Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 25 дан: 21.03.2017

*Халқ сайиллари

Эзгуликка йўғрилган удум

Наврўз — буюк қадрият. Наврўз — ўзликни англашга инъом этилган беназир фурсат. Наврўз — ифтихор ҳиссини туймоқнинг гўзал талқини. Тонг насимида гуллар ифорини сезмоқлик бахти. Нав¬рўз — шифо тилаб ҳол сўрмоқлик саодати.

Бухоро аҳли баҳорни соғиниб қаршилади. Ҳар бир кишининг қалбида завқ-шавқ. Кўҳна шаҳарнинг энг сўлим гўшалари —Арк қўрғони, "Кўҳна ва боқий Бухоро" маданий маркази, Лабиҳовуз мажмуаси, Марказий истироҳат боғи, фавворалар майдонида "Наврўз таровати" деб номланган халқ сайиллари кўклам нафосатини ёрқин намойиш этди. Бу галги байрам яна бир жиҳати билан аввалгиларидан ажралиб туради: халқ сайиллари бир-икки жойда эмас, вилоятнинг маркази бўйлаб, кўча ва маҳаллаларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

—Вилоятимизда Наврўз тантаналари ҳар йилгидан кўра бошқачароқ ўтгани бизни қувонтирди,—дейди Бухоро шаҳридаги са¬йил қатнашчиларидан бири Самия Камолова.—Айниқса, миллий-маданий марказлар вакилларининг тайёрлаган дастурини мириқиб томоша қилдик.

—Бухоро педагогика коллежида таҳсил оламан,—дейди туркманистонлик талаба Энажон Аллабердиева.—Бухоронинг Наврўз тантаналарида биринчи марта иштирок этаяпмиз. Миллий лапарлар ва қўшиқларимизни ижро этдик. Бизда ҳам Наврўз шундай сайиллар билан нишонланади.

Дарвоқе, сайил наволари юрак-юракка сизиб киргувчи ҳисларни қўшиққа ¬ўгириб, инсон қалбига шукроналик бахшида этади. Бухорча лапарлар етмиш икки томирда мудраб ётган қиш ¬нафасини майин илиқликка элтади.

Бу ҳиссиётларнинг туб моҳияти асрлар билан бўйлашиб, бобомерос урф-одатларимиз, қадрият ва анъаналаримиз билан уйғунлашиб кетади. Арқон тортиш, кураш, хўрозлар жанги, халқ ўйинлари, дорбозлар чиқишлари... Айниқса, дошқозон атрофида буғдой суви кўтарган миллий либослардаги аёлларимиз гурунги ҳеч қайси юртда йўқ. Бу бетакрор, гўзал лаҳзалар ҳар баҳорда неча асрки Ўзбекистон заминида ўз қийматини йўқотмай янада яшариб, янги урф-одатларга уйғун ҳолда бардавом.

—Шу кунларга етказганига шукур,—дейди сайил қатнашчиси—Ғиждувон тумани Ф.Хўжаев МФЙ маслаҳатчиси Санобар Бадриддинова биз билан суҳбатда.—Наврўз билан боғлиқ одатлар талай. Энг муҳими — байрам яхши кайфиятда кутиб олинса, бутун йил давомида ғам-ташвиш оилага яқин йўламайди. Сумалак қанча кўп одамларга тарқатилса, маҳалла шунча бой бўлади. Шу куни осмонда турналарни кўрган одамга йил давомида омад ҳамроҳ бўлади. Бир-бирининг дилини оғритган одамлар Наврўз куни ярашиб олишмаса, омад улардан юз ўгиради. Наврўз куни туғилган ўғил болага Наврўз ёки Наврўзбек, қиз болага Наврўза ёки Наврўзгул деб исм қўйилади. Бу болалар бахтли бўлишади.

Наврўз кунлари мучал тўйини нишонлаш ажо¬йиб одат. Шу куни кексаларимиз мучал ёшига етган қиз-ўғил¬ларга бош-оёқ сарпо кийдириб, хонадонларга улуш тарқатадилар. Хуллас, ҳар бир анъана ва урф-одатларимиз замирида мил¬латимизга хос эзгу ният мужассам. Бу мужассамликнинг якдил ифодаси — Наврўз балки шу сабаб боқий ва бардавомдир.

Бухоро шаҳридаги Рашид Саидов раислик қилаётган Хўжа Ғунжорий номли маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам баҳор айёми муносиб кутиб олинди. Сомонийлар боғидаги Умар Ҳайём номли базмгоҳда ўтказилган тўкин дастурхон атрофига кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оила аъзолари, якка ёл¬ғиз қариялар, меҳнат фахрийлари, фронт ортида ишлаган кекса авлод вакиллари таклиф этилди. Йиғин томонидан нуронийлар, меҳнат фахрийлари ҳамда мучал ёшини нишонлаётган маҳалла аҳлига сов¬ға-саломлар улашилди.

Йиғинда истиқомат қилаётган 94 ёшли II жаҳон уруши қатнашчиси Ҳабиб бобо Валиевни суҳбатга чорладик:

—Бизнинг ёшлигимиз қаҳатчилик, етишмовчилик, азоб-уқубатда ўтган,— дейди отахон. — У замонларда ҳозиргидек тўкин-сочинлик, фаровонлик қайда эди? Биз, кексаларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликларни орзу ҳам қилмасдик. Бугунги дориломон кунларимизнинг, шаҳару қишлоқларимиз, маҳаллаю гузарларимиз кўрку тароватининг сабабчиси мустақиллигимиз ва юртимиздаги тинчлик ва осойишталикдир.

Бу каби тадбирлар ҳар бир туман ва қишлоқда ўтказилмоқда.

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири. Суратларда: тадбирдан лавҳалар. Сергей ПОЛЕТАЕВ олган суратлар.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.