Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 4 дан: 11.01.2017

*Маънавиятимиз жароҳатлари

Оила устуни мўрт бўлмасин

Техника тараққиёти сабаб онгу шууримизга сингаётган янгиликлар қатори миллий менталитетимизга, шарқона тарбиямизу одоб-ахлоқимизга мутлақо мос келмайдиган "қадриятлар" ҳам ҳаётимизга кириб келмоқдаки, уларга асло бефарқ қараб бўлмайди. Бугун йигит-қизлар ёшликка хос соддалик ва қизиқиш билан қабул қилаётган, кўр-кўрона эргашаётган "янгича", "замонавий" одатларнинг айримлари замирида соғлом ният эмас, имон-эътиқодни, миллий туйғуни, охир-оқибат маънавий асосларни емирадиган кўзга кўринмас ғоявий "микроблар" бор.

Ахборот оламининг глобаллашуви тобора тез суръатларда жадаллашмоқда. Гуруч ортидан курмак ҳам сув ичгани каби баъзи маънавиятимизга ёт ғоялар ёшлар онгига дахл солмоқда. Ғарбдан кириб келаётган "оммавий маданият" либосига ўралган телешоу, томошалар, кино ва видеотасвир маҳсулотлари, клиплар, кинофильмлар қаҳрамонлари бу дунёнинг жамики ахлоқий қадриятларини унутган ҳолда мутлақо эркин турмуш тарзини ўзларига шиор қилиб олиб, жаҳолат ва қабоҳат ботқоғига ботадилар. Улар бошқаларнинг инсоний туйғуларини таҳқирлаш, ғурурини поймол этишдан лаззат топадилар. Афсуски, тафаккури тор баъзи ёшлар эса шу қаҳрамонларга тақлид қилган ҳолда ўзлигини унутаётир.

Аҳоли, айниқса, аёллар, қизлар орасида дабдабага, ҳашамга иштиёқ уйғотаётган восита бу—интернет. Айрим сохта обрўталаб одамлар йиллаб топган пулини тўй ҳашамига сарфлаб, бу дабдабани интернет орқали тарқатиб ўзини кўз-кўз қилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо бундай дабдабабозлик ортидан кўплаб оилаларда, жамиятимизда муаммолар бўй кўрсатмоқдаки, унинг асоратлари оилаларни занг каби емирмоқда.Бир замондошимиз айт¬ганди: "Фарзандларимиз катта бўлганига қараб гоҳ қувонсанг, гоҳ маъюс тортасан —тўй ваҳимаси босади". Бироз қўпол, аммо ҳақ гап. Тўйдек орзу-ҳавасдан иборат қад¬рия¬тимизга ваҳима тўнини кийдирган ўзимиз эмасми?! Тўйдан кейинги моддий қийинчиликлар, олинган қарз¬дан руҳий сиқилиш — бу кайфият нафақат хонадон катталарининг, балки ёш оиланинг ҳаётига ҳам таъсир этади, қувончи, бахтига соя солади. Баъзан беш ойга ҳам бормаган турмушлар орзу-ҳавасли тўй қиламан деб ўйламай қилинган сарф-харажатлар туфайли бузилаётгани юракда оғриқ уйғотади.

Тўйларни камчиқим ўтказинглар, дейилгани сайин дабдабаларнинг янгидан-янги кўринишларини ўйлаб топишаётгани соғлом фикрловчи ҳар бир одамни хавотирга солади. Кузатганим шуки, келин харидига зеб-зийнатлару, қимматбаҳо либослар қаторига энг сўнгги русумдаги қўл телефони олиб бериш ҳам одатга кирган. Ва афсуски, мана шу "ихтиро" ҳам кўп оилаларнинг бузилишига, эр-хотин орасига совуқчилик тушишига сабаб бўляпти. Дабдабали тўйдан сўнг гоҳида"Эшитдингизми, келин бола "Одно"да фаолмиш, шу сабаб ажралибди", ёки бўлмаса, "Куёв келиннинг бошқа киши билан телефонда гаплашиб турганини эшитиб, ҳайдаб юборибди" каби "совуқ" миш-мишлар қулоққа чалинади. Тўғрида, миллий ахлоқий мезонлар сарҳадидан ошиб кетса, тараққиёт мўъжизаси ҳам душманга айланади.

...Қўлимда бир оиланинг суд ажрими қоғози. Ўқиб туриб, чуқур мулоҳазага ботасан, киши. Ажралиш учун ҳар икки томонда ҳам тайинли важнинг ўзи йўқ. Никоҳларига атиги бир йил бўлган ёш оила. Бир ¬нафар норасида эса жанжалкаш ота-она орасида сарсон-саргардон. Ажралишга баҳона— келиннинг қўл телефонига келган СМС. Суд томонидан оилани сақлаб қолиш ва бир тўхтамга келишлари учун уларга олти ойлик муҳлат берилган. Аммо ёш оилани сақлаб қолишга ҳеч ким ҳаракат қилмаган. Бузилаётган оила ¬тақдири ҳатто уларнинг маҳалла фуқаролар йиғинидаги яраштирув комиссияси мажлисида ҳам кўрилмагани изоҳталаб ҳолат, албатта. Ҳолбуки, маҳаллалардаги яраштирув комиссиялари аслида оилаларни сақлаб қолиш, можароларга сабаб муаммони аниқлаб, икки томонни яраштириш, қўйди-чиқдиларни вазият таранглашмасдан ўз жойида ҳал этиш мақсадида тузилган. Эрнинг қандайдир бир ёлғон СМС туфайли хотинини хўрлагани аёл ҳу¬қуқлари топталишига сабабчи бўлган бўлса, бу масалага жамоатчиликнинг эътиборсиз қарагани янада ташвиш¬ланарли. Оила пароканда бўлиб, ¬арзимас сабаблар билан ажрашиб кетаётгани жабрини бегуноҳ норасидалар тортаётгани, ота меҳридан мосуво қолаётган гўдакнинг мурғак қалби жароҳатлангани эса янада аянчли. Муқаддас саналмиш оиланинг тақдири шу тариқа якунланишига ким айбдор?

Биз касбимиз тақозосига кўра бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом муҳит яратиш учун мунтазам ҳаракатдамиз. Маҳаллаларда маслаҳатчилар, фаол аёллар ролини кучайтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ва маънавий саводхонлигини ошириш бўйича амалий ва таъсирчан тадбирларга эътиборимизни қаратяпмиз. Чунки инсон маънавий жиҳатдан мукаммаллашиб борсагина дунёқараши янада юксалади, расм-русумлару ҳар хил маросимлардан кераклисини ажрата олади. Кераксизларидан воз кечади ҳам.

Демоқчи бўлганим, хулоса чиқарайлик, азиз опа-сингиллар, фикр қилайлик, ўзгарайлик, замондошлар! Халқимиз миллий қадрияти бўлган тўй маросими ва у билан боғлиқ оилавий муносабатлар маънавиятимизнинг бир саҳнаси эканлигини унутмайлик! Турмуш қуриш масаласига масъулият билан қарайлик. Ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, ҳаётнинг паст-баландини тушунтириш аввало ўз қўлимизда. Бу борада пиру бадавлат онахонларимизу ҳожионаларимизда зўр ҳаётий тажриба мактаби мавжуд. Фарзанд¬ларнинг бегонаси бўлмайди, ахир! Зеро, уларнинг бахти, ёш оилалар мустаҳкамлиги жамият фаровонлиги, обод турмушнинг пойдеворидир.

Зулфия ТЎЙЕВА, вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси. Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молия¬лаштирилган "Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ келажак сари" ло¬йиҳаси асосида тайёрланди.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.