Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 96 дан: 23.11.2016

Сайлов: миллий ва хорижий тажриба

(Сиёсий-ҳуқуқий таҳлил)

Мамлакатимизда жаҳон андозаларига мос, очиқ ва ошкора сайловларни ўтказишга имкон яратадиган, жамиятда кўппартиявийлик тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, замон талабларига жавоб бера оладиган демократик сайлов қонунчилиги шаклланиб бормоқда.

Ўтган давр мобайнида мазкур қонунчилик муҳим тараққиёт босқичини босиб ўтди. Фуқароларнинг сайлов жараёнидаги иштирокини таъминлайдиган қонунчилик жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий-маданий тараққиёти билан узвий ҳолда ривожланди, ундаги ўзгаришлар ва ютуқларни ўзида бевосита акс эттирди.

Сайлов қонунчилигимиз жаҳондаги ил¬ғор сайлов жараёни ва тажрибалари асосида шаклланди ҳамда улардаги энг муҳим ғояларни ўзида мужассамлаштирди. Қуйида таҳлиллар орқали баён этиладиган мисолларимиз, давлатимиз сайлов қонунчилигининг нақадар умуминсоний ва демократик тамойилларга мос тушишини кўришимиз мумкин.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича сайловолди кампаниясида ва овоз беришда ихтиёрий равишда қатнашишлари алоҳида таъкидланган. Мазкур нормага асосан, бизнинг мамлакатда сайлов ёшига етган фуқароларимиз сайловларда ихтиёрий равишда иштирок этади.

Бироқ айрим мамлакатлар (Бельгия, Нидерландия, Греция, Перу, Люксембург, Италия, Австралия, Туркия) қонунчилигида мажбурий вотум, яъни овоз беришда сайловчиларнинг юридик мажбурияти назарда тутилган. Масалан, Австралия, Бельгия, Нидерландия ва Италия мамлакатларида овоз беришдан бош тортган сайловчилар давлатга жарима тўлашади, бошқаларида эса, улар тадбиркорлик билан шуғулланиши ва давлат идораларига ишга киришларида баъзи бир тўсиқларга учрашади.

Ёки бўлмаса, Австрияда сайловга келмаган шахсларга нисбатан тўрт ҳафталик қамоқ жазоси қўлланилади. Греция ва Перуда сайловларда иштирок этмаган фуқароларга баъзи бир давлат хизматлари кўрсатилмайдию. Бразилияда эса, сайлов участкасига узрли сабабларсиз келмаган 18 ёшга тўлганлар ўз айбини келгуси сайловда ювмагунча уларга фуқаролик паспорт¬лари берилмайди. Бу каби чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад — фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, яъни фуқароларда абсентизм — сиё¬сий бефарқликнинг олдини олишдан иборатдир.

Бундан ташқари, фуқаролар сайлов ҳуқуқидан маълум бир ёшга етганларида фойдаланишлари мумкин. Ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш ёши ҳам унинг сайлаш (актив) ва сайланиш (пассив) ҳуқуқидан келиб чиқиб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Консти¬туциясининг 117-моддасида ва "Ўзбе¬кистон Республикаси Президенти ¬сайлови тўғрисида"ги Қонунининг 2-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисидаги нормалар белгилангани туфайли, 18 ёшга тўлган фуқароларимиз сайлаш ҳуқуқига эга бўладилар. АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Италия каби давлатларда ҳам худди биздаги каби 18 ёшга тўлган фуқаролар сайловларда иштирок эта олади.

Япония, Финландия, Швейцария, Эрон, Куба, Бразилия каби мамлакатларда фуқаролар 16 ёшга тўлгандан сўнггина сайловларда иштирок эта олсалар, Боливия, Марокаш ва Ҳиндистон каби давлатларда 21 ёшдан, айрим давлатларда, масалан, Миср, Иордания каби давлатларда 30 ёшдан, Эквотариал Гвинеяда эса, фуқаролар 45 ёшга тўлганларидан сўнггина сайлов ҳуқуқига эга бўладилар.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 1-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширишлари таъкидланган бўлса, қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, фуқаролар ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.

Айрим мусулмон давлатларида, масалан, Иордания ва Мавританияда аёллар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эмаслар. Аргентинада эса, армиянинг сиёсатга аралашувига йўл қўймаслик мақсадида, ҳарбий хизматчилар сайловларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бразилия ва Туркияда фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилган вақтида сайлов ҳуқуқларидан фойдалана олишмайди.

Мексикада гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар сайловчилар рўйхатидан олиб ташланади. Голландия давлатида эса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс¬лар сайлов ҳуқуқидан фойдалана олишмайди. Миср ва Тунис давлатларида суд органлари хизматчилари сайловчилар рўйхатига киритилмайди ва улар сайловларда иштирок эта олмайди.

Шу билан биргаликда, Исландияда сайлов ҳуқуқига эга бўлиш учун шахснинг турмуш тарзи яхши ва ахлоқий жиҳатдан соғ¬лом бўлиши керак. Мексикада дайдилар, доимий равишда спиртли ичимлик истеъмол қилувчилар сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 10-моддасига асосан, овоз бериш учун сайлов участкалари вақтинчалик қамоқда сақлаш жойларида ҳам тузилиши мумкинлиги айтиб ўтилган. Ушбу норма шуни англатадики, ҳали суднинг ҳукми чиқмаган ва тергов жараёнларида иштирок этаётган ва ¬вақтинчалик қамоқда сақлаш жойларида турган республикамиз фуқаролари ҳам сайловларда иштирок эта олишади.

Италия ва Франция каби давлатларда эса, жиноий жазони ўтаб чиққан, аммо судланганлик ҳолати олиб ташланмаган фуқаролар сайловларда иштирок этмайдилар. Аргентина ва Мексикада вақтинчалик ҳибсда сақланаётган фуқаролар сайловларда иштирок этмайди.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 21-моддасига биноан, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиши алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Баъзи бир мамлакатларда сайловчиларнинг сайлов участкаси ҳудудида қанча вақт¬дан буён истиқомат қилаётганлиги ҳисобга олинади. Масалан, АҚШда сайлов участкаси тузилган ҳудудда сайлов кунига қадар 30 кун, Канада ва Финландияда 1 йил, Норвегияда эса 5 йил яшаган фуқароларгина сайловда иштирок этиши мумкин. Бундай чекловлар қўйилишидан кўзланган асосий мақсад аҳолининг бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юриш (миграция) жараёнини маълум даражада чеклаш ва тартибга солишдан иборатдир.

Баъзи бир давлатларда ҳаттоки, шу мамлакат фуқароларидан ташқари, хорижлик фуқаролар ҳам сайловларда иштирок этиши мумкин. Масалан, Янги Зеландия мамлакати.

Хорижий давлатлар тажрибасига назар соладиган бўлсак, президентликка Италияда 50 ёшдан, Грузия, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Украина, Португалия, Мексикада 35 ёшдан, Германия, Латвия, Туркма¬нистон, Литва, Молдова, Эстония, Греция, Туркияда 40 ёшдан сайланиш мумкинлиги кўзга ташланади.

Бизда эса, Бош Қомусимизнинг 90-моддасида ва "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 1-моддасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкинлиги айтиб ўтилган.

Хулоса қилиб айтганда, халқаро ҳу¬қуқнинг умумэътироф этилган нормаларига тўлиқ жавоб берувчи мамлакатимиз ¬сайлов қонунчилигининг тобора такомиллаштирилиб борилаётганлиги фуқароларимизнинг сайлов ҳуқуқи эркинлигини янада кенг таъминлаш ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришнинг муҳим омили ҳисобланади.

Зеро, миллий демократик тараққиёт моделимизнинг афзаллигини халқаро ҳамжамиятга намойиш этиш сайловлар жараёнида янада яққол кўзга ташланади. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз миллий манфаатларининг устуворлигини таъминлаш, кучли иқтисодий куч-қудрат ва маънавий салоҳиятга эга бўлиш, мустақиллигимизни ҳар томонлама ҳимоя қилишда демократик қадриятлар омили бўлган сайлов тизимининг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш юртимиз юксак тараққиётининг муҳим гаровидир.

Акмал ДАВЛАТОВ, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси катта мутахассиси.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.