Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 26 дан: 25.03.2017

Фахрийларга эҳтиром кўрсатилди

Суратда: Наврўз сайлидан лавҳа.

Наврўз — меҳр-оқибат, саховат ва мурувват айёми. Бу байрамда табаррук кексаларни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш ҳам халқимизнинг умрбоқий қадриятларидан саналади.

Вилоят ҳокимлиги ва "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими воҳамиз шаҳар ва туманларида истиқомат қилаётган, ҳалол ва фидокорона меҳнати билан Ватанимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фахрийлар вакилларининг 100 нафардан зиёдини Бухородаги Наврўз тантаналарига таклиф этди. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари Муяссар Темирова, Мартия Раҳматова, бошқарув идораларидаги самарали фаолиятлари учун эл ҳурмати ва эҳтиромига сазовор бўлган бухоролик Дамир Ёдгоров, Юсуф Қурбонов, қоракўллик Мўмина Сувонова, олотлик фермер Нурилло Отамуродов, когонлик фахрий темирйўлчи Тошмуҳаммад Рустамов, ромитанлик пахтакор Абдураим Туйғунов, галаосиёлик кекса педагог Хайрулло Бафоев, шофирконлик фахрий спортчи, республика тоифасидаги футбол ҳаками Фарҳод Султонов ва бошқалар бор эди.

Фахрийларни Арк қалъаси ёнидаги майдонда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев ва бошқа раҳбарлар кутиб олиб, уларни Наврўзи олам билан муборакбод этдилар. Отахон ва онахонлар бу ерда ташкил этилган Наврўз сайлида иштирок этиб, вилоят санъат усталари ва ёш ижрочиларининг концерт дастуридан баҳраманд бўлдилар.

Шундан сўнг фахрийлар тушган машиналар карвони эски шаҳардан Абу Али ибн Сино номидаги Фавворалар майдони сари йўл олди. Йўлда отахон ва онахонларга вилоят марказида яқинда бошланадиган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, қад кўтарадиган янги объектлар ҳақида маълумотлар берилди. Вилоят раҳбарлари ва нуронийлар Фавворалар майдонида ташкил этилган Наврўз сайлида қатнашаётган олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, оқсоқоллар, ҳунармандлар билан ҳамсуҳбат бўлдилар.

Кексаларнинг байрамдаги иштироки Бухоронинг дилкаш гўшаси—Лабиҳовуз меъморий мажмуидаги шинам чойхонада давом этди. Қарияларнинг тўкин дастурхон атрофидаги ўзаро гурунги Девонбеги хонақоси олдидаги майдонда бошланган байрам концертига уланди. Бу йил республикамиз Президенти ташаббуси билан илк марта халқ сайили тарзида ташкил этилган Наврўз тантаналари фахрийларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.