Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 31 дан: 15.04.2017

Ёшларга оид ҳар бир масала долзарб

Бугун ҳаётимизни, оилалардаги маънавий муҳит ва фарзандлар тарбиясини маҳалладан айро тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис маҳалла нафақат фуқаролик жамиятининг институти, балки жамоатчилик назоратининг энг муҳим бўғини ҳамдир. Ёшларни иш билан таъминлаш, уларни жамиятга керакли шахс этиб тарбиялаш ҳам маҳалла фаолларининг муҳим вазифаларидан. Зеро, қайси маҳаллада сиёсий, тарбиявий ва маънавий аҳамиятга эга ишлар тўғри ташкил этилган бўлса, фуқаролар, айниқса, ёшлар билан яқин ҳамкор¬лик муҳити юзага келади. Акс ҳолда жамиятимизнинг оғриқли нуқталари, муаммолари ҳал этилмай қолиб кетаверади...

"Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ келажак сари" лойиҳаси доирасида "Ёшлар билан мулоқот" мавзусида Когон шаҳри ва Когон туманида бўлиб, ўғил-қизлар орасида учраётган баъзи салбий ҳолатларнинг юзага келиш сабабларини изладик. Ўрганишимиз давомида ҳудуднинг 50 нафарга яқин уюшмаган ёшлари билан ижтимоий сўровнома ўтказдик.

Мулоқотимиз мавзуси маҳалла, айниқса, унинг ҳузурида ташкил этилган тўгараклар фаолиятига бориб тақалди. "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Когон шаҳар бўлимига мурожаат қилганимизда бўлим масъуллари тўгараклар фаолияти энг яхши йўлга қўйилган маҳалла дея шаҳардаги Бобур МФЙни қайд этишди.

Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида бўлганимизда йиғин маслаҳатчиси бизни ҳудудда жойлашган Баркамол авлод болалар ижодиёт марказига олиб борди. Марказга ҳудуддаги 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган навқирон авлод вакиллари жалб этилган. Эътиборли жиҳати, муассасада 85 нафар кам таъминланган оила фарзандларининг машғулотларда бепул иштирок этиши учун шароитлар яратилган. Маслаҳатчидан 16 ёшдан юқори бўлган ёшлар учун ҳам маҳалла ҳузурида тўгараклар ташкил қилинганми, дея сўраганимизда у бизни шу бинода фаолият олиб бораётган Малика Раупова раҳбарлигидаги тикув цехига бошлаб борди. Тикувчилик ҳунарини ўргатиш учун барча шароитлар яратилган хонада цех раҳбарию бир-икки нафар мижоздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Қисқача айтганда, ўргатувчи бору ўрганувчи йўқ.

—Илгари цехимиз уста-шогирд анъанаси асосида ҳунар ўрганаётган хотин-қизлар ва ишчи ходимлар билан гавжум эди,—дея гап бошлади цех раҳбари бекор турган ўндан ортиқ замонавий тикув машиналарини кўрсатиб.—Буюртмалар ҳам, топиш-тутиш ҳам, шогирд қизларнинг ҳунар тўгарагидаги иштироки ҳам рисоладагидек бўларди. Ўтган ўқув йили арафасида мактаб ўқувчиларининг махсус либосини тикиш бўйича буюртма қабул қилиб, бор маблағ ва меҳнатимизни ушбу буюртмани бажаришга сарфладик. Аммо маҳсулотни сотишга келганда на таълим муассасаси, на маҳалла мутасаддилари бизга кўмаклашишди. Маҳсулотларимиз туриб қолди. Оқи¬батда тадбиркорлик фао¬лиятимизда силжиш бўлмади.

Цех раҳбарининг куйиниб гапиришидан шуни англадикки, натижада иш ҳам, уста-шогирд анъанаси бўйича фаолият юритаётган тўгарак ҳам тўхтаб қолган. Фаолиятни давом эттириш учун кредит олишга ҳаракат қилган тадбиркорга қўл-қанот бўладиган мутасадди ташкилот топилмаган.

Тадбиркорларга давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилаётган бир пайт¬да цех раҳбарининг муаммолар қуршовида қолгани бизни ажаблантирди.

"Бу борада банкларга мурожаат қилмадингизми?", деб сўраймиз цех раҳбаридан.

—Ҳа, банкка мурожаат қилдим. Бироқ гаровга қўйиладиган мулким бўлмаганлиги сабабли кредит ажратилмади. Кафил бўладиган бирор шахс ёки муассаса топилмади, — дея куюниб, муаммоларни санай кетди опа.

Маълумки, ҳар бир маҳалла қошида Тадбиркорлик фао¬лияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссия тузилган. Тадбиркорликка қизиққан фуқароларга услубий ёр¬дам кўрсатиш мазкур ¬комиссия зиммасида. "Маҳалладаги ўн нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш, фаолиятни бундан-да кенгайтиришга қурбим етади", деб таъкидлаётган тадбиркорнинг мушкулини осон қилиш, уни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш ўрнига, маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари корхона фаолияти бутунлай тўхташини лоқайдгина кузатиб тургани кишини ҳайрон қолдиради.

Когон туманидаги "Сараён" ҚФЙ ҳузурида ташкил этилган ёшларни касбга ўргатиш марказида ҳам шунга ўхшаш ҳолатни кузатдик. Марказ раҳбари Феруза Ёдгорова ҳудуддаги ёшларга тўқиш, қуроқ тикиш, сартарошлик ҳунарларини ўргатиб кел-япти. Аммо мазкур марказдаги санитария талабларига жавоб бермайдиган шароитлар таъбимизни хира қилди. Торгина хонанинг бир бурчида сартарошлик буюмлари, иккинчи бурчида тикувчилик, қуроқчилик учун қийқим матолар пол устида ётарди. Сабабини сўраганимизда, "Керакли жиҳозларни сотиб олишга имкониятим етмайди, қишлоғимиз хотин-қизларининг илтимоси билан баҳоли қудрат уларга шу ерда ҳунар ўргатишга ҳаракат қиляпман. Маҳалла шу хонани ажратиб берди ва ижара ҳақидан озод қилди", дея жавоб берди у.

Тўғри, кўплаб маҳаллаларда касб-ҳунар, айниқса, спорт тўгараклари самарали фаолият кўрсатяпти. Ҳаттоки, бу машғулотлар ёшларимизнинг ютуқларга эришишида дастлабки пиллапоя вазифасини ўтамоқда. Ўрганишларимиз давомида Когон шаҳар Аб-дулла Қодирий МФЙ ҳузуридаги кикбоксинг спорт тўгараги, Когон тумани "Сараён" МФЙдаги "Шердор" спорт клу¬би, "Чолоки" МФЙда ташкил этилган қуроқчилик, тўқувчилик тўгаракларининг қизғин фаолиятидан қувондик.

Бироқ баъзи жойларда бу борадаги ишлар тизимли ташкил этилмаганини кузатиш мумкин. Когон шаҳридаги "Туркистон" МФЙга ташрифимиз давомида маҳалла мутасаддиларининг бу масалага ўта лоқайд муносабати бизни ранжитди. Йиғин раиси спорт тўгараклари хусусида берган саволимизга иддао билан столининг ғаладонидан битта шашка тахтасию уч-тўртта шашка доналарини кўрсатиб изоҳ берган бўлди. Наҳот бутун бошли маҳалла ёшлари бўш вақтини ана шу биргина шашка тахтаси билан мазмунли ўтказиши мумкин бўлса, деб ўйлаб қолдик.

Ҳақ гапнинг заҳри бўлмайди, деганларидек, биз кўрганларимизни борича қоғозга туширдик. Мақсадимиз маҳаллалар фаолиятини танқид қилиш ёки уларни қоралаш эмас, балки бу масалаларга эътиборни янада кучайтиришдан иборат. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши лозим".

Лойиҳа координаторлари. Ушбу материал "Бухоронома" газетасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ келажак сари" лойиҳаси доирасида тайёрланди.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.