Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 6 дан: 18.01.2017

Фуқаролик паспортлари топширилди

Суратда: Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган вилоятдошларимизнинг бир гуруҳи. Тоҳиржон ИСТАТОВ олган сурат.

Фуқаролик давлат томонидан барча шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашнинг асоси ҳисобланади.

Фуқаролик шунчаки муайян давлатга мансублик белгиси эмас, балки унинг ўша давлат ҳимояси остида эканлигини англатувчи, ҳуқуқлари кафолатини таъминловчи мақомдир.

Ўзбекистон Республикаси конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида мамлакат ҳудуди ва унинг ташқарисида ўз фуқароларининг ҳуқуқий ҳимояси ва муҳофазасини таъминлайди.

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун кучга кирган вақт¬гача турли объектив ва бошқа ҳаётий вазиятларга кўра чет элда бўлган қатор ватандошларимиз фуқаролик мақомидан бебаҳра қолишган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 20 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги Фармони асосида бир қатор юртдошларимизнинг фуқаролик бериш тўғрисидаги мурожаатлари қондирилди.

Ушбу фармонга биноан юртимизда истиқомат қилувчи 179 нафар киши, шу жумладан, 26 нафар вилоятимиз вакиллари ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги номига сазовор бўлдилар.

Вилоят ҳокимлигида ушбу шахсларга фуқароликни тасдиқловчи паспортларни тақдим этиш маросими бўлиб ўтди.

— Муҳтарам Президентимиз томонларидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган, — деди вилоят ҳокими Ўктам Барноев тадбир аввалида. — Давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги Фармони эса бу борадаги ишларнинг янги босқичга кўтарилганлиги амалий ифодасидир. Мамлакат тарихидаги ўзига хос янгилик, тарихий ҳужжат ҳисобланган ушбу фармон Ўзбекистон фуқаролигини олиш истагида бўлган ватандошларимизнинг азалий орзуларини рўёбга чиқарди. Нафақат уларнинг ўзлари, балки оила аъзоларига ҳам чексиз қувонч бахш этди. Негаки, бугун фуқаролик бахтига эришган ватандошларимиз юракларидаги бир кемтик тўлдирилди. Энди улар юртимиздаги барча фуқаролар сингари тенг ҳуқуққа эга бўлишди.

Шундан сўнг вилоят раҳбари маросимда тўпланганларни қутлаб, жонажон мамлакатимиз шуҳрати ва қудратини ошириш, халқ фаровонлигини яхшилаш йўлидаги ишларида муваффақиятлар тилади ва уларга фуқаролик паспортларини топширди.

— Бугун мен бениҳоя бахтиёрман, — дейди тадбир иштирокчиларидан бири Мақсуд Таиров. — Ҳамиша юрагимда "мамлакатимиз фуқаролигини олармиканман" деган ҳадик пинҳон эди. Тўғри, ўтган йиллар давомида ўзимни ҳеч кимдан кам ҳис этганим йўқ. Юртимиздаги барча фуқаролар сингари тенг ҳуқуқли ҳаёт кечирдим. Ўзим, оилам — шифокормиз. Ўтган йили аёлим "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирланганди. Ўғлим эса "Юрт келажаги" республика танловида совриндор бўлди. Демоқчиманки, турмушимиз, яшашимизда ҳеч қандай камчилигимиз йўқ. Бугун эса бахтим янада бутун бўлди. Бунинг учун муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман ҳамда Ўзбекистонга содиқ фуқаро бўлиб юрт равнақини янада ошириш йўлида бор кучим ва имкониятимни сарфлашга ваъда бераман.

Акбар РУСТАМОВ.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.