Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 3 дан: 07.01.2017

*14 январь — Ватан ҳимоячилари куни

Ота-оналар ва аскарлар дийдорлашуви

Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб, 5 январь куни Бухоро санъат коллежида ўтказилган видеоконференция "Менинг ўғлим—Ватан ҳимоячиси!" деб номланди.Видеомулоқотда Бухоро ва Фарғона вилоятларида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарлар, уларнинг ота-оналари, яқинлари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавф¬сизлик хизмати чегара қўшинлари, Бухоро ва Фарғона вилоятлари ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Биринчи Президентимиз раҳнамолигида замонавий техника ва қурол-яроғ ҳамда малакали ҳарбий кадрлар билан таъминланган, юртимиз тинчлиги, сар-ҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир профессионал миллий армиямиз шакллантирилгани алоҳида таъкидланди.

Пешкў туманидаги Шавғун шаҳарчасида ўсиб-улғайган Паҳлавон Қурбонов йигитлик бурчини Фарғона вилоятида ўтамоқда. 14 январь—Ватан ҳимоячилари куни олдидан ташкил этилган видеомулоқот унга ота-онаси билан дийдорлашиш лаҳзаларини ҳадя этди.

—Онажоним, армия хизматини кўнгилдагидек ўтаяпман.Йигитлик бурчимни бажариб, ишончингизни оқлаб, ёруғ юз билан бағрингизга қайтаман,—деди у онасининг соғинч тўла нигоҳларига боқар экан.—Мендан асло хавотир олманг. Бу ерда яратилган шароитларни кўриб ҳар қандай кишининг ҳаваси келади. Биз бунга жавобан Ватанимизга муносиб фарзандлар бўлишга сўз берамиз!

—Ўғлим Паҳлавон билан фахрланаман,—дейди Қаҳрамон Санаев.—Видеомулоқот орқали фарзандим билан дийдорлашар эканман, унинг ҳарбий либосдаги қадди қоматини кўрибоқ кўнглимда фахр уйғонди. "Қаранг ,менинг ўғлим — Ватан ҳимоячиси!" деган ғурур кўнглимдан кечди. Мустақиллик туфайли ҳарбий либос кийиш ўғлонларимиз учун шарафга айланди.Фарзандларимизнинг Ватан олдидаги бурчини садоқат билан адо этиши учун яратилган шароитлардан кўнглимиз хотиржам. Бунинг учун давлатимиздан миннатдормиз.

Фарғона вилоятидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари муддатли ҳарбий хизматчиси Жасурбек Акрамов учун эса видеомулоқот қўшалоқ байрам бўлди. Шу куни унинг туғилган куни эди. Онлайн алоқа орқали онасининг шеърий табриги Жасурбек учун кутилмаган совға бўлди.

—Осойишта ва обод Ватанимиз чегаралари дахлсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман,—дейди Жасурбек биз билан суҳбатда.—Ўз бурчимни намунали ўтаяпман.Мақсадим қатъий: хизматни тугатиб, ҳарбийлар сулоласининг давомчиси сифатида ҳаётимни миллий армиямиз билан боғлаш ниятидаман.

Шу куни Фарғонада хизмат бурчини бажараётган бухоролик йигитларнинг ўз қадрдонлари билан, фарғоналик аскарларнинг олисдаги ота-оналари билан онлайн тизими орқали ўтказган мулоқоти ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди. Тадбирда ҳарбийлар ва уларнинг оналарига юксак эҳтиром кўрсатилиб, бадиий жамоалар, таниқли санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди. Тадбир сўнгида иштирокчиларга ташкилотчилар—ҳар иккала вилоят ҳокимлиги, мудофаа ишлари бошқармалари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг эсдалик совғалари топширилди.

Видеоконференцияда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Тўйева иштирок этди.

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.