Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 20 дан: 04.03.2017

*Таълим-тарбия жонкуярлари

Отасига издош муаллима

Бундан кўп йиллар муқаддам жондорлик ўқитувчи Ҳайдар Қиличев ҳар куни кечки маҳал тўнғич қизи Дилоромни етаклаганча, мактабнинг лаборатория хонасига борар, пробиркалардаги турли кимёвий моддалар билан тажрибалар ўтказарди. Қизалоқ эса шишаларда бурқсиб, чайқалиб турган турфа ранг суюқликларга боққан кўйи улардаги ўзгаришлар, жараёнларни қизиқиш билан кузатиб турарди. Шундай пайтларда ота гоҳ қандайдир китобларга кўз югуртирар, гоҳ дафтарига нималарнидир ёзар, гоҳ фарзандига ҳалиги моддаларнинг номини айтиб, хусусиятларини тушунтирарди. Ўз навбатида қизча дадасининг айтганларини мароқ билан тинглар, тез-тез савол берарди.

Бундан ташқари, у кимё фани ўқитувчиси Бахшулло Бобоев раҳбарлигидаги "Мўъжизасиз мўъжизалар" номли тўгаракнинг ҳам фаол аъзоси эди. Мактаб ҳузурида ташкил қилинган мазкур ёш кимёгарлар тўгарагида тенгдошлари билан фан сирларини ўрганарди.

Орадан йиллар ўтиб, ўша қизалоқ ота касбини танлади. Дилором Қиличева Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ)нинг кимё-биология йўналишида таҳсил олди. Шу ерда мурғак чоғлари падари бузруквори сабаб меҳр қўйган кимё фанини назарий ва амалий томондан чуқур ўзлаштирди. Бунда эса Раҳматулло Шойимардонов, Мансур Эргашев, Турсуной Курбанбаева каби устозлардан олинган сабоқлар асқотди.

—Киши озми-кўпми нимадир билса, шу нарсадан бошқаларни ҳам хабардор қилгиси, билимларини ўр¬тоқлашгиси келаркан,—дейди Д.Қиличеванинг ўзи.—Бундай хусусият менга отамдан ўтган. Эсимда, ўқувчилик дамларимда фан олимпиадаларида, турли танловларда қатнашганимда айнан у киши илк устоз сифатида йўл-йўриқ, маслаҳатлар берарди. Хусусан, у кишининг "Фақат меҳнат орқасидан яхши кунларга етасан, яхши ном топасан", "Ҳеч бир ишни эртага қўйма, йўқса у эртага яна ҳам кўпаяди" деган ўгит¬лари ёдимда муҳрланиб қолган. ¬Шунингдек, Бахшулло Бобоев, Ҳожи Олимов, Зебо Жўраева каби ўқи¬тувчиларимдан ҳам кўп нарсаларни ўрганганман. Уларга ҳавас қилиб муаллимлик касбини танлаганман. Ҳаётда нимагаки эришган бўлсам, бари устозларим шарофатидан.

У мана, қарийб ўттиз йилдирки, ўзи ўқиган, оқу қорани таниган жонажон билим даргоҳи—Жондор туманидаги 36-ўрта умумтаълим мактабида ўқувчиларга кимё фанидан дарс бермоқда. Бу орада юзлаб шогирдлар чиқарди. Ўқувчиларининг аксарияти халқ хўжалигининг муҳим тармоқларида хизмат қиляпти. Улар орасида мактаб ўқитувчиларидан тортиб, фан докторларигача бор. Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот марказининг илмий ходими, кимё фанлари доктори Ноира Воҳидова шулардан биридир. Бошқа бир шогирди Отабек Ражабов пойтахтдаги олий таълим муассасаларидан бирида кимё йўналишида дарс беради. Ўз вақтида муаллимадан сабоқ олган ¬Жаҳон Холов, Сухроб Қиличевлар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг малакали врачларидан. Маҳфуза Эргашева эса Жондор қурилиш ва миллий ҳу¬нар¬манд¬чилик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.

— Умуман, бизда истеъдодли, салоҳияти юқори ёшлар жуда кўп,—дейди мактаб директори Эркин Воҳидов.—Ҳамма гап уларни лаёқат ва қизиқишларига мувофиқ тарбиялаш, йўналтиришда. Бундай заҳматли, масъулиятли вазифани бажаришда эса Дилором Қиличева ¬сингари тажрибали педагогларимизнинг хизмати катта бўляпти. Дарвоқе, мен мактабда у билан олдинма-кетин ўқи¬ганман. Дилоромнинг отаси Ҳайдар ака Қиличев бизга кимёдан сабоқ берганлар. Эсимда, ёшгина қизнинг ўзлаштириш анчайин қийин саналган ушбу фанга қаттиқ меҳр қўйганидан айримлар ҳатто ажабланарди ҳам. Аслида табиатан оғир-вазмин бўлган мактабдошимнинг табиат сирларига бунчалик қизиқувчанлигини тасодифга йўймаслик лозим.

Дарҳақиқат, ҳар қандай жабҳада кишига билим, иқтидор, тажрибадан ташқари маълум маънода оғир-босиқлик, сабр, интизом ҳам керак. Эътиборлиси, Дилором опадаги бундай фазилатларни унинг кўплаб шогирдларида ҳам кўриш мумкин.

Ҳозир муаллима отасининг ишларини давом эт¬тиряпти. Ўқув даргоҳидаги "Кимё-биология" лаборатория хонаси ўқувчилар билан ҳамиша гавжум. Тажрибали педагог дарс жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, ўқи¬тишнинг "Мусобақа", "Заковат", "Ким ошди", "Конференция-дарс" каби янги усулларидан тез-тез фойдаланади. Шунингдек, у меҳрибон, дилкаш ҳамда жонкуяр, фидойи инсон сифатида жамоатчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига ¬асосан Д. Қиличева халқ таълими тизимидаги узоқ йиллик самарали меҳнатлари, ёш авлод таълим-тарбиясида алоҳида ўрнак кўрсатганлиги учун "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланди.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.