Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 26 дан: 25.03.2017

"Гала-Ривер": маҳсулотнинг ҳаммаси—экспортга

Суратда: "Гала-Ривер" цехларидан бирида. Тоҳиржон ИСТАТОВ олган сурат.

Бухоро мевалари, айниқса, узумлари ўзининг хушхўрлиги, таркибида шакар миқдори юқорилиги билан ажралиб туради. Вилоят марказидан унча узоқ бўлмаган Саховат қишлоғидаги узумни қайта ишлаш корхонаси маҳсулоти довруғини эшитиб, 2005 йилда воҳага келган қозоғистонлик тадбиркорларни ана шу жиҳат қизиқтириб қўйганди. Биз бу ҳақда алоҳида тўхталишимиз бежиз эмас.

Қўшни мамлакат вакиллари Бухоро токзорлари парвариши агротехника талаблари асосида олиб борилаётгани, қолаверса, воҳа иқлими, тупроқ структураси ўзига хослиги билан танишдилар. Мулоқот амалий ҳамкорликка асос бўлди. Шу тариқа, Бухоро туманидаги "Континент инвест" хусусий савдо-ишлаб чиқариш корхонаси ва Олмаотадаги "Ривер инвест" масъулияти чекланган жамияти томонидан "Гала-Ривер" қўшма корхонаси ташкил топди.

Мана, ўн икки йилдирки, мазкур субъект томчида қуёш акс этганидек, икки мамлакат ўртасида мустаҳкамланиб бораётган ишончли ҳамкорликнинг ўзига хос ифодаси сифатида самарали фаолият кўрсатиб келаётир.

"Гала-Ривер" йил сайин ривожланиб бормоқда. Муваффақиятнинг омиллари эса етарли. Шу ўринда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, айниқса, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарга берилаётган имконият ва имтиёзлар муҳим аҳамият касб этаётгани эътиборга моликдир. Ва яна албатта, бу ерда ўз ишининг усталари меҳнат қилаётганини таъкидлаш жоиз. Улар жаҳон бозори талабларини инобатга олган ҳолда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш борасида доимо изланишда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасида дастлаб 2011 йил ва кейинчалик 2015 йилда корхона цехлари катта миқдорда валюта эвазига модернизация қилиниб, замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланди.

—Технологик янгиланишлар ўз натижасини берди,—дейди қўшма корхона директори Ўлмас Раҳматов.—Илгари йилига 1,5-2 минг тонна узум хосили қайта ишланган бўлса, энди бу кўрсаткич қарийб 6 минг тоннага етди. 20 та янги иш ўрни яратилди. Ҳозирда цехларимизда 50 киши меҳнат қилаётир. Уларнинг кўпчилиги ёшлар, жумладан, касб–ҳунар коллежлари битирувчиларидир. Яна муҳим жиҳати шуки, модернизация натижасида иш унумдорлиги ва тайёрланаётган узум шинниси сифати анча яхшиланди. Бундай маҳсулот доимо харидоргир. Бозорнинг ўзига хос инжиқликларига чидамли. Маҳсулотимизнинг ҳаммаси шартномага мувофиқ хорижлик буюрт¬мачиларга жўнатилаётир. Ўтган йили Қозоғистон ва Россияга 1 миллион 700 минг АҚШ доллари миқдорида узум шиннисини экспорт қилдик. Жорий йилда эса бу кўрсаткични 2,5 миллион долларга етказамиз.

Корхонанинг барқарор ишлаши ҳосил хомашёсига ҳам жуда боғлиқ. Бу масалада "Бухороагрофрукт" агрофирмаси муаммога ўрин қолдираётгани йўқ. У ўз таъсисчиларидан бири бўлган "Гала-Ривер"га фермер ва деҳ¬қон хўжаликларидан шартнома асосида харид қилинган узумни пешма- пеш етказиб бераётир. Бу ерда ўтган йили 500 тонна сиғимга эга совиткич қурилгани ҳосилни захирага сақлашда ҳам қўл келаётир. Таъкидлаш керак, бу совиткич қурилма корхонанинг ўз сармояси, жумладан, солиқ имтиёзлари эвазига қоладиган маблағлар ҳисобига барпо этилди.

Замонавий корхона жамоаси нафақат жорий, балки истиқбол режаларни ҳам кўзламоқда. Бу ерда ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ҳажмини ошириш бўйича аниқ марралар белгиланган. Халқаро тараққиёт уюшмаси(МАР) линияси орқали 800 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиш учун ҳужжатлар тақдим этилган. Янги лойиҳа ишга тушгач, "Гала-Ривер" йилига 8 минг тоннагача узумни қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Албатта, "Бухороагрофрукт" раҳбарияти ўз ҳамкори билан ҳамнафас. Мазкур субъект жорий йил февраль ойида 40 гектар майдонда янги токзор ташкил этди. Унда қўшма корхона учун зарур бўлган узум ҳосилининг 30 фоизи етиштирилади. Демак, "Гала-Ривер" нисбатан арзон хомашёга эга бўлади.

Март ойининг иккинчи ярмида қўшма корхонага Россиядан буюртмачилар келиши кутилмоқда. Демак, келгусида экспорт ҳажми янада ошади.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.