Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 28 дан: 05.04.2017

*Орамиздаги одамлар

Муаллимлар сулоласининг вакили

Биз Когон шаҳридаги 6-ўрта умумтаълим мактабида бўлганимизда беш-олти чоғли жажжи болакайнинг ўзаро суҳбати эътиборимизни тортди. Улардан бири ўртоқларига бугун одобнома дарсида она юртни ҳимоя қилиш ҳамда ватанпарварлик мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтгани, унда меҳмон сифатида бир гуруҳ ҳарбийлар ҳам иштирок этгани тўғрисида мароқ билан гапириб берарди. Кўзларида ўт чақнаб турган шу мурғак қалб эгаси муаллими Зинат Қурбониёндан олган сабоқларни пухта ўзлаштирганини, шу боис дарсда бир эмас, иккита "аъло" баҳо олганини тўлқинланиб сўзларди.

Ўша болакайнинг шижоати, қизиқувчанлиги, шу ёшданоқ илм-маърифатга меҳри баланд эканлиги киши диққатини тортмай қолмайди, албатта. Бунинг замирида эса унинг қўлига илк бор қалам тутқазган устози, мазкур таълим даргоҳининг бошланғич синф ўқитувчиси Зинат Қурбониённинг меҳнати, педагогик маҳорати ҳам ётгани ўз-ўзидан маълум.

Таъкидлаш жоизки, қуйи синф ўқувчисида дастлабки билим кўникмаларини шакллантириш, унинг саводини чиқариш ўзига хос жиҳатлари, мураккаблиги боис муаллимдан изланувчанлик, сабр-тоқат, бола билан тез тил топишиш лаёқатини талаб этади. Ўттиз йилдан буён ёш авлод таълим-тарбияси йўлида меҳнат қилаётган тажрибали педагог Зинат опанинг фаолиятида айнан шу хусусиятларни кўриш мумкин.

У аслида муаллимлар хонадонида вояга етган. Қизиғи, шу серфарзанд оила фарзандларининг барчаси айнан шу касбнинг этагини тутган. Абдурайим, Юсуф, Ҳамро акалар физика, тарих, рус тили, Зумрад ва Малика опалар эса она тили ҳамда бошланғич синф ўқитувчилари сифатида эл орасида ҳурмат-иззат топган кишилардан. Улар орасида халқ таълими аълочилари ҳам бор.

Ака ва опалари каби ушбу шарафли касбга меҳр қўйган Зинат опа ҳам ҳар бир шогирдини ўз фарзандидек кўради. Уларга ҳарф ўргатиш, таълим ва тарбия беришни бахт деб ҳисоблайди. Чунки жажжи болакайларнинг келажакда қандай инсон бўлиб вояга етиши, аввало, ана шу сабоқлар, дарс ва ўгитларга боғлиқ. Бу омилларни жуда яхши англаган З. Қурбониён таълим-тарбия жараёнида, ҳар бир дарсида кластер, "ақлий ҳужум", коллаж, "излаб топ", "билағон" каби педагогик услублардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларни юртсеварлик, она диёримизга, истиқлол ғояларига садоқат руҳида камол топтиришга ҳаракат қилади. Тез-тез қўшимча машғулотлар ўтказади.

Умуман, бу каби фазилатлар унда нафақат оилавий муҳит, балки устозларга эргашиш, ҳавас қилиш, доимо улар берган чуқур билим, йўл-йўриқларга таяниш орқали ҳам шакллангандир. Хусусан, Зинат опанинг ўзи биринчи ўқитувчиси Истат Атоевадан нафақат ўқиш, ёзишни, балки кўплаб инсоний хислатларни ҳам ўзлаштирганини эътироф этади.

— Камтарлик, очиқкўнгиллик, тиришқоқлик, ишга масъулият билан ёндашишни мен айнан шу киши фаолиятида жуда кўп бор кузатганман, — дейди З. Қурбониён биз билан суҳбат чо¬ғи. — У кишининг ва бошқа устозларимнинг йўлидан бориб мен ҳам кам бўлмадим. Уларнинг дуолари сабаб мен шу қутлуғ касбнинг этагини тутиб, жамоада, қолаверса, эл-юрт орасида ўз ўрнимни топдим.

Дарҳақиқат, ёши улуғлар назарига тушиш, меҳрини қозонишда ҳикмат кўп. Зинат опанинг дарс ишланмалари, тўгарак бошқаришга, синфдан ташқари ўқишга доир методик ишлари республика миқёсида оммалаштирилгани, кўплаб собиқ ўқувчиларининг бугун турли жабҳаларда малакали мутахассис сифатида меҳнат қилаётгани ҳам бежиз эмас.

Эътиборлиси, уларнинг айримлари устозларининг изидан бориб, ёш авлодга таълим-тарбия бермоқда. Ўзи билан бир масканда меҳнат қилаётган Мурод Ҳожиев, Фарангис Ғуломов, Ҳалима Исмоилова, Бухоро муҳан¬дислик-технология институти ўқитувчиси Шоҳруҳ Ҳасанов ва бошқалар шулар жумласидандир.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.