Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 16 дан: 18.02.2017

Ёшлар саломатлигининг муҳим омили

Тоҳиржон ИСТАТОВ олган сурат.

Акбарали Икромов бир неча йилдан буён юнон-рум кураши билан жиддий шуғулланади. Шу орқали соғлиғини мустаҳкамлаяпти. Дўстлар орттиряпти. Қолаверса, Вобкентдаги болалар-ўсмирлар спорт мактабининг истеъдодли ўқувчиларидан саналган ушбу ёш курашчи бултур мамлакат чемпиони бўлди. У айни пайтда Шаҳобиддин Жумаев, Ҳасан Асадов каби мураббийлар қўл остида галдаги мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда. Табиийки, бунда ўзи спорт сирларини ўрганаётган мазкур муассаса тасарруфидаги "Ёшлик" ўйингоҳида олиб бориладиган чиниқтирувчи машқлар ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Биз яқинда ёшлар билан ҳамиша гавжум айни шу масканда бўлганимизда, бу ердаги янгиланишлар, ўзгаришларни кўриб, очиғи, лол қолдик.

—Ўйингоҳимиз ўтган йили Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 1 миллиард 290 миллион сўмлик маблағи ҳисобидан капитал таъмирланди, — дейди туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудирининг ўринбосари Одилбек Амонов. —Эскириб кетган ёғоч ўриндиқлар ўрнига пластмасса ўриндиқлар, махсус айвон ўрнатилди. Югуриш йўлаклари янгиланди. 4800 нафар томошабинга мўлжалланган ушбу спорт мажмуасида айни чоғда ўғил-қизларимиз, оддий қишлоқ ёшлари футбол, мини футбол, катта теннис, стол тенниси, волейбол, баскетбол, енгил атлетика билан шуғулланишяпти.

Албатта, давлатимиз томонидан нав¬қирон авлод саломатлиги, баркамоллиги йўлида яратиб берилаётган бу каби имкониятларни воҳамизнинг бошқа ҳудудларидаги масканлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Чунончи, ўтган йили жам-ғарманинг манзилли қурилиш дастури асосида вилоятда 7 та объектда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ромитанда ёпиқ сув ҳавзасининг қурилиб, фойдаланишга топширилгани, Жондор, Олот, Бухоро шаҳри ва туманидаги умумтаълим мактабларининг спорт заллари ҳамда Шофиркондаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг реконструкция қилингани фикримиз далилидир. Жамғарма ажратган 1 миллиард 375 миллион сўмлик маблағ эса мазкур масканларни спорт анжомлари, зарур жиҳозлар билан таъминлашга йўналтирилди.

Шунингдек, республика Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил декабридаги "Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида вилоятда мавжуд 49 муассасадан паст самарали, моддий-техник базаси мустаҳкам бўлмаган спорт мактаблари мақбуллаштирилиб, улардан 18 тасининг фаолияти янгидан ташкил этилди.

— Фарзандлар саломатлиги ота-оналар учун олий бахт, келажак пойдевори, буни таъминлаш эса доимий вазифамиздир, — дейди жамғарманинг вилоят филиали директори Ўткир Нажмиддинов. — Ана шу мақсадда 2003-2016 йилларда ҳудудий бўлимимиз томонидан 102 та спорт иншооти барпо этилди. Бунинг учун жами 73 миллиард 480 миллион сўм сарфланди. Натижада вилоятда ёшлар, хусусан, қизлар орасида спорт билан шуғулланувчилар сони бир неча баробар ортди. 6-15 ёшдаги ўқувчилар ичида айнан спортга ошно тутинган қиз болалар 57 фоизга етгани ҳам бежиз эмас.

Албатта, яратилган барча шарт-шароитларга жавобан спортчи ёшларимиз мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муносиб қатнашмоқдалар. Универсиада ғолибларининг, Олимпиада ва Паралимпия ўйинлари совриндори бўлган вакилларимизнинг салмоқли қисмини бухороликлар ташкил этиши ҳам фикримизни тасдиқлайди. Лекин энг муҳими, фарзандларимиз, минглаб ёшларимиз айнан спорт сабаб саломатликларини мустаҳкамлашяпти.

Дарвоқе, мутахассислар томонидан жисмоний тарбиянинг болалар соғлигига, жисмоний ривожланишига таъсири бўйича ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, вилоятда балоғатга етмаганлар ўртасида касалликка чалиниш 2003 йилга нисбатан 5,7 фоизга камайган. Спорт билан шуғулланувчи болаларнинг бўйи бошқа тенгдошларидан кўра 3,9 сантиметр, кўкрак қафаси айланаси 0,7 сантиметрга, вазни эса ўртача 4,8 килограмга ошган.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.