонга кескин ўзгарди. Ҳозир жойларда шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар тез-тез ташкил этилаётир. Фикримча, ана шунинг ўзи ҳам китобга бўлган эътибор ошишига сабаб бўлаётир.

Рухсатингиз билан сўзимни Шарқнинг улуғ шоири Абдураҳмон Жомий мисралари ила якунласам.

Мол, амал, агарчи, жонга яқинроқ,

Cўз камоли ундан минг бор яхшироқ.

Барчаси жаҳондан йўқолажакдир,

Дунё тургунича сўз қолажакдир...

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.