Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 24 дан: 18.03.2017

*Долзарб мавзу

Тиббий хизмат сифати — янги босқичда

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш борасидаги ишлар жадал давом эттирилмоқда. Аҳолига замон талабига мос тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилаётир. Мақсад беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, дори воситалари билан ишончли таъминлаш, жисмонан бақувват ва маънан етук, том маънодаги соғлом авлодни камолга етказишдан иборатдир.

Хўш, ҳукуматимиз томонидан бу борада қабул қилинаётган қарорлар ижроси бугун қай аҳволда? Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг тиббиёт ходимлари билан учрашувида белгиланган топшириқлар юзасидан воҳамизда қандай ишлар амалга оширилиши кутиляпти? Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом НАРЗИЕВ мухбиримиз билан бўлган суҳбатда қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармонида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли тармоқлари, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга доир устувор йўналишлар белгиланган. Давлатимиз раҳбарини 5 январь ва 7 февраль кунлари тиббиёт ходимлари билан бўлган учрашувларида тизимдаги муаммолар танқидий таҳлил этилиб, уларнинг ечими, ривожланиш истиқболлари белгилаб берилган эди.

Бугун вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳам муайян муаммолар йиғилиб қолганини инкор этиб бўлмайди. Чунончи, аҳолини мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиш, касалхоналарда диагностика ва даволаш стандартларига риоя қилиш, полипрогмазия ва политерапия ҳолатларининг олдини олишда сусткашликка йўл қўйилган. Соҳа ходимлари орасида ўз ишига совуққонлик билан қараш, таъмагирлик, порахўрлик сингари иллатлар кузатилган. Уларнинг этика ва деонтология қоидаларига риоя этишини назорат қилиш, хорижий давлатларда ишлаб юрган малакали мутахассисларни вилоятга қайтариш чораларини кўриш ишлари етарли даражада олиб борилмаган.

Айниқса, қишлоқ врачлик пунктларининг аҳволи қониқарсиз даражага келиб қолганини ҳеч бир баҳона билан оқлаб бўлмайди. Мавжуд 276 та ҚВПнинг 28,6 фоизи авария ҳолатида, 35,8 фоизи капитал, 27,5 фоизи жорий таъмирга муҳтож. Тез тиббий ёрдам бўлимларининг 75 фоизи, шохобчаларнинг 100 фоизи мослаштирилган биноларда жойлашган бўлиб, уларни янгидан қуриш ёки реконс¬трукция қилиш чоралари кўрилмаган. Айниқса, вилоятнинг чекка ҳудудлари "Қизилравот", "Кўкча", "Жарқоқ", "Жонгелди" қишлоқ участка шифохоналари, "Чуруқ" тиббий пункти биноларини янгидан қуриш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва малакали кадрлар билан таъминлаш энг муҳим вазифалар қаторида турибди. Тез тиббий ёрдам автомашиналарининг 15 фоизи 18 йилдан, 11,3 фоизи 10 йилдан зиёд вақтдан бери янгилари билан алмаштирилмаган.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, анчагина дорихона шохобчалари касалхоналар ҳудудида жойлашган бўлиб, чекланган нархдаги дори воситаларининг сотилишида қатор муаммолар юзага келган, айниқса, сутканинг кечки вақтларида нархларнинг сунъий равишда оширилиши ҳолатлари аҳо¬ли эътирозига сабаб бўлган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тизимда мавжуд шу каби муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, жамоатчилик фикри ва аҳолининг соғлиқни сақлаш йўналишидаги таклифларини ўрганиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш, тиббиёт муассасалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Бирламчи бўғинлар, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини такомиллаштириш, шошилинч, тез тиббий ва ихтисослаштирилган ёрдам сифатини тубдан яхшилаш, аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Диагностика ва даволаш стандартларига риоя қилиниши устидан қатъий назорат ўрнатилди, тиббий хизматнинг бепул турларини ҳар бир тиббиёт муассасасининг кўринадиган жойларига осиб қўйиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Қайд этиш лозимки, 7 февраль куни бўлиб ўтган учрашувда Юртбошимиз томонидан қишлоқ врачлик пунктлари жойлашувини қайта кўриб чиқиш, самарасиз ишлаётган пунктларни оптималлаштириш, мақсадга мувофиқларини поликлиникаларга айлантириш лозимлиги таъкидланган эди.

Ана шу заруратдан келиб чиқиб, аҳоли сони, кўп тармоқли ва оилавий поликникаларнинг яқин масофада жойлашганини инобатга олган ҳолда вилоятда мавжуд қишлоқ врачлик пунктларининг 71 таси поликлиникага айлантирилиши, 68таси ҚВП сифатида сақлаб қолиниши режалаштирилган. Ташкил қилинаётган поликлиника ва сақланиб қолинаётган ҚВПларнинг 100 фоизи тез тиббий ёрдам шохобчаси сифатида қайта шакллантирилиши натижасида аҳолининг тез тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжи қондирилади.

Шунингдек, вилоятдаги барча дорихоналарни бирма-бир ўрганиб, Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини назорат қилиш ҳамда сотилаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар нархларини шакллантириш устидан доимий мониторинг назорати йўлга қўйилгани ижобий натижа бермоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 10-11 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган урология марказининг вилоят филиалида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди. Вобкент тумани тиббиёт бирлашмасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш, Бухоро давлат тиббиёт институти учун 900 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси, 200 ўринли таркибий-функционал бўлимлардан иборат клиника лойиҳасини кўздан кечирар экан, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш халқимизни рози қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этди. Ибн Сино юрти Бухорода тиббиёт муассасалари фаолиятини дунё талаблари даражасига олиб чиқиш, унинг самарали фаолият юритишини таъминлаш борасида зарур кўрсатмалар берди.

Зеро, замирида инсон манфаатлари мужассам бундай саъй-ҳаракатлар тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуруламал бўлиши, шубҳасиз.

Суҳбатдош: Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.