Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 41 дан: 20.05.2017

"Ипак ва зираворлар" фестивали олдидан

Йигирма йил сарҳисоби

Бундан салкам чорак аср муқаддам, яъни 1997 йилнинг 31 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқ бадиий ҳунармандчи¬лигини ва амалий санъатини ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қув¬ватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинган эди. Ўз навбатида ушбу фармон миллий амалий санъатимизнинг бундан кейинги тараққиёти йўлида улкан аҳамиятга молик бўлди. Айни шу ҳуқуқий ҳужжат шарофати билан юртимиз ҳунар¬мандлари даромад солиғидан, ўз маҳсулотларининг хорижга экспорти бўйича барча божхона тўловларидан озод этилди. Шунингдек, уларга ўз ижодий ишларига эркин нарх белгилаш ҳуқуқи берилди.

Мазкур фармон қабул қилингандан кўп фурсат ўтмай, вилоятимизда республика "Ҳунарманд" уюшмасининг ҳудудий бўлими ташкил этилди. Унинг энг биринчи вазифаси, устувор йўналиши эса воҳадаги барча қўли гул усталарни ўз атрофида бирлаштириш эди. Шу йўсин "уста-шогирд" мактаблари фаолия¬ти йўлга қўйилди. Улар қаторида "Совға" зардўзлик, "Ғиждувон кулолчилик", "Шофиркон каштачилик", "Вобкент ҳунармандчилик", "Бухоро кандакорлиги" марказларини тилга олиш мумкин. Бугунги кунда вилоятда бундай мактаблар сони 55 тага етган. Уларда 1500 нафардан зиёд ёшлар амалий санъат сирларини ўрганяпти.

Айни пайтда вилоят бўйича 1200 киши уюшмага аъзо. Эътиборлиси, уларнинг ярмидан кўпи хотин-қизлардир. Ўз навбатида бухоролик ҳунармандлар доимий равишда мамлакат ва халқаро миқёсдаги турли кўргазма ва кўрик-танловларда фаол қатнашишяпти. "Ташаббус", "Ёш ижодкорлар", "Уста-шогирд", "Қўли гул ўзбек аёли", "Ўзбекистон халқ амалий санъати — дунё нигоҳида", "Ёш кулол", "Ипак ва зираворлар", "Атлас байрами фестивали", "Ёш тадбиркор — юртга мададкор", "Менинг бизнес ғоям" кабилар шулар сирасидандир.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда Бухоро ҳунармандлари чет элларда ўтадиган фестивалларда, санъат ҳафталикларида ҳам муносиб иштирок этишмоқда. Ўз шахсий кўргазмаларини ташкил қилиб, хорижлик мутахассису санъат шинавандаларининг олқишига сазовор бўлишяпти. Шу тариқа вакилларимиз ҳозирга қадар 100 дан ортиқ давлатда бўлиб, миллий маданиятимиз, санъатимизни чет элликларга таништириш, тарғиб этишдек шарафли ишга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

Умуман, Бухоро ҳунармандчилиги довруғини ёяётганлар орасида уста кулол Алишер Нарзуллаев, заргар Алишер Ҳайдаров, зардўз Маҳфуза Салимова, шунингдек, Кубаро Бобоева, Зуҳро Облобердиева, ¬Шавкат Ғуломов, Муқаддас Жумаева, Николай Анисимов ва бошқаларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Вилоятдошларимиздан беш нафари БМТ ҳамда ЮНЕСКОнинг "Халқаро миқёсдаги уста", ўттиз беш нафари эса сифат сертификатларига эгалиги ҳам эътиборга лойиқ. Шунинг¬дек, ўндан ортиқ устамиз "Сифат учун Олтин юлдуз" халқаро сертификатига муносиб кўрилган.

Ўз навбатида бухоролик ҳунармандларнинг ижодий изланишлари, жонбозлиги, ёш авлодни миллий анъаналарга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш билан боғлиқ шарафли меҳнати давлатимизнинг доимий эътиборида турибди. Вилоятдошимиз, моҳир зардўз Муяссар Темированинг диёримиз аёллари ичида биринчи бўлиб "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонига лойиқ топилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Бухоро кулолчилик мактаби равнақига салмоқли улуш қўшаётган А. Нарзуллаев эса "Ўзбекистон халқ устаси", Ўзбекистон Бадиий академияси академиги фахрий унвонлари соҳибидир. Бундан таш¬қари, темирчи уста Шокир Камолов, кандакор Раҳмат Фатуллоевлар "Дўстлик", наққош, мусаввир Ориф Қодиров "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.

Мустақил давлатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам республикамиз ҳунармандлари ҳақида бежизга қуйидагиларни таъкидламаган эди:

"Бетакрор нақшлар, нафис ва сержило рангтасвирларга боқиб, халқ¬ларимиз заковати, ижодкорлик салоҳия¬ти қайтадан уйғонаётганига амин бўлдим. Сизнинг моҳир қўлларингиз билан дунёга келган санъат дурдоналарига боқиб, биз – буюк халқ фарзандлари, буюк миллат ворислари эканлигимизга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.

Замонлар ўтаверади, аммо халқ тафаккури бўлган мўъжизалар абадий қолади".

Таъкидлаш жоизки, бухоролик ҳунармандлар фаолиятида айни шу фикрларнинг амалий ифодасини кўриш мумкин.

Дарвоқе, яқинда республика "Ҳунарманд" уюшмаси ташкил топганининг 20 йиллиги муносабати билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Уюшманинг вилоят бўлими томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда халқ усталари, таниқли ҳунар¬манд¬лар қатнашиб, истиқболдаги режаларни белгилаб олдилар.

Бахшулло ЖУМАЕВ, республика "Ҳунарманд" ¬уюшмасининг вилоят бўлими бадиий кенгаши раиси.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.