Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 41 дан: 20.05.2017

*Мулоҳаза

"Кўп маош олишни истайман, хизматимда бўлсин олтин балиқ ҳам..."

Газетамизнинг ўтган сонларида "Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ келажак сари" лойиҳаси доирасида Когон шаҳри ва тумани уюшмаган ёшлари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганишга доир ижтимоий сўровнома ўтказилгани ҳақида хабардор қилган эдик. Сўровномада ҳудуднинг қарийб 50 нафарга яқин ўғил-қизлари қатнашиб, уларнинг 25 нафари ўзининг муаммоси сифатида бандлик масаласини маълум қилган эди. Мазкур масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш учун сўровнома варақалари вилоят меҳнат бош бошқармасига юборилди.

Бироқ... бошқарманинг ушбу масала натижалари бўйича таҳририятимизга йўллаган 03/2368-сонли хати бизни ¬бироз ўйлантириб қўйди. Тўғрироғи, ¬ҳафсаламизни пир қилди. Қайд этилишича, ташкилот вакиллари томонидан ёшларга таклиф қилинган бўш иш ўринларини сўровномада қатнашган 25 нафар иштирокчининг 24 нафари рад этган. Нега дерсиз?! Саволга хатда келтирилган қуйидаги изоҳлар орқали жавоб берамиз:

"Фуқаро Ф. Нутфуллаевнинг (исм фамилияси ўзгартирилган) маълумоти олий. 2016 йил БухДУни иқтисодиёт йўналиши бўйича тамомлаган. Унга банд¬ликка кўмаклашиш маркази Когон туман бўлими томонидан Халқ банкининг Когон шаҳар бўлимида кассир ҳамда "Ўзагросуғурта" ДАСКда суғурта агенти вазифалари таклиф қилинганда ойлик маоши камлиги ва иш жуда тиғизлигини айтиб, иш ўринларини рад этган.

Фуқаро П. Шоҳназаровнинг (исм фамилияси ўзгартирилган) маълумоти ўрта махсус. Когон саноат ва транспорт коллежини тугатган. Когон туман бандликка кўмаклашиш марказига таклиф этилган ва марказда мавжуд бўш иш ўринлари билан таништирилган. Унга "Бухоропарранда" АЖ ҳамда Бухоро темирбетон буюмлари корхоналарида ишчи вазифалари таклиф қилинганда рад жавобини берган. Бухоро темир йўл узелининг бирор бир бўлинмасида ишлаш истаги борлигини айтган.

Фуқаро Қ. Жумаев (исм фамилияси ўзгартирилган) ўрта махсус маълумотга эга. Унга Когон туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан Бухоро иҳота дарахтларини ўтқазиш ва қўриқлаш бош¬қармасида ҳамда "Капитал строй" МЧЖда ишчи вазифалари таклиф этилганда ойлик-маоши қаноатлантирмаганлиги сабабли рад этган. Бир ярим миллион сўм иш ҳақи тўланадиган ташкилотда ишлаш истагини билдирган..."

Қизиқ. Бугун бўш иш ўринлари мавжуд бўлишига қарамай, ёшларнинг асосий қисми ишсизлик муаммосидан нолийверади. Тўғри, яхши маош олиб ишлашни ҳамма ҳам хоҳлайди. Қайси касбни танлаш ҳар кимнинг ўз ихтиёри. Лекин ҳар бир нарсага босқичма-бос¬қич эришилиши, нарвоннинг энг юқорисига кўтарилиш учун ўртадаги поғоналарни босиб ўтиш зарурлиги ҳақида кўпинча унутиб қўйишади. Касбий фаолиятда юқори ўрин эгаллаш, демакки, катта маош олиш учун мутахассислик дипломию шахсий фазилатларнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун аввало амалий тажриба, қолаверса, мунтазам ўз устида шуғулланиш тақозо этилади. Биз бу билан юртимизда банд¬лик масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ, дейишдан бутунлай йироқмиз. Лекин омад ҳам, даромад ҳам аввало меҳнатни севган, уни қадрлаган инсоннинг ортидан эргашади.

Бугун коллежни битириб, имтиёзли кредит орқали ўз тадбиркорлик фаолия¬тини бошлаган ёки касбининг моҳир устаси сифатида жамиятимизнинг фаол аъзосига айланган ёшлар жуда кўп. Масалан, 2012 йил Бухоро иқтисодиёт ва банк коллежини тамомлаган Муҳаммаджон Солиев "Савдогарбанк"нинг вилоят филиалидан 9 миллион сўм кредит олиб, бу маблағга мева қуритиш аппарати сотиб олди ва лавлаги, олма, узум, ўрик, сабзи сингари мева-сабзавотларни қуритиб сотишни йўлга қўйди. Тўғри, унинг иши дабдурустдан ривожланиб кетгани йўқ. Ўзига яраша моддий ва маънавий қийинчиликларга ҳам дуч келди.

—Бироқ ҳар қандай машаққатни тинимсиз изланиш ва меҳнат орқали енгишнинг имкони бор. Ҳозирга қадар яна уч марта кредит олиб, замонавий дастгоҳлар харид қилдим. Тадбиркорлик фаолиятим доираси кенгайиб боряпти. Самарқанднинг "Софиа Стар" корхонасига буюртма асосида сабзи ва лавлагили мармелад ҳамда қуритилган сабзи етказиб беряпман. Бу ишга оила аъзоларимни ҳам жалб қилганман—дейди Муҳаммаджон биз билан суҳбатда.

Бу каби мисоллар жуда кўп. Нима демоқчимиз? Излаган имкон, меҳнат қилган роҳат топаяпти. Модомики, давлат томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари битирувчиларга маъқул келмас экан, улар учун ажратилаётган имтиёзли банк кредити олиб, ўзи истагандай тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, ё бўлмаса, хорижий тилларни, компьютерда ишлашни мукаммал ўрганиб, ўз келажаги учун сармоя ҳозирлаши мумкин.

Ёшларимизнинг юқорида келтирилган рад жавоблари уларга хос хархаша, эркалик бўлиб туюлди менга. "Олтин балиқ" ҳақидаги эртак ёдимга келди. Тешик тоғорадан бошланган машмаша ҳар сафар кампир чолини қайта-қайта янги талаблар билан денгиз бўйига жўнатиши билан давом этади. Балиқчи чол эса "Олтин балиқ, ҳолимга ачин" деганча, кампирининг бемаъни тилакларини санашдан чарчайди. Аввалига тоғора, кейин ҳашаматли уй, кунгирадор сарой, сўнгра бекалик, хонзодалик талаби, охирида эса "Подшоҳ хотин" бўлиш истаги ва ҳаттоки "Хизматимда бўлсин олтин балиқ ҳам" дея қилган хитоби...

Қадрли ёшлар! Унутмангки, иқтидорли, меҳнаткаш, изланувчан ходим ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди. Иш жараёнида ўз иқтидорингизни намойиш эта олсангиз, изланишдан тўхтамай, тинимсиз меҳнат қилсангиз, буни албатта атрофдагилар сезишади. Секин-асталик билан юқори маошли ва обрўли ишни топишингиз мумкин. Бунинг учун эса ҳаракатни бугундан, ҳозирдан бошлаш керак. Зеро, биринчи қадам ташлангандагина янги марралар учун йўл очилади.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири. Ушбу материал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари билан молиялаштирилган "Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ келажак сари" лойиҳаси доирасида тайёрланди.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.