Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 1 дан: 01.01.2017

*Театр армуғони

Бахт ва омад калити

Суратда: спектаклдан лавҳа.

Истеъдодли режиссёр, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Бўрон Акобиров вилоят мусиқали драма ва қўғирчоқ театрларида жажжи томошабинлар учун саҳналаштирган спектакллари билан нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам танилган. Бугунги кунда вилоят мусиқали драма театрининг бош режиссёри сифатида фаолият кўрсатаётган бу санъаткор яқинда драматург Моҳигул Назарова қаламига мансуб "Янги йил калити" эртак-томошасини саҳналаштириб, арча байрами ва қишки таътил завқини сураётган ўғил-қизларга ажойиб совға ҳозирлади.

Мазкур спектакль воқеалари одатдаги эртак-пьесалар персонажларининг қувноқ ва ҳаяжонли саргузаштлари асосига қурилган. Барча болажонлар китобларда ўқиган, мультфильмларда кўрган Қорбобо (артист Телман Комилов), Ялмоғиз кампир (актриса Маҳтоб Ҳасанова), Ўлмас Кошчей (артист Нурулло Чўлиев), Қуёнвой (актриса Нафиса Саидова) янги томошанинг бош қаҳрамонларидир. Асар воқеалари ўрмон маликаси Арчахон (актриса Дилафрўз Кенжаева)нинг болалар учун Янги йил байрамини ташкил этиш йўлидаги елиб-югуришлари билан бошланади. Бироқ ёмонлик қилишни ҳаёт мақсадлари деб билган Ялмоғиз кампир, Ўлмас Кошчей ва Аждар барчага бахт ва омад келтирувчи байрам калитини яшириб, ўрмон аҳли қувончига рахна соладилар.

Ана шунда эски йил қиёфасидаги Маймун, Янги йил тимсоли бўлган Хўроз, Қуёнвойлар қора кучларни ғафлатда қолдириб, бу калитни топиб оладилар ва байрам шодиёнасини бошлаб юборадилар. Уларнинг нафақат ғалаба қозониши, балки ёмонликлари билан ном чиқарган салбий қаҳрамонларни тарбиялаб, эзгулик йўлига олиб чиққанлари "Эртаклар — яхшиликка етаклар" нақлининг нақадар тўғ¬рилигини яна бир бор намойиш этган.

Болажонлар мириқиб томоша қиладиган янги спектакль декорациялари ҳамда эртак қаҳрамонлари либослари эскизларини тайёрлашда саҳналаштирувчи мусаввир Соҳиб Болтаев ва театр бош рассоми Фарҳод Ҳотамовларнинг янгилик яратишга интилганлари ижобий самара берган. Мусиқа танловчи Юрий Исмагилов эса эртак-томошани ўғил-қизларга манзур бўладиган куй ва қўшиқлар билан бойитган.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

Сергей ПОЛЕТАЕВ олган сурат.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.