Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 15 дан: 15.02.2017

Парламент аъзоларининг фуқаролар билан мулоқоти

якуни халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди

Маълумки, Ўзбекистон ¬Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилингани муносабати билан Олий Мажлис палаталарига вилоятлардан сайланган депутатлар ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, ижроия ҳокимияти идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиш ва тегишли хулосалар чиқариш ҳамда шу асосда Спикер ва Сенат Раиси иштирокида жойлардаги маҳаллий Кенгашларда муҳокамалар ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар берган эди.

Шу муносабат билан қуйи Олий Мажлис палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари вилоятлар туманларида аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларни қизиқтираётган масалалар, шунингдек, ташкилот ва идоралар фаолиятини ўрганмоқдалар.

Жорий йилнинг 10 февраль куни ўтказилган халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгаши сессияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 2017 йилнинг 1-10 февраль кунлари Шофиркон туманида ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳу¬қуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир олиб борган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда туман Кенгаши депутатлари билан бирга туман фаоллари, вилоятдаги бош¬қармалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, тегишли давлат ва жамоатчилик ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияда дастлаб ўрганиш якунлари хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б. Алихонов маъруза қилди.

Таъкидланишича, парламент депутатлари аҳоли билан мулоқот жараёнида туман ҳокимлиги, халқ депутатлари туман Кенгаши, ички ишлар, прокуратура,ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти ҳамда таълим муассасалари, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш муассасалари, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ҳолатини ўрганиб чиқдилар.

Депутатлар ва сенаторлар томонидан жами 700 дан ортиқ хонадон вакиллари билан учрашув ўтказилди. Мулоқот жараёнида аҳоли томонидан туманнинг барча ҳудудлари учун умумий бўлган масалалар—табиий газдан асоссиз қарздорлик, электр таъминотидаги узилишлар, кўмир етказиб бериш, ички хўжалик йўлларининг таъмирга муҳтожлиги ва бошқа муаммолар кўтарилган.

Депутатлар мулоқоти давомида бир қатор масалалар ўз ечимини топди. Жумладан, фуқаро Р. Вафоева 6,0 миллион сўм кредит маблағи олиш истаги борлигини, бироқ кредит олиш тартибини билмаслигини ҳамда кредит олиш учун зарур бўладиган кафиллардан бир киши етмаслигини айтиб, амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Ушбу масала ўз жойида ҳал қилиниб, Халқ банки туман бўлими томонидан 6,0 миллион сўм кредит ажратиш бўйича шарт¬нома тузилди. Халқ банки бошқарувчисининг ўзи шартнома бўйича кафил бўлди.

Туман марказидаги Кўчапоён кўчасида яшовчи Моҳира Адизова 100 бош товуқ учун кредит олиши, лекин ўзи ҳам, турмуш ўртоғи ҳам ҳеч қаерда ишламаслиги сабаб кафили йўқлигини билдириб, шу борада амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Суҳбат давомида фуқаронинг ўғли касб-ҳунар коллежи 3-курс ўқувчиси эканлиги, шунинг учун амалдаги тартибга асосан коллеж битирувчиларига 3 миллион сўмгача ҳеч қандай кафилликсиз кредит ажратилиши мумкинлиги тушунтирилди. Ҳозир шу кредитни олиш бўйича хужжатлар тегишли банк томонидан расмийлаштирилмоқда.

Вардонзе қишлоғида яшовчи фуқаро Шавкат Жалилов қорамолчилик хўжалигини ташкил этиш учун кредит олиш ниятида эканлиги, лекин пул кўчириш йўли билан чорвани етказиб берадиган бирор бир хўжаликни билмаслигини, баъзи хўжаликлар пул кўчиришда қиммат нарх таклиф этаётганлигини айтиб, шу масалада амалий ёрдам беришни сўради. Фуқарога туманнинг Денов ҳудудидаги чорва билан шуғулланувчи "Қурбон Рамазон даласи" деҳқон хўжалигидан пул кўчириш йўли билан арзон нархда қорамол олиб беришга тегишли шартнома расмийлаштирилди.

Чандир қишлоғида яшовчи фуқаро Амин Шукуровнинг оилавий аҳволи ўрганилганда, ушбу оила ижтимоий муҳофазага муҳтожлиги аниқланиб, хонадон "Агробанк"нинг туман филиали ходимлари томонидан ҳомийлик асосида 20 бош товуқ билан таъминланди.

Бундан ташқари, кредит олиш, моддий ёрдам ажратиш, иш билан таъминлаш сингари 100 га яқин мурожаатлар бевосита депутатлик назорати остида ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, депутатлар ва сенаторларнинг аҳоли муаммоларини ўрганиш жараёнида баъзи бир масалалар қонунчиликда ижро механизмининг тўлиқ акс этмаганлиги туфайли келиб чиқаётганлиги аниқланиб, бу борада амалдаги қонунларга баъзи бир ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар ҳам белгилаб олинди.

Мазкур масала муҳокамасида халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгаши раиси, туман ҳокими Ш. Жумаев, туман прокурори Ш. Набиев, ички ишлар бўлими бошлиғи А. Фозилов, туман Кенгаши депутатлари Қ. Қўлдошев, Э. Ҳасанов, Олий Мажлис Сенати аъзоси А. Латиповлар иштирок этди.

Сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов ҳамда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ў. Барноев қатнашди ва сўз¬га чиқди.

Сессияда муҳокама этилган масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Вилоят ҳокимлиги аппарати ахборот хизмати.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.