Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 11 дан: 04.02.2017

*Ислоҳотлар — амалда

Фермерлар ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ҳимоясидаф

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида фермерлик ҳаракати асосий ва ҳал қилувчи кучга айланди. Бунда улар фаолиятининг қонуний асослари яратилгани, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 24 мартдаги "Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари тўғрисида"ги, 2003 йил 27 октябрдаги "2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси тўғ¬рисида"ги қарорлари дас-туриламал вазифасини ўтамоқда. Худди шундай муҳим ҳужжатлардан яна бири мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 2012 йил 22 октябрда қабул қилинган "Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги" қарордир. Унга мувофиқ юртимизда фермерлик ҳаракатининг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилувчи Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ташкил топди. Ана шу саъй-ҳаракат туфайли қишлоқ хўжалигида банд бўлганлар манфаатларини муҳофаза қилишга доир қатор имтиёз ва қулайликлар яратилди. Бу борада амалдаги Солиқ кодексига қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, пахта териш каби мавсумий ишларга жалб қилинган ишчилар даромад солиғидан, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилган субъектлар тасарруфидаги ер участкаси учун ягона ер солиғидан 5 йил муддатга озод этилдилар.

Шунингдек, фермер хўжаликларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида республика Қишлоқ ва сув хўжалиги, Молия, Иқтисодиёт вазирликларининг 2013 йил 26 сентябрдаги қўшма қарори билан "Пахта хомашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартиби тўғрисида"ги Низом ишлаб чиқилди. Ушбу Низомда пахта хомашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермерларга ихтиёридаги пахта экиладиган жами ер майдонининг камида 5 фоизига қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа экинларни экиш ва етиштириш имкони юзага келди. Бундай экинлар учун ажратилган ерда агротехник тадбирларни амалга ошириш учун таъминотчи ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали дизель ёқилғиси ва минерал ўғитлар ҳақини олдиндан тўлаган ҳолда тегишли шохобчалардан харид қилиш мумкин.

Бундан ташқари, пешқадам фермерлар туман ҳокимлиги заҳирасидаги ер майдонлари учун ўтказиладиган тендер танловларида 10 балгача қўшимча балл олиш, қишлоқ хўжалик техникаларини харид қилиш учун тижорат банкларидан имтиёзли тартибда кредит маблағи олиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил русумдаги автомашиналардан исталганини, қолаверса, қишлоқ жойларида барпо этилаётган намунавий лойиҳадаги уй-жойлардан бирини навбатсиз харид қилиш ҳуқуқларига ҳам эгалар. Уларга суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқини қўлга киритиш учун хўжаликлар ўртасида ўтказиладиган танловда барча шартлар бўйича тенг балл тўпланган ҳолларда устунлик берилиши ҳам назарда тутилган.

Кўриниб турибдики, мамлакатимизда фермер хўжаликларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни кўп тармоқли, иқтисодий бақувват субъектга айлантириш ва шу орқали қишлоқ жойларида қўшимча иш ўринларини яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифасига айланди. Бу эътибор ва ғамхўрликни фермерларимиз ҳам теран тушуниб етган ҳолда фаолиятни янада ривожлантиришлари, маҳсулот импорти ва экспорт салмоғини кўпайтиришда алоҳида жонбозлик кўрсатишлари лозим. Бу эса ўз навбатида мамлакатимиз иқтисодий қудратини оширишга хизмат қилади.

А. БАҲРОНОВ, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.