Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 42 дан: 24.05.2017

Сайёр қабул: Аксарият масалалар жойида ҳал этилди

Тоҳиржон ИСТАТОВ олган сурат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари вилоятимизнинг Бухоро шаҳри, Қоракўл, Ромитан, Шофиркон туманларида аҳоли билан сайёр учрашувлар ўтказди. Уч кун давом этган мулоқотларда воҳанинг барча ҳудудлари фуқароларининг вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки мамлакатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрда қабул қилинган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиш, унинг ҳақ-ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш,"халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган тамо¬йилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу дастуриламал ҳужжатга мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонаси аҳолининг мамлакат тарақ¬қиёти ҳамда фаровонлигига қаратилган таклифлари, айниқса, фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишда кенг имкониятлар яратди.

Жорий йилнинг 16 май кунига қадар Виртуал қабулхонага Бухоро вилояти фуқаролари, жумладан тадбиркорларидан жами 34 минг 201 та мурожаат келиб тушган. Бу мамлакат бўйича қилинган барча мурожаатларнинг 4,3 фоизини ташкил этмоқда. Уларнинг асосий қисми уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти, меҳнат ва бандлик, суд қарорлари ижро этилиши, судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик ишларининг кўрилиши, банк-молия ва солиққа тортиш, таълим, соғ¬лиқни сақлаш соҳалари, тадбиркорлик, коммунал хизматлар кўрсатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари ҳамда бошқа йўналишларга тааллуқлидир.

Мурожаатларни ўрганиш натижалари ҳокимликларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунчилик талабларига зид равишда фуқаролар ва юридик шахслар томонидан юборилган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаслик ва муаллифга жавоб бермаслик, сифатсиз ўрганиш каби ҳолатларга тизимли равишда йўл қўйиб келиш амалиёти давом этаётганлигини кўрсатмоқда.

Сайёр қабулларда аҳолини ташвишлантираётган барча масалалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Т.Худойбергенов, Президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш,жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати мутасаддилари, Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев ҳамда мурожаатларга ¬дахл¬дор республика турли вазирлик ва давлат идоралари вакиллари иштирокида кўриб чиқилди.

—Мен ҳовлимнинг бир қисмини нотурар жойга айлантириш орқали, бу ерда якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатиш борасида мурожаат қилган эдим,—¬дейди Бухоро шаҳридаги "Шайхон" маҳалла фуқаролар йиғини Дўлама қишлоғида яшовчи Зулфия Раҳматова.—Илтимосим инобатга олинди. Шу тариқа, оиламиз ўз турмуш фаровонлигини оширишда қўшимча имкониятга эга бўл¬моқда.

Қоракўл тумани, "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини, Саодат кўчасида яшовчи уч фарзанднинг онаси Шоҳиста Нурмаматова ўғли туғма хасталиги, юра олмаслиги, унга ногиронлик аравачаси ажратишларини сўраб мурожаат қилган. Эри оғир хасталикка чалинган бу аёлнинг турмуш шароити ҳам ночор.

—Мурожаатим ижобий ҳал этилгани учун Президентимизга раҳмат,—деди Шоҳиста Нурмаматова.—Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ногиронлик аравачаси етказиб берилди. Бундан ташқари ногирон болам учун маҳалладан моддий ёрдам ҳам оладиган бўлдим.

Вилоятда тадбиркорлик ривожланиб, иқтисодиётда сал¬моқли ўрин эгаллаб турибди. Вилоятнинг чекка Олот туманида кўплаб кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Улардан бири "Мамат Назар"ишлаб чиқариш корхонасидир.

—Мен аҳолига замонавий, кенг кўламли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мақсадида уч қаватли супермаркет қуришга киришган эдим,—дейди "Мамат Назар" корхонаси раҳбари Собир Назаров.—Аммо ¬молиявий маса¬лада қўлим калталик қилди. Кредит аж¬ра¬тилиши чўзилавергач, ишлар сустлашиб қолди. Шундан сўнг порталга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Бугунги қабулда ишим ҳал этилганини айтишди. Бугун-эрта "Микрокредитбанк" туман бўлими менга уч йил муддатга 12 фоизли 150 миллион сўм миқдорида кредит ажратади. Супермаркет ишга тушгач, салкам ўн киши иш билан таъминланади.

Шунингдек, кўп йиллар илгари ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса оқибатида ногирон бўлган, аммо суд қарори бўлса-да қурилиш ташкилоти томонидан товон пули ҳамда моддий ва маънавий зарар, жами 14,4 миллион сўм миқдордаги маблағни ололмаётган Ромитан туманилик Улуғбек Бақоев, газ таъминоти корхонаси томонидан унга қарийб икки миллион сўм ҳисобланган асоссиз қарз¬дорликни бартараф этолмаган Бухоро туманида яшовчи Моҳира Худоёрова ва бошқа фуқароларнинг муаммолари ўз ечимини топди.

Очиқ-ошкора муҳитда ўтган сайёр қабулларда 500 га яқин масала ва муаммолар муҳокама қилинди ҳамда уларнинг аксарияти қонунчилик талаблари асосида жойида ҳал этилди. Шу билан бирга қолганлари ечими бўйича тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.