Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 26 дан: 25.03.2017

Юридик хизмат давлат эътиборида

Президентимизнинг 2017 йил 19 январдаги "Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори давлат идора, шунингдек, хўжалик бошқаруви органларида фаолият юритаётган барча юристлар учун улкан рағбат, фидокорона меҳнатга даъват бўлди.

Тан олайлик, илгари юридик хизмат, юрисконсульт деганда кўпчиликнинг кўз ўнгида шунчаки расмиятчилик учун ишлаётган ҳуқуқшунос сиймоси гавдаланарди. Ушбу соҳада фаолият юритаётган аксарият ходимлар учун бу иккинчи даражали иш, қўл учида бажариладиган қўшимча даромад манбаи сифатида қараларди. Аслида эса бу лавозимдаги шахс чуқур билимли, дунёқараши кенг, замон билан ҳамнафас, қонун устуворлигини таъминлашга масъул мутахассис бўлиши лозим.

Биз ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлини танладик. Мамлакатимизда қонун усту¬ворлиги ва қонунийликни таъминлаш бош тамойил этиб белгиланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида соҳа ходимлари олдига аниқ вазифаларни қўймоқда. Табиийки, бундай шароитда жамиятнинг барча соҳасида, айниқса, юридик хизмат фаолиятида эскича ишлаш, эскича фикрлаш мумкин эмас. Шу боис ҳам юридик хизматни такомиллаштиришга эҳтиёж туғилди.

Илгари ҳам юридик хизматлар давлат органлари ва ташкилотларнинг норма ижодкорлиги, шарт¬номавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини амалга ошириб келган. Аммо ушбу тузилмаларнинг қонунбузилиш ҳолатлари олдини олиш ҳамда ўз вақтида чоралар кўриш борасидаги фао¬лияти талаб даражасида эмас эди. Бунга кадрлар таркибининг етарли эмаслиги, қолаверса, давлат идоралари аппаратлари таркибида уларнинг мавқеи, манфаатдорлик даражаси яхши бўл¬маганлиги, етарли ва таъсирчан ваколатларга эга эмасликлари сабаб бўлаётганди. Сир эмас, баъзи раҳбарлар юристсиз иш юритишни маъқул кўрган ёки уни ўз йўриғига солишга уриниб келганди.

Айрим бошқарма ва идораларда кўплаб ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳужжатлар қабул қилиниб, ¬юзлаб ходимлар ишласа-да, бир нафар юрист лавозими жорий этилган, холос. Уларнинг ҳудудий бўлимларида эса бу хизматлар мавжуд ҳам эмас.

Соҳани ислоҳ қи¬лишга бўлган эътибор давлатимиз раҳбарининг юридик хизмат соҳасига, қолаверса, ҳуқуқшуносларга бўл-ган ишончи ва эътиборининг қай даражада юқорилигини кўрсатди. Қарор юридик хизматни янги бос¬қичга олиб чиқадиган муҳим ҳужжат бўлди.

Мазкур қарорнинг юридик хизмат ходимлари ҳаётидаги энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда бу хизматнинг мавқеини ошириш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан бир қаторда қонунийликни таъминлаш бўйича вазифалари доираси ҳам кенгайтирилди, масъулият ва жавобгарлиги кучайтирилди. Соҳада узоқ вақтдан буён ўз ечимини кутаётган масалалар тўлиқ ҳал этилди.

Қарор билан эндиликда шундай тартиб ўрнатилдики, унга кўра давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, уларнинг ҳудудий тузилмаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган минимал меъёр ва мезонларга асосан мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилади. Мазкур хизматнинг штат бирликлари қисқартирилишига асло йўл қўйилмайди.

Яна бир масала. Бу соҳада ¬кадр¬ларнинг қўнимсизлиги етук юридик хизмат ходимини тайёрлашга монелик қилар эди. Соҳада ишлаётган ходимларнинг ҳимояланма¬ганлиги, етарли истиқболлар белгиланмаганлиги уларнинг бошқа соҳаларга ўтиб кетишига сабаб бўларди. Айниқса, юридик хизмат ходимларини ташкилот раҳбарининг мустақил ўзи ишга қабул қилиши ёки ишдан бўшатиши тартиби уларнинг қонунийликни таъминлаш борасидаги фаолияти қайсидир маънода чекланишига олиб келаётганди. Баъзан тажрибада шундай мисоллар кузатилган эдики, корхона ёки ташкилот раҳбари қонун нормаларига зид тегишли ҳужжатларига ҳуқуқшуносдан ижобий хулоса бериш (виза қўйиш)ни талаб этар эди. Ана шундай вазиятда ишдан бўшаш, обрўсизланиш хавфи остида қолган юридик хизмат ходими қонунга зид равишда бўлса-да, раҳбар топшириғини бажарган.

Эндиликда эса бундай ҳолатларга тубдан барҳам берилди. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари лавозимига албатта Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланадиган ва озод қилинадиган бўлди.

Бу эса юридик хизмат ходимининг ўз идорасидаги фаолияти мус¬тақиллигига, ишини ҳу¬қуқий меъёрлар асосида олиб боришига муҳим кафолатдир.

Яна бир қувончли жиҳати, эндиликда юридик хизмат ходимларига ҳам адлия органлари ходим¬ларига белгиланган мартаба да¬ражалари берилади, кўп йиллик хизматлари учун устамаларни тўлаш тартиби татбиқ этилади. Энг асосийси, ходим бошқа давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига ишга ўтганда ҳам юридик хизмат ходими сифатидаги мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат устамаларини тўлаш учун мўл¬жалланган меҳнат стажи ҳисобга олинади. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг мазкур мутахассислик бўйича уч йиллик стажига эга бўлган ходимлари адвокат мақомига эга бўлиш учун, те¬гишли стажировкани ўтамасдан лицензия олиш учун талабгор шахс сифатида малака имтиҳонида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўл¬ди.

Бу эса малакали мутахассисларнинг мазкур соҳага қизиқишини ошириши, шубҳасиз. Ўз навбатида соҳага малакали кадрларни танлаб олиш имконияти вужудга келди. Бу омил соҳа фаолиятининг сифат даражаси ошишига хизмат қилади.

Албатта, ҳар қандай имконият, имтиёзнинг ўз мажбурияти, масъулияти бор.

Шу нуқтаи назардан юридик хизматлар ходимларининг ва¬зифалари, масъулияти ҳам оши¬рилди. Жумладан, юридик хиз-матларга ўзининг ташкилоти иштирокида ву¬жудга келадиган ни¬золарни судгача ҳал этиш юзасидан мажбурий тартибда чораларни кўриш вазифаси юклатилди. Худди шундай буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик хусусиятга эга бўлган бош¬қа ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизани амалга ошириш учун мажбурий тартибда юридик хизматга тақдим этилишининг белгиланиши ҳам айнан қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тартибдир.

Бундан ташқари, Президент қа¬рорида давлат органларининг жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир этадиган қарорлари юзасидан мажбурий тартибда юридик хизматнинг хулосаси олиниши ҳам мустаҳкамлаб қўйилди. Ушбу норма давлат органларида қабул қилинадиган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериш, уларни ижрога қаратишдан олдин "фильтр"¬¬дан ўтказиш масалаларини кўзда тутади. Мазкур банд¬нинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, илгари юқорида таъкидланганидек, раҳбар тазйиқи билан қо¬нуний меъёрларга зид ҳужжатга хулоса берган юридик хизмат ходими кўп ҳолларда унинг оқибатларини ўз зиммасига олмасди. Кейинчалик ушбу ҳужжат юзасидан келиб чиққан низолар бўйича суд муҳокамаларида ҳам кўпинча расмиятчилик учун қат¬нашарди. Энди ҳуқуқшуноснинг идора ҳужжатини пишиқ ва пухта ишлаб чиқишидан бевосита ўзи ҳам манфаатдор бўлмоқда. Негаки, қарорда судгача ва суд тартибида давлат органи фой¬дасига ҳал этилган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи (энг кам ойлик маошининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдори) ҳар чорак якуни билан юридик хизмат ходимига мукофот ¬тариқасида берилиши белгиланди.

Қарор билан юридик хизматга яна бир муҳим вазифа юк¬латилди. Маълумки, 2017 йил ¬мам¬лакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилди. Шулардан келиб чиққан ҳолда давлат органлари ва ташкилотларининг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан берилган шикоятлар мажбурий тартибда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари томонидан ҳам кўриб чиқилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор асосида юридик хизмат тизимининг тубдан такомиллашаётгани соҳа ходимларининг самарали фаолият юритишига, мамлакатимизда қонун устуворлиги изчил таъминланишига хизмат қилади.

Дилором ХОДЖИЕВА, вилоят ҳокимлиги аппарати бош ҳуқуқшуноси.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.