Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 25 дан: 21.03.2017

*Навоий меросига бир назар

Эл сайли мадҳи

Аждодларимиз одоб қоидаларига ҳадди аълосида амал қилиб келган. Севишганлар, эл-улусдан уялганидан, Наврўз сайлларида—ҳамма байрам қилиб, сайрга чиққанидан фойдаланибгина бир-бирлари билан дийдор кўришган. Алишер Навоий бир ғазалида у ёрга мурожаат қилар экан: "Кўчангга ҳар кун бориб, ҳар кун сени кўрай дейман, (шунинг учун) менга ҳар кун байраму ҳар лаҳза бир Наврўз керак", дейди:

Кўюнга ҳар кун бориб, ҳар дам кўрай дерман сени,

Менга ҳар кун байраму ҳар лаҳза Наврўзе керак.

Шоир Лайли билан Мажнунни ҳам айнан ана шу Наврўз сайлида учраштиради. "Лайли ва Мажнун" достонининг 12-бобида Наврўз муносабати билан сайри боғ этганда Мажнун билан Лайлининг хуфиёна учрашуви, бунда Лайли ишқидан Мажнуннинг ҳушдан кетмаги, бу гапдан эл хабар топмасин, деб, Лайлининг Мажнунни икки канизига қолдириб, қабила сари юрмаги ҳақида ҳикоя қилинади. Боб шундай бошланади:

Меҳр истади чун ҳамал фароғи,

Дашт узра бутар қўзи қулоғи.

Демак, Қуёш ҳамал буржида фароғат қилишни истаганда, яъни Наврўз дашт узра кириб келганда қўзи қулоғи униб чиққандек бўлар экан. Наврўз айё¬мидаги табиат тасвири чизилган парчалар ичида:

Тун-кунни қилур бинафш сизғон,

Кофур ила мушкдин соқизғон, —

деган мисралар бор. Шу биргина байт бадиий баркамоллигига қойил қолмай илож йўқ. "Бинафш", яъни бинафша — осмон рангида очиладиган гул. "Сизғон" — чизган дегани. Хўш, "бинафша чизган" деганда шоир кимни кўзда тутган? Албатта, бу дунёни тузган Эгамни. Чунки "бинафш" бу ерда кенг оламни — кўкни англатиб келган истиора. Демак, ана шу кўм-кўк осмоннинг суратини чизган "рассом" тун билан кунни кофур билан мушкдан зағизғон, яъни зағча қилади. Зағчани биламиз: ҳамма ёғи оқу қора қуш. "Кофур" — камфара. У Шарқ мумтоз адабиётида оқ рангнинг рамзи бўлиб келади. Мушк эса — кийикнинг киндигида тўпланадиган қоп-қора рангли хушбўй модда. Ўтмиш шеъриятимизда, жумладан, у қора рангнинг рамзи ҳам бўлиб келган. Шоир фалакни бинафшага ўхшатишдан ташқари, Наврўздаги эътидол, яъни тун билан куннинг тенг келишини оқу қора ранглари аралаш зағиз¬ғонга қиёс этади.

Навоий шунчаки табиат гўзаллигига маҳлиёлигини баён айлашга берилиб кетмайди. Ўша тасвирлар замирида аниқ мақсад ётади, яъни бобда баён қилинажак воқеаларга ишоралар бор:

Ҳар қушқина жуфти бирла пуржўш,

Ҳампар бўлур учса, қўнса — ҳамдўш.

Яъни ҳар бир қуш Наврўз келганидан кейин ўз жуфти билан жўш уради, учса — қанотларини бир-бириникига теккизиб учади, қўнса — тўшма-тўш, яъни кўкракларини кўкракларига теккизиб ўтиради. Нозикфаҳм шеърхон олдиндан ҳис қиладики, бу бобда Лайли билан Мажнун дийдор кўришса керак. Айтмоқчи, Наврўзда халқ ғаму ҳасратини кўн¬гилдан қувиб, саҳроларга, боғу бўстонларга сайрга чиқади.

Шу тасвирлардан ҳам англашилиб турибдики, ўтмиш замонларда ҳам Нав¬рўзни халқимиз сайл қилиб ўтказган.

Наврўз байрамида саҳрою боғу гулшан аро таралиб кетган эл орасида Лайли билан Мажнун ҳам бор! Лекин халқдан уялганидан улар бир-бирига қарай олмайди, ўзаро сўзлашолмай-сирлашолмай изтиробда. Боғ кенг эди, халқ эса ёйилиб кетган. Дарахтлар ғуж-ғуж бўл¬ган жойлар — ишқ аҳлига элдан яшириниш учун зўр бир парда. Лайли сайр этиб юриб бир чаманзорга етадики, унинг ичига кирган киши кўринмай қолади. Ногоҳ ана шу чаманзор ичида зор йиғлаб ўтирган Мажнунга дуч келади.

Шунда маъшуқа ошиқдан: "Наврўз шамоли эсган шундай шодиёна кунда ҳамма хурсанд-у, сен нега ғамноксан?" — деб сўрайди. Шоирнинг Лайли тилидан айтишича, Наврўзда одамлар байрамни шодиёналик билан ўтказиш учун боғу гулшан аро сайрга чиққан, қолаверса, бу сайр уларнинг мушкулларини осон қилишига умид боғлаган:

Бу дамки эсиб насими Наврўз,

Гул атрини қилди мажлисафрўз.

Боғ ўлди баҳордин гулафшон,

Сунбул бу гул узра кокулафшон.

Бу фаслда азми гулшан этгай,

Бўстон ҳарамини маскан этгай.

Демак, ота-боболаримиз, йилнинг биринчи кунини шоду хуррамлик билан ўтказиш йилнинг яхши келишига замин бўлади, деб ишонган.

Бу ерда шуни ҳам қайд этиш керакки, гарчи шаклан бу достон араб халқи ҳаётидан олиб ёзилган асар бўлса-да, Навоий¬ Лайли ва Мажнунни ХV аср ўзбек қизи ва йигити тарзида тасвирлаган. Воқеаларнинг араб саҳроларида, арабий қабилалар аро кечиши шаклан қатъий сақланган. Бироқ моҳиятан, кўриб ўтганимиздек, шоир достонга ўзи мансуб халқнинг — ХV аср ўзбегининг талай урф-одатларини сингдириб юборган. Наврўзни нишонлаш ҳам ана шундай соф миллий удум эди.

Султонмурод ОЛИМ, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.