Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 11 дан: 04.02.2017

*Давр ва санъаткор

Саҳнани муқаддас билиб...

Болаликдан артист бўлишни орзу қилган Шамсиддин Йўллиев 65 йиллик умрининг қарийб 40 йили Бухоро давлат мусиқали драма театрида ўтяпти. Санъат институтини тугаллаб, Сирдарё театрида ижодий фаолиятини бошлаган ёш актёр 1978 йилда она-юрти Бухорога қайтиб, Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат сингари миллат ва ҳуррият фидойилари раҳнамолигида бунёд этилган Халқ уйи¬даги театр саҳнаси дарғалари—Ўзбекистон халқ артистлари Аҳмад Файзиев, Ҳаёт Наимов, Назокат Неъматова, санъат арбоби Аминжон Акобиров, республикада хизмат кўрсатган артист Жумагул Бобоевадан маҳорат сирларини ўрганди.

Максим Каримовнинг "Инсонликка номзод" драмасидаги талаба Башар роли Ш. Йўллиевнинг бу театр саҳнасида яратган биринчи образи бўлди. Ўшандан буён у мазкур санъат даргоҳида юздан ортиқ спектакл¬ларда роллар ижро этиб, етук драматик актёр, вокал устаси ва ҳатто зарурат туғилганда моҳир раққос эканини ҳам кўрсата билди. 1993 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" фахрий унвони билан тақдирланган Ш. Йўллиев саҳнада гавдалантирган "Ватан ишқи" мусиқали драмасидаги Субҳонқул, "Темир хотин" спектаклидаги Қўчқор, "Гамлет" трагедиясидаги қирол Клавдио, "Афиналик Тимон"даги Тимон, "Аршин мол-олан" мусиқали комедиясидаги Сулаймон сингари бири-бирига ўхшамаган, бадиий бақувват образлар нафақат вилоят, балки республика театр санъати ҳаётида ҳам катта воқеа бўлди. У юртимиз буюк алломалари—"Ҳақ рост" драмасидаги Имом ал-Бухорий, "Илоҳий висол" асаридаги Баҳоуддин Нақшбанд, "Алишер Навоий" драмасидаги Навоий, шунингдек, "Менинг Бухором" асаридаги йирик давлат арбоби, истиқлол ғоялари йўлида жонини қурбон қилган Файзулла Хўжаев образларини саҳнада гавдалантирди. Актёрнинг бу борадаги ижодий изланишлари томошабинларни, айниқса, ёшларни улуғ аждод¬ларимиз ҳаёти, илмий ва бадиий мероси ҳамда жасоратидан хабардор қилиб, уларни эзгуликка даъват этишга хизмат қилди. Ш.Йўллиев театрдаги фаолияти билан бир қаторда 1975—1999 йилларда Бухоро маданият коллежида ўқувчиларга актёрлик маҳорати фанидан дарс бериб, кўплаб шогирдларни тарбиялади.

У театрга директорлик қилган даврда ¬вилоят маданий ҳаётида унутилмас воқеа юз берди. 2010 йилда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида барпо этилган "Кўҳна ва боқий Бухоро" маданий марказида қад кўтарган муҳташам санъат кошонаси—вилоят мусиқали драма театрининг янги биноси ишга туширилиб, йиллар давомида эски, авария ҳолатидаги масканда ижод қилган бир неча авлод санъаткорларининг орзуси ушалди.

Театр жамоаси бу ғамхўрликка жавобан "Ибн Сино", "Тўғон", "Хаёл ва ҳақиқат", "Зулмат", "Шукрона" сингари кўплаб спектаклларни саҳналаштириб, репертуарини янги асарлар билан бо¬йитди. Театр санъатини ривожлантириш йўлидаги самарали фаолияти ва юксак ижрочилик маҳорати учун 2011 йилда актёрга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди.

Ҳаёт йўлида омад ва муваффақият билан бирга дардли ва аламли даврлар ҳам бўлар экан. Ш. Йўллиев оғир юрак касаллигига учраб, мураккаб жарроҳлик муолажасини бошидан кечирди. Ана ўша таҳликали кунларда жарроҳларнинг билим ва тажрибаси, шифохонада унинг ёнида бўлган турмуш ўртоғи, 6 нафар фарзандининг волидаси, кўплаб невараларнинг меҳрибон бувижониси Малика Мухторова кўрсатган меҳр ва эътибор, мунис онажони Жумагул момонинг дуолари, у муқаддас деб билган театр саҳнасига муҳаббат ва садоқат уни ҳаётга, санъат даргоҳига қайтарди.

Яқинда республика Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, республика Актёрлар уйи ташаббуси билан вилоят мусиқали драма театрида таниқли санъаткор Шамсиддин Йўллиев ижодига бағишланган кеча ўтказилди. Унда сўзга чиққан мазкур театр директори, Ўзбекис¬тонда хизмат кўрсатган артист Йўлдош Генжаев, шоир Шодмон Сулаймон, актёр туғилиб ўсган гўша—Қоракўл туманидаги Сайёт қишлоғидан тадбирга келган 50га яқин санъат ихлосмандлари номидан минбарга кўтарилган тилшунос олим Насрулло Шукурлаев, Бухоро маданият коллежи директори Гулнора Ҳусенова, Ўзбекис¬тон халқ артисти Убайдулло Омон ва бошқалар эл ардоғидаги актёрнинг юқорида қайд этилган ҳаёт ва ижод йўли ҳақида батафсил тўхталдилар.

Театр бош дирижёри Ҳикмат Ражабов бош¬чилигидаги оркестр жўрлигида Ш. Йўл¬лиев куйлаган ариялар, ҳамкасблари билан биргаликда ижро этган спектакллардан парчалар ижодий кеча файзига файз қўшди. Тадбирнинг пойтахтлик меҳмонлари—Ўзбе¬кистон халқ ҳофизи Соҳибжон Ниёзов, республика Актёрлар уйи директори Мунира ¬Раҳимовалар таниқли артистни қутлаб, мамлакатимиз театр санъати равнақига ҳисса қўшган улкан истеъдод эгасини тар¬биялаб, вояга етказгани учун унинг волидаи муҳтарамаси, 96 ёшли Жумагул момога гул¬дасталарни тақдим этишганда театрнинг 600 кишилик залидаги барча томошабинлар ўринларидан туриб, табаррук онахонни узоқ олқишладилар. Саҳнани муқаддас билиб, бутун ҳаёти, бор истеъдоди ва маҳоратини театрга бахшида этган фарзанд учун бундан зиёда бахт бўлмаса керак.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.