Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 30 дан: 12.04.2017

*Эътибордаги мавзу

Ибратли маҳалланинг ибратли ишлари

Маҳалла ўзини ўзи бошқариш органларининг энг ёрқин кўриниши.Айни пайтда фуқаролик жамия¬тининг асоси ва таянчи, деб тан олинганлиги билан юксак мавқега эга. Жамият ривожи учун муҳим тамойиллардан ҳисобланган ислоҳотларни амалга ошириш,тадбиркорликни рағбатлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, одамларнинг моддий фаровонлигини ошириш ва аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш каби масалалар маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан ҳал этилиши лозим бўлган вазифалардандир. Айни шу борада Жондор туманидаги "Жондор" маҳалла фуқаролар йиғини фао¬лияти мақтовга лойиқ. Йиғиннинг ҳар бир куни замон нафасига йўғрилган десак хато бўлмас. Йиғин сардори Сухроб Атоев эса энг ёш маҳалла раисларидан. У 2015 йилда "Энг намунали фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари" кўрик-танлови республика босқичида иштирок этиб, "Энг ёш маҳалла раиси" номинацияси ғолиби бўлганди.

"Жондор" маҳалла фуқаролар йиғинидамиз. Йиғиннинг замонавий услубда қад ростлаган шинам, озода биносига бирин-кетин кириб келаётган ўн чоғли қиз эътиборимизни тортди.

—Ҳафтада икки марта маҳалла кутубхонасига келамиз,—дейди ўзини Дилдора Мақсудова деб таништирган қиз.—Бу ерда дугоналарим билан мириқиб бадиий китоб¬лар ўқиймиз, газета-журналларни мутолаа қиламиз. Кутубхонада 500дан ортиқ бадиий китоблар мавжуд. Лотин алифбосида чоп этилган адабиётлар борлиги айни кўнглимиздаги ишдир.

Дарҳақиқат, маҳалла қошида ташкил этилган мазкур кутубхона ҳудуд ёшларининг бўш вақтларида ошиқадиган севимли масканига айланган.

—Маҳалла фуқаролар йиғинимизда 2890 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади,—дейди йиғин раиси.—Иккита— Жондор ва Манқуфи қишлоқлари бизга тегишли. Ҳудудда 500 нафарга яқин вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар бўйича профилактика ишларини кучайтириш мақсадида олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз ўз натижасини бераётир. Йиғинимизда вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маънавият ва маърифат, хотин-қизлар билан ишлаш, яраштириш каби асосий фаолият йўналишлари бўйича 9 та комиссия ташкил этилгани ҳудудда ижти¬моий муҳит бар¬қарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, ёш авлод ўртасида маънавий-тарбиявий ишларнинг самарадорлигини оширишда вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари комиссиясининг салмоқли ўр¬ни бор. Комиссиянинг мақсади болаларни спортга ошно этиш, соғ¬лом турмуш тарзини тарғиб қилиш, қолаверса, маҳаллаларда истиқомат қилаётган болалар ва ўсмирлар орасидан иқтидорлиларни саралаш ва тарбиялашдан иборат. Асосийси, ёшларнинг назоратсиз қолиши ва турли ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олди олинмоқда. 2011 йилдан буён ҳудудда биронта ҳам жиноят содир этилмаганлиги бунинг далилидир. 2013 йилдан ҳозирга қадар ҳудудда биронта оилавий ажрим ҳам қайд этилмаган. Айни чоғда маҳалламиздаги вояга етмаганларнинг 65 фоизи дарслардан бўш пайтларда миллий ҳунармандчилик, спорт, мусиқа билан шуғулланади, турли тўгаракларга жалб қилинган.

Тадбиркор Шерали Исматов ҳомийлигида маҳалла ҳузурида спорт шаҳарчаси ташкил этилмоқда. Мини футбол, волейбол майдончаси ва теннис корти қурилиши ишлари бошлаб юборилди. Қурилиш ишлари август ойи охирида якунига етиб, Мустақиллик байрамига ёшлар учун туҳфа бўлади. Яна бир тадбиркоримиз Ражаб Худоев "Жондор чинор" корхонаси раҳбари. У бошчилик қилаётган меҳнат жамоаси етти хазинанинг бири бўлган паррандачиликни ривожлантириш борасида дадил қадамлар ташлаяпти. 250 иш ўрнига эга мазкур корхона фаолияти Президентимиз Ш.Мирзиёев на¬зарига тушди. Юртбошимиз Бухорога ташрифи чоғида мазкур ¬корхонани кенгайтириш орқали вилоятда соҳани ривожлантириш юза¬сидан кўрсатмалар берди. Эндиликда бу борадаги чора-тадбирлар амалга ошса, кўплаб иш ўрни яратилади.

Қишлоқда яшовчи ҳар бир инсон томорқасини ўз оиласининг файз-баракаси деб билади. Шу боис, қишлоқ аҳлининг барча орзу-ҳаваслари ернинг орқасидан, яъни, ундан келаётган даромад эвазига бўлаяпти. Мисол учун, ҳудудда 530 та хонадон бўлса, уларнинг ҳар бири тадбиркор, десак муболаға бўлмайди. Хонадонларнинг 164 тасида иссиқхоналар ташкил этилган. Қарийб 5,5 гектар иссиқхоналарда 200 миллионга яқин помидор, карам, булғор қалампири, бақлажон каби сабзавот кўчатлари етиштирилади. Аҳолининг 820 нафари бу ерда доимий иш билан банд. Бу оилалар йил мобайнида 600 миллион сўмдан ортиқ даромад қилади. Бу эса бир оилага йигирма миллион сўмдан тўғри келади. Иссиқхонадан йилига тўрт марта ҳосил олинишини ҳисобга олсак, даромад чўғини ўзингиз чамалайверинг.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, йиғин фаоллари ўзаро кенгашиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аъзоларини иссиқхонаси бор оилага бириктириб, бир йил давомида уларга иш ўргатиш баробарида кам таъминланганлик даражасидан чиқаришга эришаётирлар. Қайд этиш жоизки, йил бошидан банк ходимлари хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотда томорқа хўжалигини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш бўйича кредитлар ажратиш борасида тушунчалар беришмоқда. Бунинг натижасида иссиқхона хўжалиги ташкил этаётган, томорқасидан омилкорлик билан фойдаланаётган оилалар сафи кенгайиб бормоқда. Энг муҳими, ҳу¬дудда барча ёшларнинг иш билан бандлиги таъминланган. 27 та кам таъминланган оилага чорвачиликни ривожлантириши учун, 12 та шундай оилага эса парранда боқиш ва деҳқончилик билан шуғулланиши учун банклар томонидан имтиёзли равишда кредит маблағлари берилди.

Мухтасар айтганда, излаган имкон топар, дейилган гап айни ҳақиқат. "Жондор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сухроб Атоевнинг ёш бўлса-да, кўпга бош бўлиб, жонкуяр инсон сифатида қишлоқ аҳлининг муаммоларига ечим топаётгани, йиғинни намунали маҳаллалар сафига киритгани ҳам ҳақиқат. Қисқаси, бу одамни чин маънода замонамиз қаҳрамони десак янглишмаймиз. Унинг ҳали режалари кўп, орзулари улкан, ниятлари холис. Шаҳарлар чиройини касб этаётган қишлоқларимизга, замонавийлик нуқсини олаётган маҳаллаларга эса ана шундай сардорлар керак. Бу замон талаби.

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.