Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 25 дан: 21.03.2017

Кўҳна диёрнинг янгиланиш баҳори

Ушбу баҳордан илк мужда ўтган йилнинг 4 ноябрида ¬Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати—Ўзбекистон ¬Ли¬берал-демократик партиясидан мамлакат ¬Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг вилоят сайловчилари билан видеоселектор тарзидаги учрашувидан, Ғиждувондан бутун воҳага ёйилган эди. Давлатимиз Биринчи Президенти, кўҳна ва боқий Бухоронинг бугунги равнақига, унинг улуғ пирлари ва алломалари зиёратгоҳларини қайта таъмирлаб, ободонлаштиришга, халқининг маънавий юксалиши ва фаровон турмушига алоҳида эътибор ҳамда ғамхўрлик кўрсатган Ислом Каримовнинг кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларини оғишмай, қатъий ва изчил давом эттиришни ўзининг сайловолди дастурига асос қилиб белгилаган номзод қадимий диёрнинг кейинги истиқболи, бу заминда амалга ошириладиган бунёдкорликлар, янгиланишлар ҳақида тўл¬қинланиб гапирган эди.

Орадан беш ой ўтиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг воҳада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, вилоят аҳлининг турмуши, талаб ва истакларини чуқур ўрганиш мақсадида умрбоқий байрамимиз Наврўзи олам арафасида—10 ва 11март кунлари Бухорога қилган ташрифи давлатимиз раҳбарининг сўзи ва иши бирлигидан, у белгиланган улуғвор режаларнинг ҳаётийлигидан, қадимий диёрда чин маънодаги янгиланишлар бошланганидан дарак берди.

—Ғиждувондаги учрашувда ¬Шавкат Мирзиёев ҳукумат аъзолари ва вилоят мутасаддиларига берган топшириқлари асосида вазирликлар, молия муассасалари, тадбиркорлар томонидан 2017-2021 йилларга мўлжалланган, саноат, кичик бизнес, транспорт, қурилиш индустрияси, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга оид, умумий қиймати 3 триллион сўмдан зиёдни ташкил этувчи 4,5 мингта лойиҳа ишлаб чиқилгани, бу мақсадлар учун жорий йилнинг ўзидагина банклар, хорижий инвесторлар ҳамда ишбилармонлар ҳисобидан 1 триллион 32 миллиард сўм маблағнинг ажратилиши Бухоро иқтисодий ҳаёти учун қулоқ эшитиб, кўз кўрмаган янгилик, вилоят аҳли учун Наврўз туҳфаси бўлди,—дейди узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаб, айни чоғда "Нуроний" жамғармаси Ромитан тумани бўлимини бошқараётган Телман ота Бақоев.—Илгари замонлар йирик корхона тугул, оддий бир болалар боғчасини қуриш учун Марказдан рухсат олар эдик. Яхшиямки у даврлар ортда қолиб, мустақил Ўзбекистонимиз жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари сафидан ўрин олиш учун фақат ўзининг меҳнаткаш халқига суянган ҳолда олға илдамламоқда.

Дарҳақиқат, воҳада амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари ичида Қандим газни қайта ишлаш заводи, Бухоро—Мискин темир йўли, қайта қуриладиган ва реконструкция қилинадиган Аму-Бухоро ирригация тизими, пиллани қайта ишлашдан тортиб, экологик тоза, ҳар қандай иқлимга мос ипак матоларни экспорт қилишга ихтисослашган "Бухоро бриллиант силк" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси, вилоятда етиштирилган пахта толасининг 65 фоизини қайта ишлаш қувватига эга бўладиган 7 та йирик саноат корхонаси, 1000 киши меҳнат қиладиган "Бухоро коттон текстиль" корхонаси, Олот ва Пешкў туманларида фаолият юритиб, 5000 кишини иш билан таъмин¬лайдиган пахта-тўқимачилик кластери, Швейцариянинг машҳур ¬"Ритер" компанияси замонавий ¬дастгоҳлари билан жиҳозланадиган "Индорама Индаст ЛТД" Ўзбекистон-Сингапур корхонаси, "Жондор чинор чорва" паррандачилик комплекси сингари ўнлаб ишлаб чиқариш объектларининг ўрин олгани вилоят иқтисодиёти тарақ¬қиёти янги босқичга кўтарилишига барчада ишонч уйғотиши баробарида қалбларни ғурур ва ифтихор туйғуларига тўлдирди.

Одамлар турмушини яхшилаш, уларнинг маънавий юксалиши, сиҳат-саломатлигини муҳофаза этишни таъминлаш Йўлбошчимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида устувор вазифа сифатида белгиланган. Президентимиз кўрсатмаси асосида вилоятимиз марказида универсал спорт мажмуаси, замонавий лойи-ҳалар асосида 50 та кўп қаватли арзон уйнинг барпо этилиши, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида янги қабулхона, Ибн Сино номидаги тиббиёт институтининг ўқув биноси ва клиникасининг қурилиши, туманлардаги шифохоналар ва қишлоқ врачлик пунктларининг энг янги асбоб-ускуналар ¬билан жиҳозланишига қаратилган лойиҳалар тақдимоти ана шу вазифаларнинг изчил тарзда амалга оширилишидан далолатдир.

—Юртбошимиз аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни жаҳон стан¬дарт¬лари даражасида ташкил этиш борасида шифокорлардан масъулиятини оширишни талаб қилиш билан бир қаторда уларнинг эл саломатлиги йўлидаги меҳнатлари учун барча шарт-шароитларни ҳам яратмоқда,—дейди 35 ¬йилдан буён шу соҳада ишлаётган уролог врач Муҳиддин Зикриллаев.—Республика ихтисослаштирилган урология маркази Бухоро филиалининг ташкил қилиниши шу йўналишда тиббий ёрдам кўрсатишни тубдан яхшилаш баробарида беморларни даволаниш, мураккаб операцияларни ўтказиш учун катта маблағ сарфлаб, пойтахтга ёки хорижга бориш ташвишидан халос этади.

Бухоро шаҳрининг қатор меъморий ёдгорликлари ўрин олган тарихий маркази ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Аммо сўнгги йилларда бу ҳудудда бетартиб қурилган янги бинолар, қадимий кўчалар қиёфасининг замонавийлаштирилгани мазкур халқаро ташкилот мутахассисларини ташвишга солган эди. Президентимизнинг Бухорога сафари чоғида ана шундай ҳоллар олдини олиш, эски шаҳарнинг асл қиёфасини сақлаш, Калон минораси ва масжиди, Мир-Араб мадрасаси каби меъморий ёдгорликларни таъмирлаш, қадимий савдо ¬расталарини тиклаш, мавжуд бозорлар ва ҳунармандчилик марказларига шарқона кўрк бағишлаш, экзотика ва миллийликка алоҳида эътибор берадиган чет эллик сайёҳлар учун қулай меҳмонхоналар бунёд этиш йўли билан бу кўҳна диёрни йирик туристик марказга айлантириш бўйича билдирган кўпгина амалий таклиф ва мулоҳазалари янгидан-янги лойиҳаларга асос бўлди.

Сўнгги йиллар мобайнида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, тадбиркорлик, шаҳарсозлик ва ободончилик борасида мамлакатимизнинг қатор ҳудудларидан анча ортда қолган воҳамиз шаҳар ва туманларининг муаммолари, уларни бартараф этиш йўллари Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Бухоро шаҳрида мутасадди раҳбарлар ва вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда атрофлича муҳокама қилинди.

Видеоселектор тарзида ташкил этилган бу йиғилишда раҳбарлардан талаб қаттиқ бўлди. "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ" деган олижаноб ғояни амалга ошириш йўлида самарали ишлаш барча мутасаддилар учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлиги, одамлар қалбига қулоқ тутиб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, осуда ва фаровон ҳаётини таъминлаш бош вазифалардан бири эканлиги таъкидланди. Танқидий-таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик барча даражадаги раҳбар фаолиятининг қоидаси бўлиши талаб қилинди. Эскича фикрлаш, эскича ишлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги айтилиб, янгиланишга интилиш туйғуси билан йўғрилган ¬бунёдкорлик лойиҳаларини амалга ошириш йўллари, азиз авлиё-ан¬биё¬лар ва улуғ пирлар руҳи қўллаб-қувватлаётган Бухорои шарифнинг истиқболлари кўрсатиб ўтилди.

...Бу йил қадимий диёрда ўрик, олма, гилос сингари дарахтларнинг гуллаши бир оз кечикди. Аммо Юрт¬бошимизнинг Наврўзи олам арафасидаги воҳамизга ташрифидан барча бухороликларнинг қалбида эртанги фаровон ҳаётга, қувончли ўзгаришларга бўлган ишонч ва умид гуллари қийғос очилди. Бу ишонч уларни белгиланган улуғвор лойиҳаларини рўёбга чиқаришда фидойилик ва жасорат кўрсатишга даъват этмоқда.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.