Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 3 дан: 07.01.2017

*8 январь — Прокуратура органлари ходимлари куни

Қонун устуворлигини таъминлаш йўлида

Буюк давлат арбоби, оқил сиёсатшунос, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов эрк, озодлик тушунчаларига изоҳ бериб: "Мустақиллик ҳуқуқ демакдир", деган эдилар. Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзини, ўзлигини англаган халқимиз чин маънода миллат сифатида шаклланди. Мустақилликнинг тамал тоши қўйилган илк йилларданоқ қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ва жамият манфаатларинигина эмас, балки аввало инсон манфаатларини ҳимоя қилишга қодир кучли ҳуқуқий механизм барпо этилди.

Адолатпарварлик ва инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган, халқаро стандартларга тўла жавоб бера оладиган Конституциямиз мустақиллик йилларида қабул қилинган барча қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатларнинг асос негизини ташкил этиши фикримизнинг яққол далилидир.

Одамлар онги, ҳуқуқий маданияти юксалиш даражасига етдики, бугун фуқароларимиз нафақат қонунлар моҳия¬тини чуқур тушунишади, балки ўзининг давлат, жа¬ми¬ят, ҳамюртлари олдидаги маж¬бурият ҳисси, бурч масъулиятини ҳам теран англайдилар. Ривожланиш ва та¬раққиёт, де¬мократик ян¬гиланишнинг ушбу жараёнлари прокура¬тура органлари ходимлари олдига ҳам устувор вазифаларни қўйди. Бир вақтлар прокурорни "қораловчи", прокуратурани жазоловчи орган сифатида билган одамлар бугунги кунда прокуратура ҳуқуқларини қонун йўли билан муҳофаза этувчи идора эканлигини жуда яхши билишади. Ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти сари дадил одимлаётган мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида муносиб мавқега эга давлатлар қаторидан жой олди.

Буюк келажак сари шаҳдам одимлаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот, қабул қилинаётган қонун, фармон ва ҳукумат қарорлари айни шу мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятли. Халқни, миллатни эзгу мақсадларга етакловчи, унинг келажагини белгиловчи бундай қонунларни ҳаётга татбиқ этиш, уларнинг ижросини бир хилда таъминлаш давлатчилик структурасида аҳамиятга молик масала. Бинобарин, қонун устуворлигини таъминламай туриб кўзланган манзилга етиб бўлмайди.

Давр талаби ва ҳаётий эҳтиёжлардан келиб чиқиб ўтган 25 йил давомида прокуратура тизими такомиллашиб, назорат органи сифатида халқнинг ишончига кирди. Қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш, улар онгига қонунларга ҳурмат, унга бўйсуниш тушунчаларини сингдириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тизимдаги ҳар бир ходим зиммасига устувор вазифалар юклатилган.

Қонунлар ижроси устидан прокурор назоратини ташкил этишда асосий эътибор аҳо¬лини ижтимоий ҳимоя қилиш, иш ҳақи тўловларини ўз вақтида тўлиқ амалга ошириш, аҳолининг бандлигини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш ва соғлигини сақлаш, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг эркинлиги кафолатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Вилоят прокуратураси ташаббуси билан ҳудудда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқувчиларнинг дарсларга қатновини на¬зорат қилувчи "Давомат" ягона мониторинг тизими жорий этилди. Бу тизимнинг эътиборли томони, ўқувчиларнинг дарсга қатнови ҳақидаги ҳа¬қиқий ҳолатни аввало ота-оналар, шунингдек, прокуратура органлари ҳамда бошқа манфаатдор идоралар томонидан "онлайн" режимида билиб туриш имкониятини ¬яра¬тиш билан бирга, ўқув муассасаларининг таълим сифатини таъминлашга бўлган масъулиятини оширишга ҳам хизмат қилади.

"Давомат" ягона мониторинг тизимини амалиётда кенг фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида у 2013 йилнинг 17 декабрь куни мамлакатда оммалаштирилди.

Вояга етмаганларнинг турар жой ва мулкий ҳуқуқларини тўла-тўкис таъминлаш, айниқса, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва таълим муассасаларида тарбияланаётган болаларнинг турар жойлари сақлаб турилиши, таълим муассасаларини битираётган бу тоифадаги муҳтож болаларга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган тартибда турар жой берилиши ёки турар жой сотиб олиш учун мақсадли молиявий маблағлар ажратилиши лозимлиги ҳақидаги қонун талабларининг сўзсиз бажарилишини таъминлашда ҳам вилоят прокуратурасининг бевосита саъй-ҳаракати билан Меҳрибонлик уйини охирги 10 йилда битирган 138 нафар етим ва ота-она қаровисиз қолган битирувчиларнинг кейинги тақдири, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий шароитлари бевосита яшаш жойларига бориб ўрганилган.

Ўрганишларда уларнинг ижтимоий ва иқтисодий шароитлари қониқарли ташкил этилмаганлиги аниқланиб, собиқ "Бухоротекс" ҳиссадорлик жамиятига қарашли 3 қаватли ташландиқ ҳолатдаги профилакторий биноси етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўл¬ган битирувчилар учун уй-жой сифатида ажратилди.

Бевосита вилоят прокуратураси ва ҳокимлик ҳамкорлигида ташкил қилинган бинони мукаммал таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига қарийб 4 миллиард сўмлик маблағ сарфланди ва қисқа фурсатда мажмуа барпо этилди. Бинода шинам, замонавий услубда таъмирланган, алоҳида ошхона, ювиниш ва ҳожатхоналарига эга бўлган 64 та 2 хонали хонадонлар реконструкция қилиниб, иссиқ ва совуқ сув етказиб бериш тизими, электр ва табиий газ, иситиш воситалари, мебель, телевизор, музлаткич ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Шу билан бирга, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўл¬ган битирувчиларни доимий иш жойи билан таъминлаш мақсадида бинонинг 1-қаватида 11 турдаги маиший хизмат кўрсатиш объектлари (аёллар гўзаллик салони, видео ва фото суратга олиш салонлари, интернет кафе, минимаркет, дорихона, тикувчилик цехи, кийим тозалаш, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, пайнет тўлови шохобчаси) барпо этилди ва бунинг ҳисобига янги иш ўринлари яратилди.

Бугунги кунда фуқаролар учун яратилаётган қулай имкониятлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига қай даражада эътибор берилаётганлигидан далолатдир. Аҳоли, хусусан, тадбиркорлар "Ишонч телефони" орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига мурожаат қилиш билан бир қа¬торда, уларнинг "Электрон мурожаат" қилиш ҳуқуқи ҳам кафолатланиб, тегишли қонунлар билан мустаҳкамланган. Айниқса, Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси қисқа даврдаги фаолияти давомида халқнинг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи давлат ҳокимияти ва бошқа¬руви, хўжалик бошқаруви ор¬ганлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмига айланди.

Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда "...Одамлар дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш — аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади".

Халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дардига елкадош бўлиш борасида вилоят прокуратураси томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Жисмоний ва юридик шахс¬ларни шахсан прокурорлар томонидан қабул қилишга, уларнинг сайёр қабулларини самарали ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Якунланган йил давомида прокуратура органларига келиб тушган 15 мингдан ортиқ мурожаатларнинг қарийб 75 фоизи ҳал этилди. 1800 нафардан ортиқ фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилиб, 900 га яқин фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бунинг натижасида мансабдор шахсларнинг қонунга зид бўлган ҳуқуқий ҳужжатларига 60 та протест келтирилди, прокурорларнинг қарорлари асосида 88 нафар масъул шахс интизомий, 57 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Етказилган 1 миллиард 35 миллион сўмдан ортиқ зарарларнинг ихтиёрий қопланиши таъминланди.

Давлат ҳокимияти ва бош¬қарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг қўшма фармойишига биноан туманларда маҳаллалар кесимида сайёр қабулларнинг ташкил этилиши одамларни прокуратурага янада яқинлаштирибгина қолмай, мурожаатларнинг ўз вақтида ҳал этилишига имкон яратди. Фуқароларнинг сарсон-саргардон бўлишларининг олди олиниб, бу жамоатчилик назорати таъминланишида ҳам ўзига хос омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Кези келганда айтиш жоизки, демократик жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланаётган фуқароларимиз миллат, жамият тақдирига дахлдорлик туйғусини дилдан англаганлари боис жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2015 йил 26 октябрдаги "Қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда фаол иштирок этган фуқаролар ва юридик шахсларни рағбатлантириш тўғрисида"ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоят прокуратурасида ташкил этилган тадбирда фуқаро Р.Бектошев ва А.Бахронов кўп эпизодли ўғирлик жиноятларининг тезкорлик билан очилишига ёрдам берганликлари учун вилоят прокурори томонидан ташаккурнома эълон қилиш орқали рағбатлантирилди.

Истиқлолнинг ўтган даври мобайнида қонун ижодкорлигига кенг имкониятлар берилиб, суд-ҳуқуқ тизимидаги ¬ислоҳотлар кўлами мазмунан кенгайди. Том маънода мустақиллик прокуратураси шаклланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, прокуратура идораларида ҳалол меҳнат қилаётган, ўз фидойилиги билан ҳурматга сазовор бўлган ходимлар меҳнати давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилди.

М.Бекмуродов, Ҳ.Абдиев, Ш.Насуллаев, Р.Юлдашевлар "Жасорат", Б.Отажонов, Д.Қандаҳоровалар "Шуҳрат", Ҳ.Урунов "Содиқ хизматлари учун" медали билан, Ҳ.Саидов "Ўзбе¬кистон Республикаси Мустақиллигига 10 йил", Д.Қандаҳорова "Ўзбекистон Республикаси Мус¬тақиллигига 15 йил", А.Ишонқулов "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишони ва бир қатор ходимлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Қоровулбозор, Қоракўл, Вобкент, Ғиждувон, Пешкў, Бухоро, Когон, Шофиркон туманлари ҳамда Бухоро шаҳар прокуратураси янги биноларда мустаҳкам моддий-техник базага эга ҳолда фаолият юритмоқдалар. Шунингдек, вилоят прокуратураси тарихий йўлини, прокуратура тизими билан боғлиқ фотостендлар билан бойитилган музейнинг очилиши маънавий-ҳуқуқий тажриба мактаби сифатида эътирофга лойиқ. Тизимга прокуратура органларида ишлашга муносиб, интеллектуал салоҳиятли, би¬лим¬ли ёшларнинг ишга қабул қилиниши соҳанинг кадрлар йўналишида мустаҳкамланишини таъминламоқда.

Қайд этиш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 19 декабрь куни имзоланган "Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонун тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш баробарида соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини, уларнинг масъулиятини янада ошириб, касб вазифаларини виждонан бажаришга рағбатлантиради.

Фурсатдан фойдаланиб, бу йил илк марта нишонланадиган 8 январь — Прокуратура ходимлари куни билан барча касбдошларимизни муборакбод этаман. "Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ" деган эзгу ғояни амалга ошириш йўлидаги фао-лиятимиз муваффақиятларга бой бўлишига тилакдошман.

Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ва жамият ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида прокуратура фаолияти бардавом бўлиши тинчлик ва осо¬йишталигимиз барқарорлигига кафолатдир.

Олимжон ЭШБАКОВ, вилоят прокурори вазифасини бажарувчи.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.