Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 1 дан: 01.01.2017

*Йил юлдузлари

Улар — Ватан ифтихорлари

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари кўплаб спортчиларимиз қатори бухоролик Шаҳобиддин Зоиров, Шаҳрам Ғиёсов, Ришод Собиров ва Ихтиёр Нав¬рўзовларни миллатимиз қаҳрамонига айлантирди. Шунингдек, Шерзод Намозов, Ширин Шарипов, Шуҳрат Бобоев, Феруз Саидов сингари Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини ҳам чин маънода миллатимиз ифтихори, десак муболаға бўлмайди. 2016 йилнинг юлдузига айланган бу спортчиларимизнинг бир нечтаси, шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси "Бухоронома"нинг Янги йил меҳмони бўлишди.

Шаҳрам ҒИЁСОВ, XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари кумуш медали совриндори, "Ўзбекистон ифтихори" унвони соҳиби:

—Мен Ўзбекистон деган жаннатмонанд диёрда, қа¬дим ва навқирон Бухорода туғилдим, улғайдим, спортчи сифатида танилдим. Кўплаб мусобақаларда иштирок этганман, улкан ғалабаларни ҳам, мағлубият онларини ҳам бошимдан кечирганман. Бироқ бу йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари менга ўзига хос ҳая¬жонли лаҳзаларни туҳфа этди. Кумуш медални қўл¬га киритдим. Биласизми, ўйинлар давомида хорижлик танишларимдан бири "Яна битта олтин медаль олганларингда, Ўзбекистон мад¬ҳиясини ёдлаб олармидик", деди. Бу ҳазил, албатта. Бироқ ана шу соддагина ҳазил тагида мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги қудрати намоён бўлади, назаримда. Шундай пайтда Биринчи Президентимизнинг "Болаларим, маррани ҳамиша баланд олинглар!" деган даъватлари бизни нақадар ¬юксак марралар сари чор¬лаётганини чуқур ҳис этдим. Неча йиллик меҳнатларим, изланишларим ўз самарасини берди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармойиши асосида "Ўзбекистон ифтихори" унвони билан тақдирланганим — Ватаним олдидаги бурч ва масъулиятимни янада орттирди. Ушбу мукофотни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қўлларидан қабул қилиб олар эканман, у кишининг менга билдирган юксак ишончи кел¬гуси марралар сари яна¬да дадилроқ қадам ташлаш, улкан муваффақиятларга эришишим учун қанот бўлади. Албатта, халқимиз ва Президенти¬мизнинг бу ишончини оқлаш учун бор куч ва ғайратимни аямай, хизмат қиламан.

Эришган муваффақиятларим замирида юртимизда спортни ривожлантиришга қаратилган эътибор ва ғамхўрлик, ота-онамнинг қўллаб-қувватлаши ҳамда устозларим Олим Муҳаммедов ва Равшан Ходжаевларнинг меҳнатлари самараси мужассам. Олдинда бизни Осиё ўйинлари кутяпти. 2020 йил Токиода навбатдаги Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтади. Тайёргарликларни бошлаб юборганмиз. Шу ўринда, эндигина спорт оламига қадам қўяётган ёшла¬римизга ҳеч қачон меҳнат ва изланишдан қўрқманг, ҳар бир дадил ҳаракатингиз сизни ғалаба сари етакловчи қадамлардир, деган бў¬лардим. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни, "Бухоронома" газетаси муштарийларини кириб келаётган Янги йил билан табриклайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ға¬-лаба¬ла¬римиз бардавом бўлсин!

Шаҳобиддин ЗОИРОВ, "Рио-2016" чемпиони, "Ўзбекистон ифтихори" унвони соҳиби:

—2016 йил мен учун кутилмаган зафар нашидасини ҳадя этди. Айниқса, жорий йилнинг 21 августи — ХХХI ёзги Олимпиада ўйинларининг охирги куни бир умр эсимдан чиқмаса керак. Шу куни Ўзбекистон байроғи тўрт маротаба Рио-де-Жанейро осмони узра кўтарилди, юртимиз мад¬ҳияси икки бора янгради. Мадҳиямизни ҳаяжон ичра кўзда ёш билан куйладик.

Мусобақа жараёнида Президентимизнинг, халқимизнинг ишончини оқлаш ҳақидаги ўйлар мени курашга чорлади. Зафар онларида юрагимда жўш урган туйғуларни бирон сўз билан изоҳлай олмайман.

Айниқса, Ўзбекистонга қайтиб келганимизда юртдошларимизнинг бизга ҳавас билан боқиб, табриклар йўллаши, тенгдошларимнинг баралла олқишлаб, омад тилашини ҳатто орзу ҳам қилган эмасман. Бу дақиқаларни эсласам, қалбим ифтихорга тўлади. Айтишим жоизки, эришган муваффақиятларим замирида устозларимнинг, хусусан, биринчи мураббийим Истам Кабиновнинг меҳнатлари беқиёс. Уларнинг сабоқлари мени шоҳсупага етаклади. Давлатимиз томонидан хизматларим эътироф этилиб, "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвонига лойиқ топилдим.

Ўтиб бораётган йилнинг яна бир тортиғи шуки, она юртим ҳамда юртдошларимнинг меҳр тафтини дилдан ҳис этиш имкониятини берди.

Чунки ҳеч бир юртда ёшларга биздагичалик эътибор ва меҳр кўрсатилмаган. Биз, ёшлар, бунга жавобан Ватанимизнинг таянчи ва суянчи бўлиб, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳамда шу йўлда илдамлик билан келгуси марралар сари интилишимиз лозим.

Эндиги орзуларим янада улкан: нав¬батда 2020 йилда Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказиладиган ХХХII ёзги Олимпия ўйинлари турибди. Унга тайёргарликлар эса ҳозирдан бошлаб юборилган. Насиб этса, албатта, ғолиб бўламиз.

Газетхонларга тилагим шуки, Янги йил барчага омад келтирсин. Таниқли шоир Ғафур Ғулом айтганидек:

Фурсат ғаниматдир шоҳ сатрлар-ла,

Безамоқ чоғидир умр дафтарин.

Ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёт саҳифалари шоҳ сатрлар билан безалажак омадли дамларга бой бўлсин!

Гулноза АЛИЕВА, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси:

— "Бугун юртимиз ёшларини спортсиз, спорт оламини эса ҳеч кимдан кам бўлмай камол топаётган ўзбекистонлик ёшларсиз, улар қўлга киритаётган юксак муваффақиятларсиз тасаввур қилиб бўлмайди", деган эдилар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов. Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилган эътибор натижасида мен ҳам бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланиб, тўрт карра Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Германия, Италия, Франция, Россия, Қозоғис¬тон сингари мамлакатларда ўтказилган халқаро мусобақаларда муваффақият қозондим. Айниқса, Италияда бўлиб ўтган халқаро турнирда "Miss elegantnost" совринини қўлга киритганим қалбимда ифтихор туйғусини уйғотди.

Ортда қолган 2016 йил ҳаётимда ўзига хос из қолдирди. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўл¬дим, имтиёз асосида БухДУ талабалари қаторидан жой олдим. Спорт устаси мақомига эга бўлдим. 30 на¬фар шогирдга устозлик қилмоқдаман. Қолаверса, жорий йил илк бор ўз конституцион ҳуқуқларимдан фойдаланиб, биринчи марта Президент сайловида иштирок этдим ва мамлакатимизнинг буюк тараққиёт йўлини давом эттиришга қодир номзод деб билганим—Шавкат Мирзиёевга овоз бердим.

Мен эришган ютуқ ва муваффақиятлар ҳали асосий марра эмас. Келгуси фаолиятим давомида спорт устаси сифатида ёш гимнастикачи қизларни халқаро ареналарга олиб чиқишни мақсад қилганман. Олдинда бизни янгидан-янги забт этилмаган спорт чўққилари кутмоқда. Янги йилдан умидларим катта. Барчани байрам билан қутлайман.

Ёзиб олувчилар: Дилдора ИБРОҲИМОВА, Шаҳло БАҚОЕВА "Бухоронома" мухбирлари.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.