Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 46 дан: 07.06.2017

Ибодат РАЖАБОВА

Ҳамон мени кутар Навоий

Тонг нур ичин айланиб чиқдим.

Қайда дедим даҳолар жойи?

Бешиксозлар кўнгил тўридан

Чиқиб келди Ҳазрат Навоий.

Олов бўлдим, чўғларда ундим,

Муҳаббатдан бўлдим садойи.

Қуш патидан шамъи ҳол ёқиб,

Тушларимга кирди Навоий.

Жон сўрадим қатор тоғлардан,

Юзларимда кипригим мойи...

—Кел, ишқ ашкин шунда арт,—дея

Салласини тутди Навоий.

Ширин ўзин олиб қочди шом,

Мени тутди ғуссалар ёйи.

Сиздан олдин, ҳа, Сиздан олдин

Қалқон бўлди менга Навоий.

Қаламидан дон терди қақнус,

Сиёҳдони ошиқлар жоми.

Юз маст бўлдим, минг аласт бўлдим,

—Тур, Порсо,—деб кулди Навоий.

Эҳ, ўзимни осмонга отдим,

Ёғду ёстиқ заминнинг пойи...

Хурмозорлар илдиз базмида—

Ҳамон мени кутар Навоий.

* * *

Шамоллар ёстиғи эскириб кетди,

Деворлар намини шимади кундуз.

Миришкор қалъасин кўлмакларида,

Чумчуқлар ҳут бўйи келиб ювар юз.

Майсалар чопонин дазмоллар шудринг,

Сўқмоқлар сафари бўлар намоён.

Қора тол сап-сариқ попукларини

Шабада тўрт томон сочар—паришон.

Бўз сузма халталар михга кўз қисар,

Шиндилар тубидан кўринади ёз.

Ҳаммадан эртароқ уйғониб кетиб,

Бепарво сурп қопни тешади пиёз.

Нокқоқи изини топар чумоли,

Қизғаниб эшигин ёпар Навметан.

Уларга битта гап айтишдан олдин—

Худодан қўрқаман, Худодан.

Қақнуслар изига ботираман нон,

Лолалар уруғи менга ҳам Ватан.

Бу қуёш кун бўйи ерга нур сочар,

Ибодат Ражабнинг деразасидан...

Бухорхотун хати

"Зарафшон зарларин саралаб,

Боғларга улашдим чимилдиқ.

Деворлар ёнида эшиклар

Ёғийга очилмай турди тик.

Калитлар Мири шаб лашкари,

Қамчилар ёнимда тунсоқчи...

Садоқдон сурасин ёд олди

Меҳробга айланган Шаҳристон ичи.

Ариқлар сув ташиб, семирди,

Ҳовузлар ҳовузмас, заркома.

Қалъалар бир-бирин қучоқлаб,

Тунлари куйлайди тарона.

Чўнтаклар йиртиғин ямадим.

Зиндонга: "Бор, дедим, олма тер.

Бу халқнинг ғамини занжирмас,

Бошида тожи бор шоҳ ер..."

Шолизор пойида чўкдим тиз.

Шиорим — шамдону

қарорим — зайтун.

Бухоро ковушин мойлади —

Кафтимдан сув ичган Чорбоғи берун.

Кампирак девордан то кўнгил қадар

Борлиққа тўй қилиб баҳорни

Бошимда кўтариб яшадим,

Шарафга айланган Бухорни!".

Ярим тун, тонг

Отам боғи сокин туш кўрар,

Олма ҳидлаб ёшарар қишлоқ,

Дорга ёйган гўштқоқиларни

Кўзи билан тешади бароқ.

Пишлоқларга айланар хом сут,

Тарс ёрилар сув ичган қовун.

Лойтўғонлар бўшашиб кетиб,

Сувгирдобга айланар қуюн.

Юлдуз учар, олча тўкилар.

Уруғларин аллалар янтоқ.

Соддаликда мендан ҳам ўтган,

Парвонани ўйнатар чироқ.

Йўлда сарсон кирпи излари,

Полиз ҳидин чиқарар шабнам.

Тонг чўнтагин чўқилар хўроз,

У қуш ёстиқ санаб юрган дам.

Чўбқошиқлар йиғади қаймоқ,

Гўштқоқидан тўлади халта.

Эҳ, бир қанот сотиб олмаган

Мушукларнинг қўллари калта...

* * *

Қишлоғимга: "Энди кет, дедим.

Тушларимга кирмагин такрор.

Ёстиғимнинг гулларида ҳам

Энди фақат шаҳар ҳиди бор.

Рўмолимни бодомга бердим,

Ковушим ҳам шоли қўриқчи.

Тўйдан шеърим йиғиб келган,

Пулдан тўлди ҳамёним ичи.

Қўш деразам осмонга дарча

Уй томим-ку қуш кўрмаган туш.

Кўк дарвозам ўнг қанотида

Соқчиликда турар Сиёвуш.

Пули ошиқин менга ўтар дарс,

Гузарлардан совғага гуллар.

Сал лабширин бўлган байтимни

Чилдирмалар ҳаммага пуллар.

Ғозадан ҳам энди камим йўқ.

Лабларимда хорижий бўёқ...

Эртак ўқиб, сўнгра хат ёзиб,

Лайлидан ҳам кутмасман тароқ.

Гиреҳбоним Бедил мисол чок,

Мен шаҳарда — шоири даврон.

Лек, негадир гултувакларим —

Райҳон мисол чиқармас забон...

Онам вафоти

куни...

Қудуқларни ковлади шамол,

Кўприкларни кўтарди довул.

Ҳовлимиздан қабристон қадар—

Қалдирғочлар бўлди қоровул.

Тўмариснинг тори узилди,

Широққа ҳам етмади ҳаво.

Пилла ичин очиб қарасам,

Ғумбаклари қилибди қазо.

Бухорхудот жун яктак кийди,

Бухорхотун абра-ю маҳси.

Момотутлар кўз ёшларидан

Тўлиб кетди ҳовузлар ичи.

Шу тонг мушук сутдан тўймади,

Боғ эшикни буздириб, саҳар.

—Шоир туғган аёл ўлди,—деб,

Қарсак чалиб келди шамшодлар.

Қибла йўлдан кўтарилди чанг,

Ваҳий зикри бўлди овоза...

Етти пирнинг рухсати билан,

Қушлар ўқиб берди жаноза.

Киприк ёғдан шишди қўлрўмол,

Гулбоғични музлатди сукут.

Бўз отини қўлимга боғлаб,

Алпомиш ҳам кўтарди тобут.

* * *

Қишлоқ борсам, шўх ҳалинчаклар,

Шамолидан айланар бошим.

Полизларни соғиниб кетган

Аравалар қараб турар жим.

Қишлоқ борсам, жуфт мусичалар

Ин қуришда қилмайди парво.

Эрка мушук панжасин ҳўллаб,

Юзларига беради оро.

Қишлоқ борсам, кузда албатта,

Томдан тушиб келади туршак.

Тегирмоннинг ишин текширар,

"Суткулча" деб уринган элак.

Қишлоқ борсам сув ўти—парқу,

Гулқоқилар сариқ жойнамоз,

"Мен ҳам Сиз-ла шаҳар кетай,—деб

Отқулоғи бўлади қоғоз.

Қишлоқ борсам, синглим—сунбула

Ва отамнинг ковуши — қайиқ,

Шолизорлар тунда шивирлар:

"Сенсиз гуллаб чарчади тариқ!"

Қишлоқ борсам, ҳамма нарса шеър,

Куз ёмғири "ундов"га номзод.

Кўп ўйлайман: "Қишлоқ бўлмаса,

Қушлар қандай чиқарар қанот..."

Юрт

Отам боғин зар-ла суғордим,

Шамшодига тиктирдим чопон.

Куртак очган бодомзорларин,

Чимилдиққа кирит, Художон.

Гулзорига исмимни бердим,

Қақнусларин уйғотдим саҳар.

Олтин тожин кийган бошимким,

Осмон билан бўлди баробар.

—Бобом,—дедим, ҳар бир минорин,

—Онам,—дедим райҳонин, хаққо!

Қуш киприги бўлгач ашъорим,

Минг шукрким, қилмабман, хато.

Кўнглим билан тоғларин қўшиб,

Мўйқаламдан чиздирсам сурат.

Йўллар сувин чиқарган карвон,

Сўқмоғига қилди ибодат.

Уруғларин дуосин ёдлаб,

Пирлар билан бўлсам соябон,

Ваҳий ўқиб кетган қўшиқлар

Чилторларга очди дастурхон.

Гул ёғларин шимди зувала,

Серпуштликдан дарс ўтди тандир.

—Маъбуд,—дедим,—пойига тиз чўк,

Бу — Бухоро, Бухоро ахир!!!

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.