Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 20 дан: 04.03.2017

Ўзбекистон — Туркманистон: қардошлик ришталари

Ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик диёри

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти ла¬возимига киришиш маросимида қу-йидагиларни таъкидлаган эди: "...Мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек сақлаш ҳамда мустаҳкамлашни ўзимнинг устувор вазифам, деб биламан.

Маълумки, юртимизда виждон ва эътиқод эркинлиги, турли миллат вакилларининг ҳуқуқлари кенг кафолатланиб, диний бағрикенглик муҳити мустаҳкамланмоқда. Ҳозирги вақтда диёримизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳат яшамоқда, 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда".

Миллатлар ўртасидаги дўстлик, биродарликнинг бундай ёрқин намунасини юртимизнинг барча гўшалари қатори қадимий ва навқирон Ромитан тумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бир томондан Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси, бошқа томондан азим Амударёга туташ ҳудуддаги ушбу туманда ўзбеклар билан бирга туркман, тожик, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, рус, украин, татар, бошқирд, яҳудий, турк, озар, грузин, арман ва бошқа миллат вакиллари қўлни қўлга бериб, аҳил-иноқ яшамоқда. Улар диёримизнинг маънавий, маданий, ижтимоий ҳаётида фаол бўлиб, Ватан тараққиётига ўз улушларини қўшишяпти.

Одатда Ромитан ҳақида сўз кетганда, республикамизнинг ўзга ҳудудларида, шунингдек, қўшни Туркманистонда ҳам беихтиёр "ҳа-а, саховатли ёшулли Чориқулбойнинг юртими?" деб сўрашади. Бу бежизга эмас. Чунки ота-боболари 350-400 йиллар муқаддам ҳозирги Туркманистоннинг Дарғанота туманидан Бухоро заминига кўчиб келган, ўша замонларда Оромитан-Лағлақа номи билан танилган файзли гўшани, ҳадсиз-ҳудудсиз Қизилқумнинг бир четини макон тутган йирик сулола вакили бўлмиш бу шахс дарҳақиқат, саховатпешалиги, мардлиги, хокисорлиги, бағрикенглиги орқасида чор атрофга донг таратган эди. Эътиборлиси, ғайрат-шижоати, чорвачиликдаги ишбилармонлиги боис беҳисоб мол-мулк тўплаган, ўз навбатида бойлигини хайрли ишларга сарфлаган бу инсон томонидан ўтган аср бошларида Ромитанга кираверишда Зарафшон дарёси устида бунёд этилган кўприк ҳамда туман марказидаги клуб биноси ҳозирга қадар элимизга беминнат хизмат қилмоқда.

Ўз навбатида ҳудуднинг обод гўшаларидан бири бўлган "Қоқиштувон" ҚФЙ аҳолиси бугун Чориқулбой каби ҳиммат эгаларининг том маънодаги авлоди сифатида ободончилик, эзгу амаллар бобида фаоллар қаторида туради. Қизиғи, ушбу қишлоқнинг аталиши "кишти" ("кемачи") деган қадимги турк¬ман уруғининг номи билан боғлиқ. Ҳозир бу ерда ўзбегу туркман билан биргаликда тожик, қозоқ сингари турли миллат вакиллари баҳамжиҳат истиқомат қиляптилар. Улар орасидан анчагина таниқли кишилар ҳам етишиб чиққан. Иккинчи Жаҳон уруши қаҳрамони Эрнафас Хўжаев, турли фан йўналишларида тадқиқот олиб борган Тўхта Гулбоев, Норбой Жўраев каби олимлар, Неъмат Аминов, Сафар Барноев, Жўра Фозил, Собира Бўлдиевага ўхшаган истеъдодли ижодкорлар, шунингдек, турли йилларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган Нурулла Нарзуллаев, Исо Барноев, Облоқул Ашуровлар, тажрибали фермерлар Рустам Саидов, Ботир Ражабов, Ҳамро Эргашев, Зулфия Атоева, Зоир Саноқуловлар туман аҳлининг фахри ҳисобланадилар.

Дарвоқе, республикамизда айнан фермерлик ҳаракатининг илк ташаббускорлари қаторида ромитанлик миришкор деҳқонлар ҳам бўлгани барчанинг ёдида. Чунончи, шу ерлик Ҳамроқул Тўхтаев тузган кўп тармоқли фермер хўжалигининг довруғи эса бутун вилоятга таралган. "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор" деган фахрий унвон соҳиби бўлган бу инсон пахта, буғдой, сабзавот маҳсулотлари етиштириш баробарида паррандачилик, балиқчиликни ҳам йўлга қўйган.

Бугун диёримиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даргоҳларида қўшни республикаларнинг ёшлари ҳам таҳсил олаётгани ғоят қувончли. Улардан бири, Туркманистоннинг Лебап вилоятидан келиб, Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқиётган талаба Мамажан Кадирова шундай дейди:

— Бухоролик курсдошларимиз билан улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино таваллуд топган Афшона қишлоғини, у ердаги музей ва ҳайкални бориб кўрдик. Ҳамроҳларимиз орасида ромитанлик қизлар ҳам бор эди. Йўл-йўлакай улар ўзлари яшайдиган Қоқиштувон қишлоғига таклиф қилишди. Бу ерда, умуман, бутун мамлакатингизда бўлганидек, турли миллат вакиллари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик алоқалари, ўзаро самимий муносабатларни кўриб, бошимиз осмонга етди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари замирида ҳам айни шу ҳақиқат ётибди:

"Жамиятимизда ҳукм сураётган ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада ривожлантириш, қайси миллат, дин ва эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқликни таъминлаш эътиборимиз марказида бўлади".

Абдуғаффор ХОН, Ўзбекистон — Туркманистон дўстлик жамияти фаоли, адабиётшунос, таржимон.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.