Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 17 дан: 22.02.2017

*Акс-садо

"Биз ишли бўлдик"

Эрта тонгдан таҳририятга кириб келган 20 ёшлар атрофидаги қизнинг самимий чеҳрасида қандайдир қувонч ва миннатдорлик ифодаси акс этиб турарди. Ўзини ромитанлик Дилсора Асадова деб таништираркан, у гапни яқинда таҳририят томонидан ўтказилган "Матбуот — халқ билан мулоқот воситаси" мавзуидаги ижтимоий сўровномада иштирок этганидан бошлади:

—Ушбу сўровнома ҳаётимда ижобий ўзгариш ясади. Ўтган йил Ромитан қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини тугатдим. Бир қанча муддат ишсиз қолдим. Тўрт томонлама шартнома асосида бириктирилган корхона турли баҳоналар билан ишга олишни пайсалга солди. 12 январь куни "Бухоронома" газетаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда уюшмаган ёшлар қатори мен ҳам иштирок этиб, ўзимни қийнаётган ишсизлик муаммосини баён қилдиму, аммо ижобий натижани кутмагандим.

Бироқ, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай туман бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари уйимизга келиб, ҳудуддаги бўш иш ўринларини таклиф этишди. Мен¬га "Ромитан босмахонаси" МЧЖдаги тикувчилик касби маъқул бўлиб, жорий йилнинг 1 февралидан ишга қабул қилиндим. Бу эса Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мен учун муносиб совға бўлди. Ташрифимнинг сабаби ҳам айнан шу— миннатдорчилик билдириш, — дейди у сўзини якунлар экан.

Айтиш жоизки, "Бухоронома" газетасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жа-мия¬тининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молия¬лаштирилган "Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ ¬келажак сари" лойиҳаси доирасида ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни маънавий ва жисмоний баркамол этиб тар¬биялаш, йигит-қизларда ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда Ромитан туманида истиқомат қилаётган уюшмаган ёшлар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровнома ҳам шунга бир мисол. "Матбуот — халқ билан мулоқот воситаси" деб номланган мазкур тадбирда Дилсора сингари 45 нафар ¬ёш¬лар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришган эди. Сўровномаларда баён этилган муаммоларни ҳал қилиш тегишли тартибда мутасаддилар эътиборига ҳавола этилди. Уларнинг таҳририятга юборган жавоб хатларида акс этган ижобий натижа эса бизни қувонтирди.

Қайд этилишича, сўровномада иштирок этган 12 нафар уюшмаган ёшларнинг бандлиги вилоят меҳнат бош бошқармаси томонидан таъминланган. Қолган иштирокчиларнинг банд¬лигини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси ходимлари томонидан тадбиркорликни ихтиёр этган 10 нафар иштирокчига кредит олиш тартиби хусусида тушинтириш ишлари олиб борилган.

Сўровнома ортидаги тақдирлар изидан яна Ромитан туманига йўл олдик. Ташрифимиздан мақсад бандлиги таъминланган ёшларнинг ишлаш шароити ҳам¬да уларнинг меҳнат ҳуқуқлари тўла кафолатлангани билан танишишдан иборат эди. Тумандаги бир нечта корхоналар, хусусан, "Ромстар", "Ромитан босмахонаси", "Бобир-Азамат-Темир" МЧЖлари ҳамда тумангаз идорасида бўлиб, ишга жойлашган ёшларнинг қонуний ¬равишда меҳнат ҳуқуқи таъминланганига гувоҳи бўлдик.

—2013 йилда Бухоро политехника касб-ҳунар коллежини нефть ва газ технологи йўналиши бўйича тугатганман,—дейди Ромитан шаҳри, Алпомиш кўчасида яшовчи Фазлиддин Рамазонов.—Жорий йилнинг январь ойида ўтказилган тадбирдан сўнг менга туман бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари томонидан бир нечта иш ўринлари таклиф этилди. Уларнинг ёрдамида тумангаз идорасида назоратчи вазифасида иш бошладим. Кўрсатилган ғамхўр¬лик ва эътибордан мамнунман.

—Бир неча йилдан бери уйда зардўзлик билан шуғулланардим,—дейди сўровнома иштирокчиларидан яна бири Гуло¬йим Шехова.—Бироқ тайинли бирор корхона ёки ташкилотда ишлаш истаги тинчлик бермасди.Таҳририят томонидан ўт¬казилган сўровномадан сўнг "Ромстар" қўшма корхонасида тикувчи сифатида ишга жалб қилишгани орзуларимни рўёбга чиқарди.

Мулоқот ва кузатишлар ёшларни қийнаётган муаммолар билан танишиш, одамлар ичига кириб бориш имконини бераётгани рост. Суриштирув давомида муаммолари ҳал этилаётган ёшларнинг тақдири ҳам эътиборимиздан четда қолмай, туман бандликка кўмаклашиш маркази ходимларига мурожаат қилдик. Марказ мутахассиси Нилуфар Сафарованинг таъкидлашича, имконият даражасида таклиф этилган иш ўринлари баъзи ёшлар томонидан турли баҳоналар билан рад этилган. Ҳалигача хориждан осон ва мўмай даромад топишдек хомхаёллар билан ўзини алдаб юрганлар ҳам йўқ эмас. Шунга қарамай, уларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олишга ҳаракат қилиняпти.

Инсон қачон бахтли бўлади? Қачонки ўз ҳаётидан, турмушидан кўнгли тўлса, келажакка ишонч билан қараса. Шу кунларда мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, кучга кираётган янги-янги қонун ҳужжатлари бизнинг фаровон турмуш сари дадил бораётганимизни кўрсатиб турибди. Бироқ фаровонликка ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Бунинг учун нафақат давлат бошқаруви органлари ёки раҳбар ходимлар саъй-ҳаракати, балки ҳар бир фуқаро, айниқса, навқирон авлод вакилларининг жамият фаол аъзоси сифатидаги интилишлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бир мақсадга қаратилган баҳамжиҳат ҳаракат — мамлакат тарақ¬қиёти ва фаровонлигининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбирлари. Ушбу материал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган "Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ келажак сари" лойиҳаси асосида тайёрланди.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.