Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 1 дан: 01.01.2017

"Бухоронома" сўровномаси

1. Ўтган йил ҳаётингизда қандай из қолдир-ди? 2. Янги йилда режаларингиз?

____________________________________

Авиақатновлар сони ортади

Тоҳир БАҲРОНОВ, "Бухоро" халқаро аэропорти директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

—Ўтган йилда "Бухоро" халқ¬аро аэропортидан йил давомида ҳар ҳафта мамлакатимизнинг Тошкент, Урганч, Фарғона, шунингдек, Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Краснодар сингари йирик шаҳарларига 20 дан зиёд қатновлар амалга оширилди. Аэропорт хизматидан қарийб 97 минг нафарга яқин йўловчи фойдаланди. Юк ташувлари бўйича кўрсаткич 120 тоннадан зиёдроқни ташкил этди. Бундан ташқари, узоқ кутилган мақсадларимиздан яна бири амалга ошиб, "Боинг-787" русумли "Орзу лайнери" халқаро аэропортимизга келиб қўнди.

Ўтган давр мобайнида эришилган юқори кўрсаткичлар, транспорт-коммуникация тармоқларини ривожлантиришдаги салмоқли ҳиссаси, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўлами даражасини оширишдаги ютуқлари учун "Бухоро" халқаро аэропорти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари фуқаро авиациясининг Москвада фаолият юритувчи "Аэропорт" ассоциацияси томонидан ўтказиб келинаётган МДҲ мамлакатларидаги йилида 300 минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатувчи "ҳаво маскан"лари ўртасидаги халқаро танловда 7 маротаба турли йўналишлар бўйича ғолибликни қўлга киритган эди. 2016 йилдаги яна бир муваффақият аэропортимизнинг самарали фаолиятини кўрсатиб берувчи асосий омиллардан бири бўлди.

Аэропортнинг барқарор фаолиятини авиакорхона ISO 9001: 2015 сифат сертификатига эга бўлгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бу эса ўз навбатида "Бухоро" халқаро аэропортининг талабчан шериклар ва ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли шартномалар тузишдаги ¬мавқеини бир неча баробарга ошириб, истеъмолчиларга кўр¬сатилаётган хизматлар сифати юқо¬ри даражада бўлишига кафолат беради.

Президентимиз томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинган 2017 йилда авикомпаниямиз томонидан халқимизга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада юқори босқичга кўтариш, парвозлар хавфсизлиги олий даражада бўлишига ҳаракат қиламиз. Янги йилда Бухородан Тель-Авив ва Душанбе шаҳарларига доимий авиақат¬новлар, Фарғона вилоятига ¬ҳафтада иккинчи қатнов амалга оширилиши режалаштирилган. Шунинг¬дек, авариядан қутқариш таъминоти хизмати учун ёнғин ўчириш автомобиллари келтирилиши кўзда тутиляпти. Қолаверса, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясига янги йилда яна 2 та "Орзу лайнери" олиб келиниши Ўзбекистоннинг фуқаро авиацияси соҳасидаги салоҳиятини жаҳонга намойиш этиш имконини беради.

Туну кун халқимиз хизматида бўлиш, айниқса, байрамлар арафасида жамоамиз билан биргаликда оиласи бағрига шошаётган кишиларнинг узоғини яқин қилишдек масъулиятли ва шарафли вазифани адо этишдан бахтиёрмиз. Ушбу Янги йил байрами арафасида, яъни 30-31 декабрь кунлари "Бухоро" халқаро аэропортида 900 нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилди.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Янги йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Хонадонларга тинчлик, хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Муваффақиятга бой йил бўлди

Дилдора ҲАЙДАРОВА, тиббиёт фанлари доктори:

—Юртимизда хотин-қизларнинг илмий фаолияти учун яратилаётган шароитлар аёлларимизнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва рўёбга чиқаришда муҳим аҳа¬миятга эга. Бу омил оилалардаги маънавий муҳитни барқарорлаштириш, фарзанд¬ларимизни билимли ва маънавиятли қилиб камол топтиришга ҳам хизмат қилади...

Шифокорлар оиласида туғилганим сабабли бўлса керак, ёшлигимдан ушбу касбга ҳавас билан улғайдим. 2007 йилда Бухоро давлат тиббиёт институтини имтиёзли диплом билан тамомлаб, "Даволаш иши" мутахассислигига эга бўлдим. Икки йил давомида шу институтнинг "Неврология ва тиббиёт генетикаси" кафедрасида клиник ординатурани ўтагач, Тошкент Тиббиёт академиясида мустақил изланувчи, стажёр-тадқиқотчи-изланувчи, катта илмий ходим изланувчи сифатида фаолият юритдим. 2015 йилдан ҳозирга қадар Бухоро давлат тиббиёт институтининг "Неврология ва тиббиёт генетикаси" кафедрасида ассистент лавозимида иш¬лаб келмоқдаман.

Биз учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, 80 дан ортиқ илмий мақоламни республика ва халқаро нашр¬ларда эълон қилдим. 6 та услубий қўлланмам, 1 та монографиям чоп этилди. Республика ва халқаро миқёсда ўтказилган илмий-амалий анжуманларда, жумладан, Швеция, Россия, Қозоғистонда бўлиб ўтган конференцияларда ўз маърузаларим билан қатнашдим.

"Бош мияда қон айланиши билан боғлиқ сурункали касалликларнинг когнитив бу¬зилишлари ва унинг диагностикаси" мавзусидаги илмий ишим юзасидан яратган янгилигим ўтган йиллар давомида патентга лойиқ деб баҳоланди ва давлат илмий-техник қўмитаси тасдиғига топ¬ширилди.

Охирлаган 2016 йил мен учун катта муваффақиятлар йили бўлди ва ҳаётимда ўзига хос из қолдирди. Бултур "Қон-томир генезли меъёрий когнитив бузилишларда нейровизуализация параллеллари" мавзусидаги докторлик диссертациясини муваффақият билан ҳимоя қилдим. 32 ёшимда фан доктори даражасига эришганим юртимизда хотин-қизларнинг илмий изланишлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани самарасидир.

2017 йилда мазкур соҳадаги фаолиятимни янада ривожлантириш, асаб касалликларининг олдини олишга доир янги изланишлар олиб бориш, шогирдлар тайёрлашни мақсад қилганман.

Фурсатдан фойдаланиб барчага Янги йил байрами муборак бўлсин, ўтган йилда ушалмаган орзулар бу йилда рўёбга чиқсин, дейман!

Ёзиб олувчи: Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.