Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 5 дан: 14.01.2017

Хотира машъаласи мангу порлайди

Иккинчи жаҳон уруши йилларида қарийб 30 минг нафар бухоролик аскар Ватан озодлиги, ота-онаси, оиласи, фарзандлари эрки, бахту саодати йўлида жангу жадалларда мардларча ҳалок бўлган. Ана шу шаҳидларнинг исми шарифлари Бухоро шаҳри Марказий истироҳат боғидаги Хотира хиёбонининг нақшинкор айвонларидан ўрин олган улкан китоблар саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланган. Хиёбондаги Мотамсаро она ҳайкали пойида хотира машъаласи ёниб, оталар жасорати авлодлар ёди ва қалбида мангу сақланажагидан дарак бериб турибди.

Кеча эрталабдан бу муқаддас қадамжо зиёратчилар билан гавжум бўлди. Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, ёшлар қутлуғ саналар—Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни олдидан шаҳидлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун бу ерда тўпландилар. Хиёбон узра ҳарбий оркестр садолари янгради.

Дастлаб, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйишди. Шундан сўнг Бухоро гарнизони ҳарбий қисмлари, вилоят ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, Миллий хавф¬сизлик хизмати, давлат божхона бошқармалариининг вакиллари монумент пойини гуллар билан тўлдиришди. Ҳарбий қисмларнинг офицер ва аскарлари Хотира хиёбонидан тантанали юриш билан ўтиб, маросимга ўзгача улуғворлик бахш этдилар.

—Бугунги авлод вакилларининг аждодлар хотирасини ёд этиб, уларнинг руҳи пойига таъзим бажо келтирганларини кўриб, қуролдош дўст¬ларим, жангу жадалларда жон олиб, жон берган юртдош¬ларимиз мардлиги ва жасорати унутилмаганидан қалбим ифтихор туйғуларига тўлди,—дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 96 ёшли қария Амин ота Ахмеджонов.—Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган тадбирларда офицер ва аскарлар чеҳрасидаги ишонч ва қатъиятни, мана бугунги тантанали юришда қатнашган алпқомат йигитларнинг шахдам қадам ташлашларини кўриб, улар хизмат қилаётган армия она диёримизни, истиқлолни ҳар қандай ёвуз кучлардан муҳофаза этишга қодир, қудратли ҳарбий техникага эга Қуролли Кучлар эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Демак, шундай армия бор экан, менинг 11 нафар фарзандларим, 163 нафар невара ва эвараларим барча юртдошларимиз қатори тинчлик ва хотиржамлик барқарор бўлган мамлакатда яшаб ва меҳнат қилиб, Ўзбекистоннинг буюк келажагини бунёд этишга ўз ҳиссаларини қўшаверадилар.

...Зиёратгоҳдан ҳарбийлар колоннаси ўтиб бўлгач, навбат шаҳар корхоналари ва ташкилотларига етди. Улар ҳам Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйиб, Ватан озодлиги йўлида шаҳид кетган мардлар хотирасига эҳтиром кўрсатдилар.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.