Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 28 дан: 05.04.2017

Театр

Адибнинг сўнгги таклифи

Суратда: "Тўйлар муборак" спектаклидан лавҳа. Сергей ПОЛЕТАЕВ олган сурат.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг "Тўйлар муборак" сатирик комедияси мана чорак асрдан зиёдроқ вақтдан буён Бухоро давлат мусиқали драма театри репертуаридан тушгани йўқ. Замонамиз ёшларининг пок севгиси, орзу-умидлари тараннум этилган, муҳаббатдек олижаноб туйғуни оёқости қилиб, мол-дунё тўплашни ҳаётининг мақсади деб билган нобакор кимсалар аччиқ кулги остига олинган бу асарни нафақат минг¬лаб бухоролик томошабинлар, балки ижодий жамоа гастролга борган қўшни вилоятлар ва республикалар санъат мухлислари ҳам завқ-шавқ билан кўрган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Мўминова 2012 йилда эл севган адиб Ўткир Ҳошимовнинг "Умид дарахти" драмасини саҳналаштириб, муаллифни спектакль премьерасига таклиф этганида ёзувчи оғир бетоб эди. Касаллик азобидан телефонда зўрға ¬гапираётган адиб таклиф учун миннатдорчилик билдириб, унинг "Тўйлар муборак" комедиясини сўнгги 25 йил ичида икки марта саҳналаштирган режиссёр Бўрон Акобировдан шу спектаклни бугунги давр талаблари асосида қайта кўриб чиқиб, асарни янги талқинда томошабинлар эътиборига ҳавола этишни илтимос қилган эди. Адибнинг ушбу таклифи ҳамда режиссёр ва ¬артистларнинг катта ижодий изланишлари самараси бўлган "Тўйлар муборак ёхуд уйланмасам ўламан" комедияси учинчи бор қайта саҳналаштирилиб, 27 март—Халқаро театр куни томошабинларга намойиш қилинди.

...Уч ажралмас дўст — Мўминжон (артист Азиз Бўронов), Латиф (артист Фахриддин Шомуродов) ва Неъматилла (артист Ислом Исломов) лойиҳалаш институтида биргаликда ишлаб, ҳазил-мутойиба, қўшиқ айтиб, шўх рақсларга тушиш билан ёшлик завқини суришарди. Аммо Мўминжон гўзал қиз Мадинани (актриса Нафиса Саидова) севиб қолганидан ке¬йин бу дўстликка путур етгандек бўлади. Чунки у куну-тун ўша қиз хаёли билан банд бўлиб, ўртоқларини унутаёзади. Шунда Латиф ва Неъматилла унга ҳазиллашиб, телефонда Мадина номидан гапириб, йигитнинг севгисини рад этади.

Мадинанинг холаси, "26 та рестораннинг эгаси, атиги бир марта эрга тегиб, ундан ҳам ажрашган" Кимё (актриса Олима Пўлатова) жиянини севгиси бору, чўнтаги қуруқ Мўминжонга бермай, ўзини бойвачча қилиб кўрсатаётган фирибгар Наримонхонга узатиш тараддудида бўлади. Аммо Мадина бойлик орттириш мақсадида ҳатто Кимё хола кўнглини ҳам топишга уринган сохта ошиқ Наримонхоннинг асл башарасини фош этади ҳамда ўзи кўнгил қўйган Мўминжонга садоқатли ёр бўлади.

Комедия ижодкорлари янги асарни шунчаки кулгили воқеаларга бой томоша тарзида кўрсатмай, ёшларни енгил-елпи ҳаёт кечириш ва "оммавий маданият" домига тушишнинг хатарли оқи¬батларидан сақланишга, уларни меҳнатсеварликка, муҳаббатни қадрлашга даъват этувчи чинакам шоу-спектакль даражасига етказганлар. Спектаклнинг саҳналаштирувчи режиссёри Бўрон Акобиров, мусиқа танловчиси Юрий ¬Исмагилов, театр бош балетмейстери Мастура Икромовалар бу фикрларни "насиҳатгўйлик" тарзида эмас, томошабинларнинг шодон кулгиларига сабаб бўладиган эксцентрик ҳолатлар ва рақслар воситасида ифода этганлар.

Хуллас, саҳна асарининг бошқа бадиий хусусиятлари ҳақида тўхталмай, шу куни спектаклни кўргани келган 200 нафардан зиёд аскарлар ва кўплаб йигит-қизларнинг "Тўйлар муборак" комедиясини яйраб томоша қилганлари, санъаткорлар маҳоратини гулдурос қарсаклар билан бот-бот олқишлаганлари ҳамда артистларга даста-даста гуллар тақдим этганлари билан мақоламизга нуқта қўйишни лозим топдик.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.