Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 14 дан: 11.02.2017

*14 февраль —Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

Яхшилик

Бу дунёда яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам айнан нималигини Заҳириддин Муҳаммад Бобур(1483-1530 йиллар)чалик обдон туйган зот кам топилса керак. Чунки ҳаёт унга ўта мураккаб тақдир йўлини раво кўрган эди. Ахир, унинг 12 ёшида отадан етим қолгани учун тахтга ўтириб, мамлакатни бошқариши, сўнг эса Ватанни босқинчилар ҳужумидан ҳимоя қилиши, уч марта улуғ бобоси Соҳиб¬қирон Амир Темур пойтахт қилган Самар¬қандни эгаллаб, ҳар гал уни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлиши, аввал ҳозирги Афғонистон, ундан кейин эса Ҳиндистонда давлат тузишига тўғри келган.

Айнан шунинг учун ҳам Бобурнинг шеърлари бевосита унинг юрак-бағридан отилиб чиққан. Бу мисраларни у хилват жойга кириб олиб, илҳом кутиб, шоир сифатида шуҳрат қозониш илинжида қоғоз қоралаб ўтириб ёзмаган. Улар ҳаётни тўғридан-тўғри акс эттиргани, жамиятда учраб турадиган фазилат ва иллатларнинг ўз номи билан аталиши, аксар ҳис-туйғу, хулоса ва ҳукмлари шахсий тажрибаларига суяниши жиҳатидан ўз давригача бўлган ўзбек шеърияти намуналаридан кескин ажралиб туради.

Бу фикрни исботлаш учун узоққа бориб ўтиришга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Чунки бунга шоирнинг биргина "Яхшилиғ" радифи билан тугалланадиган, ўзи бор-йўғи олти байтли ғазали ҳам ёрқин мисол бўла олади.

Бу ғазални ҳасби ҳол асар деса бўлади. Ҳасби ҳол деганда бевосита муаллифнинг таржимаи ҳоли, бошидан ўтказганлари билан боғлиқ асар тушунилади.

"Бобурнома"да муаллиф Фон юртининг подшосини карам ва саховат кўрсатиш, садоқат билан хизмат қилиш ҳамда одамгарчиликда ном қозонганини айтиб, унинг бу борадаги айрим ишларини тилга олади: "Фон малики карам ва саховат ва хизматкорлиқ ва инсоният била машҳур ва маъруф эди. Султон Масъуд мирзо, Султон Ҳусайн мирзо Ҳисор устига келганда иниси Бойсунқур мирзоға, Самарқандға юбу йўл била бориб эди, Фон малики етмиш-сексон от пешкаш қилди. Ўзга хизматкорлиқларни ҳам ушбу йўсунлиқ қилди".

Аммо бу саховатли подшоҳ Бобурга келганда тўнини тескари кияди: "Манга бир фурудроқ (пастроқ, пачоқроқ – С. О.) от йибориб, ўзи ҳам келмади. Бизга етганда саховат билан машҳур бўлғон эл хасис бўлур, мурувват била мазкур бўлғон элнинг муруввати унутулур. Хусравшоҳким, саховат ва карам била маъруф ва машҳур эди, Бадиъуззамон мирзоға не навъ хизматкорлиқлар қилғони мазкур бўлди, яна Боқи тархонға ва ўзга бекларга асру кўп инсоният (одамгарчилик — С. О.) ва бахшишлар (сов¬ғалар — С. О.) кўрсатти, икки навбат анинг вилоятидин убуримиз воқиъ бўлди, бизнинг абнойи жинсимиз (насабимиз, сулоламиз, темурийлар — С. О.) демайки, адно (паст даражадаги — С. О.) нав¬каримизга қилғон инсониятни бизга қилмади, балки навкаримизча бизни кўзга илмади".

Байт:

Ким кўрубтур, эй кўнгул,

аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Кимки ондин яхши йўқ,

кўз тутма ондин яхшилиғ .

Матлаъ, яъни биринчи байтнинг ўзида шундай кучли мантиқ борки, гўёки унда ғазалнинг бош хулосаси айтиб қўя қолинган.

Шоир кўнгилга мурожаат қилиб: "Жаҳон аҳлидан, яъни одамлардан ким яхшилик кўрибди?" — дейди. Бу — риторик савол. Жавоби ичида: "Жаҳон аҳлидан ҳеч ким яхшилик кўргани йўқ!" Бу гапдан кейин: "Модомики, жаҳон аҳлидан ҳеч ким яхшилик кўрмаган бўлса, эй, кўнгил, сен ҳеч кимдан яхшилик кутиб ўтирма!" — деган мантиқий хулоса келиб чиқади.

Ўртачароқ бир шоир иккинчи мисрада шу гапни айтиб қўя қолиши ҳам мумкин эди. Аммо Бобур шунчаки шоир эмас-ку. Таъсирчанликни ҳадди аълосига етказиб: "Шундай одам бўлсаки, дунёда ундан яхши киши топилмаса, ҳатто, ана ўшандан ҳам яхшилик кутма!" Бу ерда кучли мантиқ бор: ахир, ўша энг яхши одам ҳам жаҳон аҳлидан бири-да.

Байтдаги яна бир ифодавий ўзига хосликни кўздан қочирмаслигимиз керак. Алишер Навоийнинг машҳур рубоийларидан бири шундай жаранг¬лайди:

Жондин сени кўп севармен,

эй умри азиз,

Сондин сени кўп севармен,

эй умри азиз.

Ҳар неники севмак ондин

ортуқ бўлмас,

Ондин сени кўп севармен,

эй умри азиз.

Рубоийда келган "умр" сўзини ҳозирги маънодаги "умр", яъни "бирор инсоннинг яшаган даври" деб эмас, балки "ҳаёт" деб тушуниш керак. Лирик қаҳрамон ана шу азиз ҳаётни жондан ҳам, сондан (яъни ҳаддан ташқари кўп бўлган нарсадан) ҳам кўпроқ севишини айта туриб, агар бирор нарсани севиш ундан ортиқ бўлмаса, ана ўшандан ҳам сени кўп севаман, дейди.

Бобурнинг ҳозир келтирганимиз байтида лисоний жиҳатдан шунга ўхшаш ифода қўлланган. Навоийнинг "агар бирор нарсани севиш ундан ортиқ бўлмаса..." деган оҳорий (оригинал) ифодаси билан Бобурнинг "шундай одам бўлсаки, дунёда ундан яхши киши топилмаса..." деган ифодаси ўртасидаги вобасталик, аниқроғи, ўзаро таъсир шундоққина кўриниб турибди.

Бобурнинг мазкур байтида яхшилик ер билан яксон қилинди: мутлақо йўқ нарсага умид боғлашдан не маъни чиқади?!

Лирик қаҳрамон шундай қатъий хулосасини илгари сурганидан хижолат чекаётибди, албатта. Шунинг учун кейинги байт¬да энди ўзининг кўнглига эмас, "рафиқ", яъни ўртоқ ёки дўстга мурожаат қилиб, унга узрини, аниқроғи, нега бундай деганининг сабабини айтади:

Бу замонни нафй қилсам,

айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетойин,

бу замондин яхшилиғ.

Мазмуни тушунарли: "Бу замонни қораласам, рад этсам, эй ўртоқ, мени айблама, чунки, ахир, бу замондан ҳеч бир яхшилик кўрмаган бўлсам, нима қилай?"

Ана шу байтдаги лирик қаҳрамон тимсолида Бобурнинг ўзини кўрамиз. 1498 йили 15 ёшли юрт ҳукмдори учун киндик қони тўкилган Андижонидан айрилиш, 1370 йилдан буён, яъни 128 йил мобайнида улуғ бобоси Соҳибқирон Амир Темурдан мерос бўлиб келаётган тахтни бой бериш қанчалар оғир эканини бир тасаввурга келтирайлик. Муаллифнинг шахсий ҳаёти замон ҳақида шундай қатъий хулоса қилиш учун тўла асос бўлар эди.

Бундай мураккаб жараёнларда кишининг дўст-ёрлари ҳам садоқат қилмаслиги, улардан ҳам кўп ёмонликлар кўриш мумкин:

Дилраболардин ямонлиқ

келди маҳзун кўнглума

Келмади жонимға ҳеч

ороми жондин яхшилиғ.

Мазмуни: "Менинг маҳзун кўнглимга дилраболардан (яъни дилтортар кишилардан ҳам) ёмонликлар келди, жонимга эса ороми жонимдан ҳам яхшилик келмади".

Кейинги байт шу фикрларга бевосита боғланади. Лирик қаҳрамон яна кўнгилга мурожаатга ўтади:

Эй кўнгул, чун яхшидин

кўрдунг ямонлиғ асру кўп,

Эмди кўз тутмоқ не маъни

ҳар ямондин яхшилиғ?!

Мазмуни: "Эй кўнгил, модомики, яхшилардан шунчалар ёмонликлар кўрган бўлсанг, энди ҳар бир ёмон кишидан яхшилик кутишингда не маъни бор?!"

Таъбир жоиз бўлса, шеърнинг биринчи қисми шу ерда тугайди. Кўриб ўтганимиздек, бу тўрт байт бошдан-¬охир лирик қаҳрамоннинг норозилик кайфия¬тини ифодалашга бағишланган.

Бу фикрларни илмий ифода билан "тезис" деб айтсак, кейинги, яъни мақтаъдан олдинги байтда шоир энди шунча асослаб-исботлаб келган мантиқий фикрларига тамоман зид ғояни илгари суради. Илм тилида бу "антитезис" дейилади. Одамлар¬ ("аҳли жаҳон")дан, энг яхши киши("кимки ондин яхши йўқ")дан, замондан, яқин ("дилрабо")ларидан бирон-бир яхшилик кўрмаган, ҳар ёмондан яхшилик кутиш бемаънилик деб билган лирик қаҳрамон мантиқ юзасидан ўқувчиларни яхшилик қилишдан қайтариши лозим эди.

Аммо кейинги байтда биз гўёки кутган ана шу "мантиқ"қа мутлақо зид ғоя илгари сурилади:

Бори элга яхшилиғ қилғилки,

мундин яхши йўқ, —

Ким дегайлар даҳр аро:

"Қолди фалондин яхшилиғ".

Мазмуни: "Бори элга, яъни ҳаммага яхшилик қилгинки, дунёда бундан яхши иш йўқ, ана шунда дунё аро: "Фалон кишидан яхшилик қолди", — дейишади".

Ғазалнинг олдинги байтлари мазмунидан келиб чиқилса, нисбатан кутилмагандек туюладиган, одатда, мақтаъдан олдин, баъзан эса мақтаъдан иккита олдин келадиган бундай қўшмисралар "бегона байт" дейилади.

Жаҳон адабиётида инсонпарварлик (гуманизм) ғоялари тарғиби ва талқини ҳа¬қида жилд-жилд китоблар битилган. Бироқ бу ғазалдаги инсонпарварликнинг мақоми — жуда баланд. Ахир, Ер юзида яхшилик анқонинг уруғи, ҳеч кимдан ҳеч қандай яхшилик кўрмадим, деб турган бир маҳалида лирик қаҳрамон яна ҳаммани барчага яхшилик қилишга, бу ўткинчи дунё¬да яхши ном қолдиришга даъват этаётибди-ку.

Аччиқ ҳақиқат мантиғи шуки, яхшилик қилмай туриб яхши ном қозониб бўлмайди!

Ғазалнинг мақтаъси (охирги байти) одатда хулоса вазифасини ўтайди. Ўқувчини яхшилик қилишга даъват этиб турган лирик қаҳрамон яна кўнгли билан "сўзлашиш"га ўтади:

Яхшилиғ аҳли жаҳондан

истама Бобур кеби, —

Ким кўрубдур, эй кўнгул,

аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Мазмуни: "Эй кўнгил, сен Бобур каби аҳли жаҳондан яхшилик истама, ахир, аҳли жаҳондан ким яхшилик кўрибдики, сен кўрсанг!"

Эътибор берган бўлсангиз, матлаънинг биринчи мисраси (ғазалнинг илк сатри) мақтаънинг иккинчи мисраси(ғазалнинг сўнгги сатри)да айнан такрорланади. Яъни ғазал қандай мисра билан бошланган бўлса, шундай мисра билан тугалланади. Мумтоз адабиётшунослигимизда бундай усул "радд ул-матлаъ" санъати дейилади.

Мақтаъда лирик қаҳрамон биз, шартли равишда, "биринчи қисм" деб атаган даст¬лабки тўрт байтда баён этилган фикрларига ҳамоҳанг хулосани илгари суради. Бошқача айтганда, аҳли жаҳондан яхшилик кутмай туриб ҳам, бу дунёда одамлардан ҳеч ким яхшилик кўрмагани аниқ бўлса-да, барибир, яхшилик қил, деган ғоя тарғиби яна кучайтирилади.

Бу ғазални раҳматли хонандамиз Маъмуржон Тўхтасинов ҳадди аълосига етказиб ижро этган эди. Шу ашула кўп қисмли "Бобур" видеофильмининг эпиграфи янглиғ ҳар қисмда янграйди. Шу тариқа у телеасарнинг бош лейтмотивига айлантирилган.

Бу ғазал — макон ва замон занжирларидан тамоман холи асар. Уни хоҳлаган маҳал, Ер юзининг исталган ерида, ҳатто, қайси тилда ўқисангиз ҳам, кўнглингизда яшашга иштиёқ, эзгуликка интиқлик сезасиз.

Бобурнинг лирик қаҳрамони, аслида, ўз кўнглига мурожаат қилаётган эди. Амалда эса ғазал жозибаси билан сизнинг кўнглингизни ҳам банд айлаганини билмай қоласиз.

Бу ғазал — шуниси билан буюк.

У, ҳеч шубҳасиз, жаҳон лирикасининг бебаҳо дурдоналаридан бири ҳисобланади.

Султонмурод ОЛИМ, "Нақшбандия" журнали бош муҳаррири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.