Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 36 дан: 03.05.2017

*Инсон ва қонун

"Депортмисиз... тўланг, жўнатамиз!"

Чет давлатда бўлиш тартиб-қоидасини бузганлик учун бу мамлакатдан чиқариб юборилиш, яъни депортация тушунчасидан айни кунда мусофирчилик қийинчиликларини кўрганлар яхшигина хабардор. Бир неча йил Россияга қатнаб, қурилишда ишлаган Нодир ҳам ана шу тоифадан. 2015 йил январида унга нисбатан ҳам худди шундай тақиқ қўлланилган. Аммо вазият тақозосига кўра ёхуд қандай қилиб бўлмасин, у хорижга чиқиши шарт эди. Хўш, нима қилиш керак ? Муаммо бир йил ўтиб ҳал бўладиган кўринди. Бунинг учун эса ўзи "Карвон" буюм бозорида танишган "ҳожатбарор"лардан бири Разия Рахимовага 1200 АҚШ долларини қуртдай санаб берса кифоя экан.

—Тошкентдан поездда, агар бу иш битмаса, автобус ёки енгил автомашинада кузатиб қўядиган танишларим бор, Қозоғистон орқали айланма йўллар билан айтган манзилингизга элтиб қўйишади,—деди "мижози"ни қўлдан чиқаришни истамаган Разия.—Қолаверса, чет элда вақтинчалик ишлаш ҳуқуқини берувчи уч ойлик рухсатноманинг ҳам ташвишини қилмайсиз.

Бу гапга ишониш-ишонмаслигини билмай турган Нодирнинг қулоғига: "Россия давлатига кириш жойидаги баъзи божхоначилар ҳам бегона эмас, чегарадан олиб ўтишади" дея шипшитиб қўйди опахон. Аммо шунча пулни топишнинг ўзи бўладими? Бегона юрт¬да бу харажатнинг ўрнини тўлдириш азобини айтмайсизми?..

Орадан икки-уч кун ўтиб, Нодир "Карвон" буюм бозори яқинидаги автотураргоҳга келиб, Разия Рахимова билан гавжум ошхоналардан бирида учрашди.

—Эртага пойтахт сафарига ¬отланинг,—деди 1200 АҚШ долларини чаққонлик билан санаб чўнтагига сол¬ган "ҳо¬жатбарор" аёл қандайдир қўл телефони рақамларини айтганича.—"Тошкент-Москва" йўналишидаги поездга чип¬та оласиз, бу ёғи йўл назоратчилари ва божхоначилар билан келишилган.

Хом сут эмган банданинг қўлига кишан тушишидан олдин айтган сўзлари шу бўлди. Ҳаммасига иқрор бўлишидан бошқа чораси қолмаган Разия пойтахтдаги ҳамтовоғи номини яширмади. Ахир, шеригининг қўлига пул бориб етмаса, "мижоз"ига берган ваъдаси бир чақага арзирмиди. Нодир Разия Рахимованинг айтганини қилди. Тошкентга етиб бориб, Алёна Агибаева билан сим орқали боғланганида энди Акрам деган "воситачи"нинг уяли телефони рақамларини айтиб, унга учрашишни тайинлади.

—Москва поездига чипта қолмади,—дея гўшакда мақсадга кўчди Акрам дегани ҳам.—Алёнанинг ўзи билан гаплашинг.

Жиноят устида қўлга олинган А. Агибаеванинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Аслида биргина хатти-ҳаракати билан у 1100 АҚШ долларини "ҳазм" қилмоқчи эди. Ҳайрон бўлманг, унга "мижоз" топиб берган бухоролик аёлнинг "хизмат ҳақи" бу ишда атиги 100 АҚШ доллари экан.

Бировни алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш билан унинг мол-мул¬кини ўзлаштириш, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб моддий ҳақ олиш—товламачилик ва фирибгарликдир. Бунинг номини бир сўз билан ифодалаганда—порахўрлик. Разия Рахимова ҳамда Алёна Агибаевалар депорт бўлган фуқарони чув тушириш учун уни гўёки Қозо¬ғистон Республикасига ва у ердан чегара постида турадиган мансабдор шахсга пора тариқасида пул бериш орқали Россия Федерацияси ҳудудига киритишда кўмаклашишни айтиб, лаққа туширдилар.

Ўзбекистон Республикаси ¬Жиноят кодексининг бир неча моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилган Разия Рахимова ҳамда Алёна Агибаеваларнинг ҳар бирига нисбатан узил-кесил, энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари, яъни 13 миллион 24 минг сўм миқдорида жарима жазоси та¬йинланди.

З.ШЕРОВ, жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди ¬судьяси. У.ТОЖИЕВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.