Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 38 дан: 10.05.2017

Ўзгаришлар халқ манфаатларига хизмат қилади

Бухоро шаҳридаги "Дилкушо" деҳқон бозори хусусида айрим ¬хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга муносабат

Аввалги "Дилкушо" деҳқон бозоридаги савдо нуқталари ана шундай кўримсиз бинолардан ўрин олган эди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот аввало аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ¬турмуш даражасини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Айниқса, Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг шу йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётини юксалтириш, аҳолига қулай турмуш шароитларини яратиш борасида янги даврни бошлаб берди.

Давлатимиз раҳбарининг ташриф давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида 2017-2021 йилларга мўлжалланган, шаҳарсозлик, саноат, кичик бизнес, транспорт, қурилиш индус¬трияси, қишлоқ хўжалиги, туризм, фан, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга оид, умумий қиймати 3 триллион сўмдан ортиқ 4,5 мингта лойиҳа ишлаб чиқилиб, бу мақсадлар учун жорий йилнинг ўзидаёқ банклар, хорижий инвесторлар ҳамда ишбилармонлар ҳисобидан 1 триллион 32 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Ана шундай йирик лойиҳалардан бири сифатида 2017-2019 йилларда вилоятимиздаги барча деҳқон бозорларининг қайта реконструкция қилиниб, уларда замонавий савдо мажмуалари бунёд этилишини кўрсатиш мумкин.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги ПҚ-2853-сонли "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дас¬турини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори юзасидан вилоят ҳокимининг 2017 йил 31 март¬даги 185-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорлар харидорлар учун қулай шароитлар яратиш, савдони ташкил этиш соҳасида замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатишнинг илғор тажрибаси ва юксак маданиятини кенг тарғиб қилиш, мавжуд деҳқон бозорларини мукаммал реконструкция қилиш сингари эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган.

Мазкур қарор асосида 2017 йилда Бухоро шаҳридаги "Дилкушо", "Марказий деҳқон бозори", Когон шаҳридаги "Соҳибкор", Ғиждувон туманидаги "Ғиждувон" деҳқон бозорлари, 2018 йилда эса Бухоро шаҳридаги "Шарқ", Когон шаҳридаги "Саховат", Ғиждувон туманидаги "Зафар¬обод", Бухоро туманидаги "Гала Осиё деҳқон¬обод", Пешкў туманидаги "Пешкў-Навоий", шунингдек, Олот, Вобкент, Жондор, Шофиркон, Қоровулбозор деҳқон бозорлари, 2019 йилда Бухоро шаҳридаги "Тўқимачи" ҳамда Қоракўл ва Ромитан деҳқон бозорлари реконструкция қилинади.

Бозорларнинг ҳар бирида турли типдаги замонавий супермаркетлар қурилади.

Ушбу қарор асосида айни пайтда Бухоро шаҳридаги йирик савдо мажмуаларидан бири ҳисобланган "Дилкушо" деҳқон бозори капитал ре¬кон¬с¬трукция ва қайта қурилиши кўзда тутилган.

Ўтган асрнинг 70-йилларида барпо этилган бозор ҳам меъморий ечим, ҳам аҳоли хавфсизлиги, ҳам санитария нуқтаи назаридан бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бера олмай қолган эди.

Бундан ташқари, бозор атрофидаги расталар, ноқонуний қурилмаларнинг кўплиги, уларнинг режасиз жойлаштирилганлиги харидорлар ҳаракатланишида кўпгина ноқулайликлар туғдирарди.

Айни ушбу омиллар туфайли бозор фаолиятини бугунги замон стандартларига мос тарзда қайта ташкил этиш эҳтиёжи туғилди.

Бу борада янги кўринишдаги бозор ҳудуди аниқланиб, унинг лойиҳаси бир неча вариантларда ишлаб чиқилиб, улар орасида энг мақбули тасдиқланади.

Қарорда бозор қурилиши учун ҳудудлар тайёрланиши ҳамда бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши кўрсатиб ўтилган.

Бунда савдо дўкони биносига эгалик ҳуқуқи мавжуд тадбиркорлар тегишли ҳужжатларини вилоят ҳокимининг 2017 йил 31 мартдаги қарори асосида тузилган ҳудудий ишчи комиссиясига тақдим этган тақдирда уларга янгидан қуриладиган бозор ҳудудидан тенг ҳажмда жой ажратиб берилади.

Бир сўз билан айтганда, бозор ҳудуди ва унга туташ майдонларда амалга оширилаётган капитал реконструкция ва қайта қуриш ишлари аввало Бухоро шаҳри аҳолиси учун қулай ва замонавий бозор барпо этиш, уларга сифатли сервис хизмати кўрсатиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш мақсадларига йўналтирилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бир неча минг йиллик тарихга эга Бухоро шаҳри бетакрор меъморий обидалари билан жаҳондаги сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда.

Жаҳон иқтисодиётида тобора юқори салоҳият касб этиб бораётган туризм равнақи эса нафақат томошабоп жойларнинг кўплиги, қолаверса, сервис сифатининг даражасига ҳам боғлиқдир.

Бухородек қадим ва навқирон, асрий анъаналарга эга масканда эса бундай аҳволдаги бозорнинг борлиги ҳам анчайин ташвишли ҳол эди.

Замонавий ва миллий меъморчилик услублари асосида қад ростлайдиган, Шарқ ва Ғарб савдо анъаналарини ўзида мужассам эта оладиган янги бозор эса ҳудудда сайёҳликни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этиши кўзда тутилмоқда.

Умуман, Бухоро шаҳрини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, шаҳар қиёфасини тубдан янгилаш ва бу орқали аҳолига қулай турмуш шароитларини яратиш билан биргаликда сайёҳларга сервис хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш борасида улкан ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Вилоятда сайёҳлик салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида Бухоро шаҳрининг эски шаҳар ҳудудида 10 гектар майдонда жойлашган янги туристик марказ яратилади. Янги сайёҳлик инфратузилмалари ташкил этилади. Замонавий меҳмонхоналар қурилади, тарихий обидалар таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилади.

Бухоро қадимий бозорлари қайта тикланиб, эски шаҳар ҳудудида кечки сайр имконияти яратилади, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва тунги дастурлар намойиш қилинади.

Шунингдек, шаҳарда йўл-транспорт инфратузилмаси тизимини такомиллаштириш мақсадида 80,2 километр узунликдаги йўлларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, кичик ва катта ҳалқа йўлларини барпо этиш ишлари амалга оширилади.

Шаҳар ҳудудида кенг кўламли ободончилик тадбирлари, кўп қаватли турар-жой бинолари, универсал спорт мажмуаси қурилиши ишларининг амалга оширилиши ҳам шаҳар чиройига кўрк қўшиш баробарида аҳолини иш билан таъминлаш, улар турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, юқорида қайд этилган саъй-ҳаракатлар ва истиқболдаги дастурларнинг амалга оширилиши юртдошларимизнинг бевосита қўллаб-қувватлашларига ҳам боғлиқдир.

Зеро, шаҳримиз кўркига-кўрк қўшишни истамаган юртдошларимиз бўлмаса керак.

Вилоят ҳокимлиги аппарати ахборот хизмати.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.