Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 25 дан: 21.03.2017

*Байрам мушоираси

Умр бўлсин

Табиат зап чирой очмиш, қаранг, дўстлар,

Бу олий бир неъмат эрур, яйранг, дўстлар.

Юраклар шўх, тиллар бийрон, сайранг, дўстлар,

Бу Наврўзи олам бугун масрур бўлсин!

Самода чарх урар завқдан кабутарлар,

Магар ёмғир ёғар эрса, кафт тутарлар.

Бу тириклик томчиси, деб нўш этарлар—

Ки Наврўзи олам бугун сурур бўлсин!

Қуёш гўё сенинг қалбинг, ёнар шаффоф,

Бу дунёни кийинтирмоқ тилагинг соф.

Деҳқон оғам, келгин, сени қилай тавоф,

Бу Наврўзи оламга ҳам манзур бўлсин!

Дастурхонинг кўк таомдан боз лиммо-лим,

Сумалак жон роҳатидир, қувват-ҳалим.

Ўзингдайин ризқинг улуғ, азиз элим,

Бу Наврўзи олам сенга ҳузур бўлсин!

Кўзларга жо бўлмиш яна турфа ранглар,

Куртакларнинг кипригида куй жаранглар.

Уйғонар Ер, дилга солиб шўх оҳанглар—

Ки Наврўзи олам бугун маъмур бўлсин!

Нетай, кўрдим ўсма қўйган қошларда ноз,

Капалакми, камалакми—ёшларда ноз.

Келинчаклар, ҳалинчакда айланг парвоз,

Бу Наврўзи олам тағин сернур бўлсин!

Баҳор асли баҳор эмас-муҳаббатдир,

Муҳаббатга етишмоқлик кўп заҳматдир.

Баҳор Сизга қутлуғ деган Тошпўлатдир,

Бу Наврўзи олам ёниқ умр бўлсин!

Тошпўлат АҲМАД.

Хуш айём

Уйқудан кўз очди мудраган замин,

Чечаклар ғунчалаб кулдилар хандон.

Яшарар табиат дақиқа сайин,

Гулларини сочар даставвал бодом.

Аста кўз очади ўтлар-ўланлар,

Атрофда бошланар ғивир-ғивирлар.

Баҳор келди дея суюнчи сўраб,

Тераклар толларга секин шивирлар.

Чечаклар оҳиста кўтаради бош,

Сочилур атрофга беғубор атри.

Нурларин таратар меҳрибон қуёш,

Туғилар шеъримнинг биринчи сатри.

Баҳор! Юракларга инган гўзаллик,

Уни таърифлашга ожиз қалам, сўз.

Эзгу ниятларни дилга битгулик,

Кириб келаётир хуш айём Наврўз.

Кўкдан оби раҳмат ёғдирар тўлиб,

Табиатнинг эрка малаги, Наврўз.

Бободеҳқон учун ризқу рўз бўлиб,

Кириб келаётир хуш айём Наврўз.

Умида СОДИҚОВА.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.