Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 5 дан: 14.01.2017

Армия — мардлик ва орият мактаби

Суратда: Акобир Афзалов ота-онаси билан қасамёд қилиш маросимида. Муаллиф олган сурат.

Акобиржон ёшлигиданоқ "ойнаи жаҳон"да ҳарбийлар ҳаёти акс этган фильмларни қизиқиб томоша қилар, китоб¬лардан бошини кўтармасди. Кўчада кўркам либосли ушбу касб эгаларини кўрганида тўлқинланиб кетар, беихтиёр улар кетидан эргашар, йигитларнинг жисмонан чиниққан, бақувват ва келишган қадди-қоматига ҳавас билан қараб қоларди. Тезроқ улғайиб ар¬мияда хизмат қилишни, юртнинг асл ўғлонлари сафида бўлишни орзу қиларди.

Шофиркон туманидаги 15-ўрта умумтаълим мактабини аъло баҳолар билан тугатган Акобир мақсадини аввал бо¬босига айтди. Бутун умри ўқитувчилик билан ўтган эмасми, ёшларнинг руҳиятини бир қарашда сезадиган Афзал бобо Рўзиев неварасининг бу нияти қатъий мақсад эканини дарҳол фаҳмлади. Ўғли ва келинини маслаҳатга чорлаб, Акобирга оқ фотиҳа берди. Ота-она оила анъанасига кўра ¬ўғиллари ўқитувчи бўлишини исташганди. Аммо улар эзгу мақсадга қарши чиқа олишмади. Бу иложсизликдан ичларида севинишди ҳам. Ахир, ¬фарзандлари она Ватан ҳимоя¬сига бел боғлаган, маррани баланд олганди. Шундай қилиб Акобиржоннинг орзуси бугун рўёбга чиқди. У айни кунларда Жиззах шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида шарт¬нома асосида хизмат қилмоқда.

Сержант ўз касбига содиқлиги ва интизомлилиги билан ҳамкасблари, қисм раҳбариятининг эътиборига тушди. Замонавий ҳарбий техника ва фанларни қунт билан ўрганиб, билим ва кўникмаларини ошириб борди. Бунда албатта Тошкент олий Умумқўшин қўмондонлик ҳарбий билим юрти қошидаги ҳарбий қисмда ўтаган аскарлик даври, кейинчалик Хоразм вилоятидаги сержантлар тайёрлаш мактабида олган билимлари қўл келди. У тажрибали автомеханик. Бугунга келиб эса аскарларга меҳрибон ва қаттиққўл мураббий.

Мамлакатимиз Қуролли Кучларининг узвий қисми бўлган ва янгича, жаҳонда ўхшаши кам топиладиган сержантлар тайёрлаш тизимининг такомиллашувига ҳисса қўшишни чин дилдан истаётган Акобир Афзалов армия сафидаги оддий аскарларга ҳарбий билим ва кўникмаларни, ватанпарварлик ва бурчга садоқат туйғусини сингдирмоқда.

—Ўғлим билан фахрланаман. У юртимиз тинчлигини таъминлаш, халқимизнинг фаровонлиги, одамларнинг тинч ва бехавотир ҳаёт кечиришига ҳисса қўшмоқда,—дейди Акобиржоннинг отаси, тумандаги 15-ўрта умумтаълим мактаби директори Азамат Рўзиев фахр билан.

Рўзиевлар хонадонини Арабхона қишлоғидаги энг ибратли оила сифатида билишади. Дарвоқе, ушбу хонадонда яна бир ҳарбий бор. Азамат аканинг қизи Муҳтарамахоннинг турмуш ўртоғи Йўл¬дошжон Қаҳҳоров ҳам Ватан хизматида. Чирчиқдаги олий танк командирлари тайёрлаш билим юртини тугатиб, мам¬лакатимиз тинчлиги ва осо¬йишталигини таъминлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшаётган Йўлдошжон ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси пойтахтида ўз хизмат бурчини шараф билан адо этиб келмоқда.

Ватан тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва миллатимиз шону шавкати йўлида хизмат қилаётган Акобиржон умр йўлдоши Гулҳаёхон билан Муҳаммаджон исмли ўғилни ўстиришмоқда. Ажабмас, бир кун келиб Муҳаммаджон ҳам отаси изидан бориб, юрт пос¬бони бўлса! Умуман, миллий армиямизнинг нуфузи ошиб бораётгани, Акобир сингари ўзини шу юрт фарзанди деб билган йигитларимиз учун шараф ва жасорат, орият ва ғурур мактабига айланаётгани асло муболаға эмас. Зеро, она тупроққа меҳр қўйган ҳар бир йигит унда хизмат қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб билади.

Алишер ОБИДОВ.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.