Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 1 дан: 01.01.2017

*Янги йил мушоираси

______________________

Шодмон СУЛАЙМОН

Байрам тилаклари

Гарчи ортда қолди яна бир баҳор,

Яна довон ошди умр карвони.

Чорлайди орзулар, чорлайди дийдор,

Покиза ҳисларга буркаб дунёни.

Қор мисол беғубор, қор каби уйғоқ,

Юртим, оқ тонгларинг бунча мунаввар.

Бугун юрагим ҳам қор мисол оппоқ,

Бугун тилагим ҳам қордек музаффар.

Дилга ором берган туйғуларим оқ —

Эзгулик, саодат, бахт таронаси.

Бугун ҳар кўнгилда бир ажиб титроқ,

Ҳар дилда Янги йил шодиёнаси.

Дўстим, дилда эзгу тилаклар бисёр,

Борлигингиз боис тотлидир дамлар.

Майли, Сизга ҳам бахт ҳадя этсин қор,

Бири кам дунёда бир кам одамлар.

Дастурхонин ёзсин, эл хонадони —

Нозу неъматларга тўлсин, Қиш бобо.

Сулувлар сепига қўшсин ҳаёни,

Жасур ўғлонларни қўлласин дуо.

Ҳижрон озоридан бўлсин мосуво –

Соҳибин соғиниб қолган эшиклар.

Ҳар уйда аллалар кезсин доимо,

Тоҳир-Зуҳраларга тўлсин бешиклар.

Янги йил! Сахийсан, тилагимиз мўл,

Келгин, ташрифингдан ёришсин олам.

Қалби пок эл билан қувончларга тўл,

Унга шодумонлик ҳадя эт сен ҳам!

Лайло ШАРИПОВА

Айём чорлови

Йигити қирқ ҳунарли эл бу,

Покдомондир гулнигорлари.

Ерида зар унарли эл бу,

Тилло бўлар чанг-ғуборлари.

Қадр туни келгандайин кел,

Йиллар аро улуғ бўлиб бил!

Қадамида ўти бор ёшлар,

Ватан меҳри кўзларида жо.

Юрагидан чиқар қуёшлар,

Бу ёшларга ҳавасда дунё.

Янги йилим, биз томон шошгин,

Шавкатли бўл, тўкин бўл, тошгин!

Абиралар камолин кўриб,

Шукр айтиб шодлансин онам.

Ташвишлардан юзини буриб,

Бахтга пешвоз бўлолсин болам.

Кекса-ёшни бирдай сийлай бил,

Шодлик келтир, жоним, янги йил!

Халқ кўнглини сўраса қай зот

Икки дунё саодати ёр.

Инсон улуғ бўлган юрт обод,

Истиқболи бўлар устувор.

Кўнгил сўраб келдинг, тошди дил,

Саодатли бўлгин, янги йил!

Тили билан дили бир халқим,

Тинчлик сенга боладай азиз.

Кўзин тикса бахтингга ҳар ким,

Кўзмунчоғинг бўлайин ҳаргиз!

Ўтган йилдан бахтлироқ келгил,

Пойқадами қутлуғ янги йил!

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.