Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 23 дан: 14.03.2017

"Ипак ва зираворлар" фестивали тараддуди

Туризм равнақи йўлида

Жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида вилоятимизга ташриф буюрган республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев Бухорода рақобатбардош туризм маҳсулотлари ва хизматларини яратиб, уларни ички ва халқаро сайёҳлик бозорларида тарғиб қилиш бўйича стратегия ишлаб чиқиш, соҳада реклама-ахборот фаолиятини кенг йўлга қўйиш бугунги кун талаби эканини таъкидлади.

Жорий йилнинг 26-28 май кунлари Бухоро шаҳрида ўтказиладиган ХVI анъанавий "Ипак ва зираворлар" фестивали ҳам айни шу мақсадга хизмат қилади. Тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган бу фестиваль доирасида ўтказиладиган тадбирлар концепциясида нималар назарда тутилган? Мазкур сайёҳлик ва ҳунармандчилик анжуманидан қандай самаралар кутилмоқда? Мухбиримизнинг ана шу саволларига вилоят ҳокимлиги аппарати котибият мудири, фестивалнинг доимий ишловчи ташкилий қўмитаси котиби Ботир НОРБОЕВ қуйидагича жавоб қайтарди:

—"Ипак ва зираворлар" фестивали Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ҳунарманд" уюшмаси ва Маданият вазирлиги ҳудудий бошқармалари, Бухоро давлат университети ва "Бухоро мероси" илмий-тадқиқот маркази иштирокида вилоят ҳокимлиги раҳбарлигида ўтказилади. Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад — вилоятда сайёҳликни янада ривожлантириш, диёримизга ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий турист¬лар оқимини кўпайтириш, халқимизнинг маданий ва тарихий мероси, санъати ва азалий урф-одатларини кенг тарғиб этиш, шунингдек, вилоятга хорижий сармояларни, замонавий технологиялар ва инновацион лойиҳаларни жалб қилиш орқали туризм соҳасини янада ривожлантириш ҳамда хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришдир,—дея гап бошлади суҳбатдошимиз.

Вилоят ҳокимининг жорий йил 13 февралдаги қарорига биноан тадбир ташкилотчиларининг Бухоро вилояти "Ипак ва зираворлар фестивали" жам¬ғармасини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқулланди. Эндиликда муассислар томонидан бир йўла тўланадиган ёки мунтазам келиб турадиган пул ва бошқа тушумлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайриялари, давлат, чет эл ва халқаро ташкилотлар ажратадиган грантлар, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бош¬қа тушумлар жам¬ғар¬манинг асосий манбалари этиб белгиланди.

Ўзбекистондаги дипломатик корпус, Бухоро билан биродарлашган шаҳарларнинг маъмурияти, вилоятимиз, республикамиз, шунингдек, қа¬тор хорижий давлатларнинг сайёҳлик таш¬килотлари ва компаниялари вакиллари, юртимиз ва чет эл сайёҳлари, ҳунармандлар, зираворчилар ва ошпазлар, бадиий жамоалар иштирокида ўтадиган фестиваль тадбирлари ғоят ранг-барангдир. 16 йилдан буён ўтказиб келинаётган фестиваль анъанасига мувофиқ сайёҳлик ва ҳунармандчилик байрами тадбир қатнашчиларининг меъморий обидаларга бой эски шаҳар кўчалари бўйлаб ўтадиган тантанали юриши билан бошланади.

Буюк ипак йўли карвонларини эслатувчи колонналар сафида мамлакатимизнинг барча вилоятларига хос миллий либослардаги йигит ва қизлар, фольклор жамоалари аъзолари, ҳунармандлар ва маҳаллий ёшлар карнай-сурнай садолари остида шаҳарнинг кўркам гўшаси—Лабиҳовуз меъморий мажмуи томон йўл олишади. Ҳамиша сайёҳлар ва меҳмонлар билан гавжум ана шу мажмуада фестивалнинг очилиш маросими ўтказилади.

Лабиҳовуз ёнидан санъат музейигача бўлган ҳудудда ўрнатилган павильонларда фестивалга ташриф буюрган мамлакатимиз ва хорижий ҳунармандлар ҳамда зираворчиларнинг маҳсулотлари савдо-ярмаркаси ташкил этилади. Уч кун давом этадиган ушбу ярмарка чоғида шаҳар аҳолиси ва чет эллик сайёҳлар марғилонлик атлас ва адрас тўқувчилар, Фарғона водийси, Сурхон воҳаси ва Жиззах вилоятидаги сўлим боғ¬лар, пурвиқор тоғлар ҳамда табиат қўриқхоналаридан йиғиштириб олинган доривор ўсимликлар, мевақоқи ва зираворларни, ¬нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикалар ва ҳатто олис хориж ҳунармандлари томонидан яратилган халқ амалий санъати намуналарини харид қиладилар.

Фестиваль доирасида зардўзлик, кандакорлик, кулолчилик, миниатюра санъати, гиламбофлик ва бошқа халқ амалий санъати турлари бўйича уста ҳунармандларнинг маҳорат сабоқлари ўтказилади, шаҳарнинг бир неча хиёбон, майдонларида вилоятимиз шаҳар ва туманлари, республикамизнинг турли ҳудудлари фольклор ансамбллари ва дорбозлик гуруҳларининг чиқишлари ташкил этилади. Аҳоли, айниқса ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тар¬ғиб қилиш мақсадида ўтказиладиган кураш мусобақалари, хўроз уриштириш, қўчқор жанги, шунингдек, янгидан тикланган қадимий миллий ўйинларнинг ишқибозлар ва хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиши аниқ.

Республикамиз турли вилоятларидан таклиф этилган машҳур ошпазлар палов сайлида пазандалик маҳорати бобида ўзаро баҳслашиб, тадбир меҳмонлари ва хорижий туристларни миллий таомларимиз билан сийлайдилар. Шунингдек, фестивалда ёш дизайнерларнинг миллий либослар ва замонавий модадаги кийимлар намойишини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Тадбир концепциясида "Бухоро ту¬рис¬тик эркин иқтисодий ҳудудини яратиш имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциясига алоҳида ўрин ажратилган. Ушбу анжуманда туризм ва сервис хизматига ихтисос¬лашган олий ўқув юртлари олимлари, республикамиз ва халқаро сайёҳлик ташкилотлари мутахассислари ва экс-пертлари, дипломатик корпус вакиллари вилоятда туризм салоҳиятини янада ошириш дастури асосида ҳаётга татбиқ этиладиган 39 та лойиҳа бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, соҳани ривожлантириш юзасидан таклифларини билдирадилар.

Хуллас, миллий қадриятларимиз ва маданий меросимизни мамлакат ва халқ¬аро миқёсда кенг тарғиб этиш нафақат республикамиз, балки чет эл инвесторларини жалб қилган ҳолда туризм ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, шу орқали янги иш ўринларини яратиш, пировард натижада вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсади кўзланган ХVI анъанавий "Ипак ва зираворлар" фестивалини том маънода сайёҳлик ва халқ амалий санъати байрамига айлантириш учун барча чора-тадбирлар кўрилади.

Суҳбатдош: Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.