Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 26 дан: 25.03.2017

Маҳтоб аянинг дуоси

Вобкент туманидаги "Хайрихуш" ҚФЙ, Қатағон қишлоғида истиқомат қилаётган Маҳтоб ая Ходиева хонадони Наврўз байрами ара¬фасида гавжум бўлди. Сабаби онахон шу куни 93 баҳорини қарши олди. Барча хеш-ақраболар, ҳамқишлоқлар ташрифи ҳар галгидек бувини беҳад хурсанд қилди.

—Оиламизда уч нафар фар¬занд туғилган экан,—дейди Маҳтоб ая биз билан суҳбатда.—Шундан икки опа-сингил ҳаётмиз. Ёшлигимиз меҳнатда ўтди. Пахта чопиғи, ариқ қазиш, ипак қурти боқиш каби ишларни жон-жаҳдимиз билан амалга оширганмиз. Суягимиз меҳнатда қотган. Қурбоной ва Умида қизларим, Амин, Рашид, Нажим, Наби, Ҳусен, Чори, Худойберди исм¬ли ўғилларим бор. Уларнинг барчаси олий маълумотли. Бир этак невара, чевара ... Сулоламиздан ўқитувчи чиқди, Ватан ҳимоячиси, шифокор етишди, аммо ёмон чиқмади... Узоқ умр кўряпмиз, ота-оналаримиз етмаган дориломон кунлар шоҳиди бўляпмиз. Бу ҳам мустақиллик шарофати, кексаларга бўлган эътибор туфайлидир.

Дарҳақиқат, ўтган асрнинг суронли йилларида Маҳтоб буви турмуш ўртоғи Мажид Ражабов билан 9 фарзандни вояга етказишди. Уйли-жойли қилиб, эл қаторига қўшишди. Маҳтоб буви ипак қурти боқди, томорқасида сабзавот экди. Шу йўсин фарзандларини ўстирди. Хуллас, қишлоқда ўзбек аёли учун қанча меҳнат лозим бўлса барчасини бекаму кўст уддалади.

Онахоннинг ҳаёти қанчалик машаққатли кечмасин, у киши ўтмишидан нолиганини ҳеч ким эшитмаган. 40 га яқин невара ва эвараси, 2 чеварасини ана шу оғир турмуши учун берилган неъмат, лойсувоқли уйини эса бахт қўр¬ғони деб билди. Мудом фарзанд¬ларига саодат тилашдан чарчамади.

—Қариси бор уйнинг париси бор, деб бекорга айтишмаган,—дейди унинг энг кичик невара келини Сар¬виноз.—Хонадонга келин бўлиб тушганимга атиги 6 ой бўлган бўлса-да, бувижонимга қаттиқ боғланиб қолдим. Гўёки у кишининг хоналаридан нур таралаётгандек туюлади. Меҳрли нигоҳларидан куч олгандек бўламан. Бувижонимизнинг хизмат¬ларини қилишдан эрин¬май-миз. У кишининг дуоларида ҳикмат бор. Кўп бора синаганман. Дуоларини олмай остона ҳатласам, ишим юришмай қайтаман. Шу боисми, бу одат оиламизда удумга айланган.

Онахон дуога қўл очиб, шукроналар айтади:

—Илоҳим, юртимизда тинч¬лик бўлсин, одамларнинг уйи буғдойга тўлсин. Шу кунларга минг бор шукурлар қилиб айтаманки, бизга меҳр-мурувват кўрсатаётган Юртбошимиз омон бўлсин, яхшиларнинг умри узоқ, турмушимиз фаровон, фарзандларимиз бахтиёр бўлсин. Осуда ҳаётимизга кўз тегмасин. Айёму тантаналар, тўйлар, фароғатли кунларимиз бардавом бўл¬син! Аллоҳ барчамизни ўз паноҳида асрасин!

Келинг, биз ҳам у ки¬шининг дуоларига қўшилайлик!

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.