Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 12 дан: 08.02.2017

Сизни Ватан кутмокда...

Суратда: тадбирдан лавҳа. Сергей ПОЛЕТАЕВ олган сурат.

Айни кунларда бутун мамлакатимизда бўлганидек, воҳамизда ҳам Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга тантанали кузатиш маросимлари ўтказилмоқда. 4 февраль куни вилоят мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлими йиғин пунктида шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди.

Айни шу маросим олдидан биз Бухоро шаҳрида яшовчи Азизбек Турсунбеков билан танишиб қолдик. У анчадан буён қўл жанги билан шуғулланаркан. Кўринишидан эпчил, дадил бу йигит бултур Бухоро автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежини тамомлаган. Энди эса спортга ошно тутингани, таълим даргоҳида пухта билим олгани болаликдан дилига туккан ниятининг ушалишида асқотди. Тиббий кўрикдан, жисмоний тайёргарлик синовларидан муваффақиятли ўтди. Шунингдек, Давлат тест марказининг тегишли фанлар бўйича имтиҳонларини ҳам аълога топширди. Шу тариқа у кўплаб тенгқурлари қатори муддатли ҳарбий хизматга жалб этилди.

Унинг ёнида турган Абдулла Саъдуллаев деган йигит ҳам суҳбатимизга қўшилди.

—Оилада учинчи фарзандман,—дейди когонлик бу йигит ўзи¬ни таништираркан.—Илгари акам ҳам йигитлик бурчини ўтаб қайтганди. Энди бундай шараф менгаям насиб этганидан беҳад шодман. Дарвоқе, болалигимдан боксга меҳр қўйганман. Спорт усталигига номзодман. Бултур ¬Бразилияда ўтган ёзги Олимпиадада кумуш медални қўлга киритган Шаҳрам Ғиёсовнинг мураббийи, "Дўстлик" ордени соҳиби Равшан Хўжаев менинг ҳам устозимдир. Ўйлайманки, спорт билан жиддий шуғулланганим ҳарбий хизмат давомида қўл келади.

Тадбир давомида Азизбек ва Абдуллага ўхшаган яна кўпгина йигитлар билан ҳам дилдан суҳбатлашдик. Қизиқишлари, келажакдаги режалари тўғрисида сўрадик. Эътиборлиси, уларнинг бари бир жиҳатни—она Ватанни ҳимоя қилиш, унинг мудофааси, тинч¬лиги, шаъни йўлида керак бўл¬са жон фидо этишни ўзлари учун энг олий матлаб ҳамда саодат эканлигини таъкидлашди.

Ушбу маросимда вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармасининг ҳудудий бўлимлари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотлар вакиллари, шунингдек, муқаддас бурчни ўтагани отланган йигитларнинг ота-оналари, яқинлари, дўсту биродарлари иштирок этишди.

—Мана шу алпқомат, жасур, кўзларида ўт ёнаётган ўғлонларни кўриб, ёшлигим эсимга тушди,—дейди тадбир қатнашчиси, "Нуроний" жам¬ғармаси фаоли Боқи ота Баракаев.—Афсуски, у даврда ҳарбий хизматни олис, бегона юртларда ўтардик. Ўғлини армияга узатган ота-она минг бир ўй, хавотир билан яшарди.

Шукурки, мустақиллик шарофати билан Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш тизими ҳам тубдан ўзгарди. Йигитлик бурчини ўташ шон-шараф ишига айланди. Бугунги тадбир чоғи дилбандларимизни, юрт ҳимоячиларини кузатиб қўярканмиз, айни шу нарсани янада теранроқ ҳис қилдим.

Шу каби дил изҳорларини ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг оила аъзолари юз-кўзида, ҳар бир эътирофу сўзида ҳам кўриш, тинглаш мумкин эди. Айниқса, оналарнинг фахр-ифтихор ва бахтиёрлик акс этган нурли чеҳраларига боқиб туриб, юрти¬мизда қарор топган тинчлик, осойишталикка қайта-қайта шук¬роналар қиласан, толеимизга пос¬бонларимиз ҳамиша омон бўлишини тилайсан, киши.

—Ўғлим Элнуржонни ҳарбий либосда кўрган чоғимдаги ҳиссиётларимни таърифлашга ожизман,—дейди олотлик Малоҳат опа Жабборова қалб кечинмаларини ўртоқлашаркан.—Энди у осуда ҳаётимиз, юртимиз дахлсизлиги йўлида қутлуғ бурчини ўтайди. Шу боис Ватан ҳимоячисининг волидаси эканлигимдан ғурурланаман.

Тоҳиржон ИСТАТОВ олган сурат.

Тантанали кузатиш маросими аввалида ҳарбий оркестр ижросида давлатимиз мадҳияси янгради. Шундан сўнг вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, подполковник Шуҳрат Мусаев, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфия Тўйева ва бошқалар сўзга чиқиб, бўлғуси аскарларга ўз бурч¬ларини шараф билан адо этишларида омад тиладилар.

Тадбир давомида ҳарбий хизматга чақирилувчиларга республика Мудофаа вазирлиги номидан "Армия—ҳаёт мактаби" номли китоб ҳамда вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилиб, байрам дастурхони ёзилди.

Дарвоқе, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси масъул ходими, майор Акмал Маматовдан олган маълумотимизга кўра, ўтган йили 247 нафар бухоролик йигит ҳарбий хизматдан тегишли тавсиянома билан қайтган. 49 нафар вилоятдошимиз эса миллий армиямиз сафларида шартнома асосида хизматни давом эттиряпти.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.