Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 12 дан: 08.02.2017

*9 февраль — Алишер Навоий таваллуд топган кун

Шоир ҳикматлари

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

* * *

Киши айбинг деса, дам урмағилким, ул эрур кўзгу,

Чу кўзгу тийра бўлди, ўзга айбинг зоҳир айларму.

* * *

Халқи ўлғон сахийдин элга бўлди икки бахшойиш,

Ҳам эҳсонидин оройиш, ҳам ахлоқидин осойиш.

* * *

Оғзинга кирган такаллум риштасин чекма узун

Ким, бу иштин сарнигунлуқ юзланиб, нуқсон келур.

* * *

Сен агар тарки тамаъ қилсанг, улуғ ишдур буким,

Олам аҳли барча бўлғай бир тараф, сен бир тараф.

* * *

Юз жафо қилса манга бир қатла фарёд айламон,

Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам.

Шоир ижодида чолғулар тимсоли

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари ўз асарларида чолғуларнинг нафақат ўзига хос парда тизимларига, уларнинг оҳанг хусусиятларига таъриф берган, балки илоҳий ва фалсафий жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда созларни ташбеҳу ўхшатишлар асосида бадиий талқин этган. Ўша даврда кенг қўлланилган, ижро амалиётида бўлган ушбу мусиқий асбоблар сирасига эса най, чанг, ғижжак, танбур, уд, рубоб, қўбуз, даф, чағона, руд, ноғора кабиларни киритиш мумкин. Муҳими шундаки, Навоий уларнинг шакли, ижро усулига хос иборалар билан ўзаро уй¬ғунликда асарлари ҳар бир сатрини чуқур мазмун билан бойитган, соз санъати атамаларидан ғазал ғоясини ифодалашда фойдаланган. Жумладан, "Ғаройиб ус-сиғар" девонидаги 581-ғазалнинг қуйидаги байти ҳам шу жиҳатдан эътиборли:

Оташин май бирла, эй соқий, қизитқил базм,

Мутрибо, ул ўтни тез этмакка ол оғзингга най.

Маъноси: Эй соқий, оловдек май билан базмни жонлантир, мутриб, сен эса мана шу оташни тезроқ алангалатиш учун лабингга найни ол.

Най азалдан илоҳий чолғу саналгани тасаввуф аҳли султони Жалолиддин Румий ижоди орқали ҳам бизга маълум. Юқоридаги байтда Навоий соқий дея устозу пирни, унинг ўтдек майи деб маърифат ва илоҳиётни, базм деганда эса жамоат билан ўрганилаётган илм ёки қилинаётган ибодатни назарда тутган.

Бошқа бир байтда эса шоир найдан ташқари яна карнай, кўс (ноғора)ни ҳам тилга олган:

Ною нафир унидин мағрур бўлма, эй шаҳ,

Ким, бу навони тузган кўси фано чолиптур.

("Наводир уш-шабоб", 171-ғазалдан)

Мазмуни: Эй шоҳ, най ва карнай овозидан ғурурланиб кетма, ушбу куйни чалаётган Зот бу дунёнинг фонийлигидан дарак берувчи ноғорасини чалмоқда.

Мазкур мисраларда мағрур кишиларга ҳаётнинг барча учун ғанимат эканлиги эслатиляпти. Бунда карнай образида жангу жадаллардаги ғалабалар тасвирланиб, ноғора тимсолида эса бу каби зафарларнинг бари ўткинчилиги таъкидланганини айтиб ўтиш жоиз.

Шоирнинг бебаҳо асарларида уднинг овози, тембри, кўриниши, торлари хусусидаги сатрларни ҳам учратиш мумкин. Ҳазрат "Маҳбуб ул-қулуб"да чолғуларнинг товуш хусусиятларига баҳо бериб, уларнинг инсон руҳий оламига таъсир кучи ҳақида теран фикрларни баён этаркан, "Чанг зорланувчи бўлса, уднинг нағмаси ундан ҳам ортиқ юракни эзувчидир", дейди. Бунинг боиси, дарҳақиқат, ушбу мусиқий асбобнинг овозида ўзга созларга хос бўлмаган аллақандай мунг, нола борлигидадир.

Навоий "Ғаройиб ус-сиғар"даги бир ғазалида биринчидан, уднинг торлари ўзининг жон ришталаридан, ипларидан яралгани учун ҳам ундан таралаётган оҳанг дардли эканлигини айтса, иккинчидан, ана шу чолғу фано тўғрисида куйловчи соз эканлигини англатиш асносида удни илоҳиёт билан боғлайди.

Мир Алишер асарларига ишланган миниатюралар орқали ҳам айни шу масалага оид тасаввуримиз бо¬йийди. Чунончи, Уйғониш даври Шарқ рассомларининг "ота"си саналган Камолиддин Беҳзод чизган қатор суратларда даф (доира), най, уд, чанг кабилар тасвирланган. Миниатюралар, авваламбор, бизга мусиқа асбобларининг кўриниши, шунинг¬дек, ижро жараёни, ундаги муҳит, қолаверса, созанда ва тингловчилар хусусида маълумот беради. Бундан яна шу нарса аён бўладики, Навоий замонасида айнан шу чолғулардан кенг фойдаланилган.

Алалхусус, соз номлари, уларга берилган таърифлар, шу орқали яратилган оригинал образлар, ғоялар тизими улуғ бобокалонимиз ижодини теранроқ англашимизда бебаҳо аҳамиятга эга.

Наргиза ХУСАИНОВА, Бухоро санъат коллежи ўқитувчиси, мусиқашунос.

"Улуғ комлардин эдим бахтиёр..."

Ҳар бир улуғ ижодкор айни вақтда улуғ инсон ҳамдир. Шу боис уларнинг нафақат асарларини ўқиш ва уқиш, балки шахсий ҳаётларини ҳам билиш, умр йўлларини адабий фаолияти билан узвийликда ўрганиш лозим. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, муаррих Хондамир ҳазрат Навоий ўз замондошларини чин инсоний фазилатлари билан ҳам лол қолдирганини бежиз таъкидламаган.

Улуғ шоирнинг ўзи "Ҳайрат ул-аброр"¬да ёзади:

Айла Навоийни бурун одамий,

Ким бўла олғай бу ҳарам маҳрами.

Навоий умуман инсон зотини "олам ичидаги олам" ("олами суғро"), "табиатдаги энг ноёб гул", "ризвон гули", "кўзгу" ("миръот"), "ҳар икки оламда шарафланган" ("шариф ул кавнайн") каби сифатлар билан улуғлар экан, у бани одамни ижтимоий-сиёсий, ахлоқий жиҳатдан бадиий кашф этади. Зотан, одамийликнинг ўзи маънавий камолотнинг энг юксак чўққисидир. Агар кишида шу нарса устувор бўлса, у ҳар қандай шароитда ҳам тубанлашмайди, худбинликка берилмайди. Доимо ватанини асраб, обод этади, халқ манфаатларини ҳимоя қилади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидек, "Барчамизга яхши аёнки, инсон манфаатларини юрт тинчлиги, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитидан ажратган ҳолда тасаввур этолмаймиз. Буларнинг барчаси бизнинг бебаҳо бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир".

Буюк шоирнинг серқирра ҳамда сермазмун фаолиятида айни шу жиҳатларнинг ибратли амалий ифодасини кўрамиз. Чунончи, Хондамир ўзининг "Макорим ул-ахлоқ" асарида ёзишича, Ҳусайн Бойқаро Хоразмдаги ерларни обод этиш учун Хуросондан уч минг хонадонни кўчириш тўғрисида фармон чиқарган. Лекин одамларга туғилган гўшаларини ташлаб кетиш оғир эди. Шунда Навоий ҳукмдорни бу ишдан қайтаришга ҳаракат қилган. Ўз навбатида шоҳ жасоратли Амирнинг бу эзгу ниятини тушуниб, кўчириладиган кишилар сонини анча камайтирган. Мутафаккир шоирнинг қаламига мансуб "Вақфия"дан келтирилган қуйидаги фикрлар ҳам шу нарсани тасдиқлайди:

"...Ул ҳазратнинг қуллуғин иртикоб қилурда ҳеч навъ ўз ғараз ва маслаҳатим мутасаввар эрмас эрди... Нафсоният боғида орзу ниҳолин интиқоъ илиги била қўнгариб, амал мазраида таваққуъ хирманин фақр ўти била куйдириб, ул хирман кулларини фано елига совурдим.

То ҳирсу ҳавас хирмани

барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри

барафтод ўлмас.

То зулму ситам жониға

бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат

обод ўлмас".

Навоийнинг яна бир юксак фазилати адолат билан иш кўриши, ҳамиша ҳақиқат учун курашишида эди. У ҳаёти давомида одамларнинг аксар ҳолларда асл инсонлик мартабасига етмаганини, турли амалдорларнинг инсофсизлиги, золимлиги ва текинхўрлигини, айрим олимларнинг ўз илмига амал қилмаслигини, ҳарбийларнинг босқинчилик юришларини ("ишлари талай олғонни таламоқ"), қозиларнинг пора¬хўрлигини, "ошиқман" деганларнинг чин ошиқ эмаслигини кўп бора кўрган, кузатган. Бу каби ҳолатлардан ранжиган шоирнинг фикрича, инсон қадр-қиммати аввало унинг ҳалол меҳнати билан белгиланади. Зеро, деҳқон ерга яхши ишлов бермаса, боғбону ҳунарманд ўз касбини пухта эгалламаса, хаттот битикларни хато кўчирса, муаллим ("мактабдор") "бегуноҳ маъсумларға жафокорлиғ" қилса, савдогар харидорни алдаса, "эл шод, мамлакат обод бўлмас".

Навоий бош вазир бўлганида ўз эҳтиёжи учун ўртача бир одам сарф-харажатига яраша маблағ олган, холос. Улкан бойлиги бўлганига қарамай, мол-дунёсининг барини фақат халқ ва мамлакат эҳтиёжларига, "қуёш янглиғ бир кулча билан тирикчилик ўтказувчиларга", илм-фан, санъат, маданият равнақи йўлида зарур ишларга, биною иншоотлар қуришга сарфлаган.

Хондамир "Макорим ул-ахлоқ"да ҳазратнинг хайрли амаллари тўғрисида аниқ маълумотларни келтириб, Низомиддин Амир Алишернинг фуқаро ва дарвешларнинг фаровонлиги учун хонақоҳ, работ, кўприк, ҳовуз ва ҳаммомлар барпо қилдирганини эътироф этган.

Бошқа бир буюк ижодкор Мирзо Бобур Навоийнинг қоғоз ишлаб чиқариш корхонаси ("қоғоз жувози") бўлганини, Ҳиротда уни атай бориб кўрганини ёзган. "Бобурнома" муаллифининг "Мунча бинойи хайрким, ул қилди, кам киши мундоққа муваффақ бўлмиш бўлғай" деган сўзларида ҳам катта ҳақиқат бор.

Бундан ташқари, Навоийнинг "Ихлосия" мадрасаси мударриси Бурҳониддин Атоуллоҳга уч мингдан ортиқ динорга ҳовли сотиб олиб бергани, Мавлоно Шаҳобиддин Мудаввин деган кишига эгар-жабдуғли бир от инъом қилгани, Атоуллоҳ Ҳусайний турар жой масаласида қийналиб қолганида, унга шаҳарнинг энг яхши жойидан уй тортиқ этгани ҳам инсонпарварликнинг олий намунаси бўлган.

Бежизга бутун Хуросону Мовароуннаҳрдан одамлар бу мўътабар зотнинг олдига арзга келишмаган. Мутафаккир кун бўйи шу каби ишларни ҳал қилган, ҳеч кимдан ёрдамини аямаган. Ижод билан эса кўпинча кечаси шуғулланган.

Шунингдек, Навоий санъат, адабиёт, илм-фан ишларига бевосита ҳомийлик қилган. Шу боис ушбу соҳаларда кўплаб истеъдод соҳиблари етишиб чиққан. Абдуқодир Ноий, Ҳусайн Удий, Шоҳқули Ғижжакий сингари мусиқашунослар, Султон али Машҳадий, Абдужамил Котиб, Дарвеш Муҳаммад Тоқий каби хаттотлар, Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб, Мирак Наққошдек мусаввирлар шулар жумласидандир.

Давлат арбоби сифатида халқ ва мамлакат ишлари билан яқиндан шуғуллангач, улуғ шоирнинг юрт ободлиги, илм-маърифат ривожи каби масалаларга эътибори чандон ошган. Ҳазрат халққа айтадиган муҳим гаплари, дилига туккан эзгу ниятлари кўплигидан ўзини бениҳоя бахтиёр деб билган, ана шу ўю кечинмаларини қамраб олувчи улкан бир асарга киришиш фурсатини кутган:

Улуғ комлардин эдим бахтиёр,

Ки йўқ эрди анда манга ихтиёр.

Не тонг бўлса, кўпдин-кўп

ар қайғулуқ,

Таъма бўлса, кимга улуғдин-улуғ.

Ва лекин не ғам,

Тенгри айлаб карам,

Улуғ муддао берса, мақсуд ҳам.

Алқисса, жаҳон сўз санъатининг улкан намояндаси, буюк аллома ҳамда давлат арбоби Алишер Навоий нафақат бадиий жиҳатдан беқиёс асарлари, балки сермазмун умр йўли, гўзал шахсияти, юксак фазилатлари билан ҳам бугунги ва келажак авлодлар учун ҳамиша ибрату намунадир.

Назора БЕКОВА, БухДУ доценти, филология фанлари номзоди.

"Маънавият — инсон кўрки" танловига

Ёшлар — қудратли қанотларимиз

Ҳар қандай мамлакат ўз келажагини жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол ёшларда кўриши табиий. Юксак маънавиятли, соғлом авлод тарбияси учун қайғуриш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқариш ҳар бир жамият, оила, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи, инсонийлик масъулиятидир.

Мамлакатимизда ёшлар муаммосига у ёки бу даражада алоқадор бўлмаган бирорта ташкилот ёхуд шахснинг ўзи йўқ. Ёшларимизни баркамол этиб тарбиялашда ҳар бирининг ўз ўрни, аҳамияти, ўзига хос таъсири бор. Ушбу долзарб масалани назарда тутган ҳолда 2016 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Унда таъкидланганидек, баркамол авлодни тарбиялашда таълим муассасаси, оила, маҳалла ҳамкорлиги жуда муҳим. Зеро, таълим ва тарбия соҳасига эътиборни кучайтириш, бу борада ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қонун ва норматив ҳужжатлар, кўрсатмаларни самарали бажариш учун ўзаро ҳамкорлик механизми муҳим аҳамият касб этади.

Ёшлар тарбияси уч томонлама — оила, таълим муассасаси ва жамоатчилик томонидан амалга оширилади. Оила тарбияси азалдан соғлом фикрловчи, юксак ахлоқли, ижтимоий фаол инсонни шакллантиришнинг асосий омилларидан бўлиб келган. Бугунги кунда оиланинг бу соҳадаги масъу¬лияти янада кучайиб бормоқда. Айниқса, маънавий ҳаётимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни кенг қарор топтиришда, тобора кучайиб бораётган, бизнинг миллий табиатимиз, урф-одатларимизга мутлақо зид бўлган ҳар қандай зарарли таъсирлар, бузғунчи ғояларга қарши туришда, азалий қадриятларимизни асраб-авайлашда оилани мустаҳкам таянч деб биламиз. Бугунги глобаллашув даври ҳар бир оилада фарзандлар тарбиясига янада жиддийроқ ёндашиш, уларнинг давр руҳи, муҳити, муаммоларини чуқурроқ тушуниб, тўғри йўлни танлаб олишларига кўмаклашишни талаб қилмоқда.

Маънавий тарбия аввало болалар ахлоқини шакллантириш мақсадини назарда тутади. Бу жараёнда ёшлар одоби ҳам ўргатиб борилади. Маҳаллада кексаларни ҳурмат қилиш, катталар олдида ўзини тутиш маданияти шакллантирилиб, бу орқали соғ¬лом турмуш тарзи тамойилларига риоя қилиш, гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлардан, "оммавий маданият" ниқоби остидаги таҳдид ва хатолардан асрашга ҳаракат қилинади.

Ўсмирлик ёшиданоқ кийиниш, муомала одобига ўргатиш тенгдошларига ҳурмат ҳиссини шакллантира боради. Ёшларнинг хулқ-атворига баҳо берилар экан, аввало кийиниш маданиятига эътибор қаратилади. Кийинишдаги камтарлик, одоб, ҳаё ва ибони дастлаб оилада, кейин ўқув муассасасида ўрганади.

Тарихан таркиб топган миллий ва маънавий қадриятларни эъзозлаш ва изчил тарғиб қилиш, халқимизнинг энг яхши удум ва анъаналарини кенг оммалаштириш, маҳаллаларда соғлом турмуш тарзи мадания¬тини шакллантириш, маданий ва маърифий ишларни кенг йўлга қўйиш, шунингдек, уларни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар салмоғини кучайтириш бугунги давр талаби, олдимиздаги бурч ва муҳим вазифадир.

Шу маънода, таълим-тарбия муассасаларининг оилалар ва маҳаллалар билан ҳамкорлиги ортиб бормоқда. Бу ҳолни ўтказилаётган турли тадбирлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, таълим муассасамизда ўтказиб келинаётган "Бебаҳо миллий қадриятларимиз", "Ёшлар ўртасида турли кўринишдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш", "Соғлом ҳаёт — соғлом зурриёт", "Гиёҳвандлик — иллат" мавзуидаги маънавий-маърифий ҳамда маданий тадбирлар, давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар ўқувчиларимиз учун тарбия мактаби бўлмоқда. Етук мутахассислар, олим, ёзувчи ва шоирлар иштирокидаги учрашувлар навқирон авлод вакилларини миллий қадриятларимиз, анъаналаримизга ҳурмат ва ўтмишдан фахрланиш туйғуларини ошириш билан бирга уларнинг маънавиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Малика САИДОВА, Бухоро тиббиёт коллежи ўқитувчиси.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган "Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ келажак сари" лойиҳаси асосида тайёрланди.

Хазрат маънавий мероси талабалар нигохида

Ҳазрат Алишер Навоий нафақат улкан ижодий мероси, дунё адабиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, балки олижаноб фазилатлари, юксак инсоний хислатлари билан ҳам абадиятга дахлдордир. Бу омил эса аввало унинг юрт ободлиги, эл фаровонлиги, инсон манфаатлари йўлидаги буюк хизматларида кўринади. Улуғ шоир таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан Бухоро давлат университетида ўтказилган "Одами эрсанг..." мавзусидаги адабий-мусиқий нафосат ¬даврасида ҳам ана жиҳатлар диққат марказида турди.

Мазкур таълим дарго¬ҳининг ўзбек адабиётшунослиги кафедраси томонидан уюштирилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, ижодкорлар, талабалар иштирок этишди. Кечани университет ректори Абдуқобил Тўлаганов кириш сўзи билан очди. Филология фанлари номзоди Шавкат Ҳайитов "Навоий ижоди — ҳикмат хазинаси" мавзусида маъруза қилиб, буюк бобокалонимизнинг ҳаёт йўли барча учун улкан ибрат мактаби эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Навоийнинг "Лисон ут-тайр", "Фарҳод ва Ширин", "Саббаи сайёр" сингари достонлари асосида саҳналаштирилган лавҳалар ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналиши талабалари ижросида намойиш этилди. Шоир ижодидан намуналар ўқилди. Жозибадор куй-қў¬шиқ ҳамда рақслар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

— Шундай даҳонинг, мунаввар зотнинг таваллудини нишонлаш, мазкур қутлуғ сана муносабати билан бадиий-мусиқий тадбирлар, шеърият кечаларини ўтказиш билим масканимиздаги узоқ йиллик анъана саналади, — дейди филология факультети талабаси Амира Аминова. — Бугунги тадбир давомида биз, бўлғуси адабиётшунослар, адабиёт муаллимлари Навоий шахсининг кўз илғамас даражада юксаклигига, унинг уммон мисол ижоди, маънавий мероси, айниқса, бугунги кун учун нақадар долзарб эканлигига яна бир бор амин бўлдик.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.