Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 42 дан: 24.05.2017

*Матбуот анжумани

"Ипак ва зираворлар" фестивали қандай ўтади?

Кеча вилоят матбуот марказида Бухоро шаҳрида республикамиз барча ҳудудлари, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Венг¬рия, Ҳиндистон каби хорижий давлатларнинг ҳунармандлари, халқаро сайёҳлик ташкилотлари, Ўзбекистондаги чет эл дипломатик корпуси вакиллари, туризм масалалари билан шуғулланувчи олимлар, тадбиркорлар, вилоятимиз шаҳар ва туманлари, шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа вилоятлари фольклор-этнографик дасталари ва кўпдан-кўп туристлар иштирокида ўтадиган анъанавий ХVI "Ипак ва зираворлар" фестивалига бағишлаб, журналистлар учун анжуман ташкил этилди. Уни вилоят ҳокимлиги аппарати ахборот хизмати раҳбари Акбар Рустамов бошқариб борди.

Анжуманда сўзга чиққан вилоят ҳокимлиги аппарати котибият мудири, мазкур фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича фаолият кўрсатувчи доимий ташкилий қўмита котиби Ботир Норбоев вилоят ҳокимлиги раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят ҳудудий бошқармалари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ташкил эти¬лаётган ушбу тадбир дастури хусусида батафсил тўхталди.

Бухорони йирик туристик марказга айлантириш, миллий ҳунармандчилигимиз ва санъатимизни жаҳонда кенг тар¬ғиб қилиш мақсади кўзланган мазкур тадбир 26 май куни эрталаб фестиваль иштирокчиларининг Арк қалъаси олдидаги Регистон майдонидан Эски шаҳар кўчалари бўйлаб тантанали юриши билан бошланади. "Ипак ва зираворлар" фестивалининг очилиш маросими ва бадиий жамоаларнинг чиқишлари Нодирдевонбеги мадрасаси олдидаги майдонда бўлиб ўтади.

Лабиҳовуз мажмуасидан Тоқи Заргаронгача чўзилган расталарда маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар тайёрлаган халқ амалий санъати буюмлари ҳамда зираворларнинг савдо-ярмаркаси 3 кун давом этади. Фестиваль дои¬расида уста ҳунармандларнинг кулолчилик, миниатюра, мис кандакорлиги, каштачилик, гиламбофлик, зардўзлик, хаттотлик ва бошқа санъат турлари бўйича маҳорат мактаби намойишлари ўтказилади.

Шу куни оқшомда Кўкалдош мадрасасида таниқли модельерлар ва ёш дизайнерлар томонидан "Ўзбек ипаги — дунё нигоҳида" шоу-дас¬тури ташкил этилади. Фестиваль давомида Пойи Калон мажмуида ўзбек жанг санъати усталарининг кўргазмали чиқишлари ва миллий кураш мусобақалари, бошқа майдонларда эса халқ ўйинлари ўтказилади. 27 май куни Гавкушон мадрасасида моҳир ошпазларнинг "Палов сайли" кўрик-танлови бўлиб ўтади. Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуи марказида "Бухоро туристик эркин иқтисодий ҳудудини яратиш имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади.

Фестивалнинг маданий дастури ҳам ранг-баранг тадбирларга бой. Фольклор-этнографик дасталарининг чиқишлари шаҳарнинг бир неча майдонида ўтказилса, 27 май оқшомида Бухоро санъат коллежи ва вилоят мусиқали драма театри халқ чолғу асбоблари оркестри Нодирдевонбеги хонақоси олдидаги майдонда концерт дастурини намойиш этади. Ўзбек миллий фильмлари намойиши нафақат бухороликлар, балки чет эллик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотиши аниқ.

Бу йил фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими, ғолибларни тақдирлаш ҳамда вилоятимиз ва республикамиз пойтахти таниқли санъаткорлари гала-концерти қадимий Арк қалъаси олдидаги майдонда 5 минг нафар томошабин ва меҳмонлар иштирокида ўтказилади. Хуллас, анъанавий ХVI "Ипак ва зираворлар" халқаро фестивали амалий санъат усталари ҳамда туризм соҳаси мутахассислари, минглаб бухороликлар ва сайёҳлар учун катта байрамга айланади.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган кўпгина саволларга жавоб олдилар.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.