Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 92 дан: 09.11.2016

*Халқ амалий санъати

Ҳайрат, ҳавас, ғурур

Суратда: оилавий корхона ишчилари Манзура Жумаева ҳамда Зарнигор Мирхонова.

Хорижда юртимиз маданияти, санъатига бўлган қизиқишнинг ортишида ҳунармандларнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Муҳими шундаки, халқ амалий санъати билан оилавий тарзда шуғулланаётганлар сони кўпаймоқда. Буни "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлимидан олинган бир далил ҳам кўрсатиб турибди. Агар уюшма ташкил топган 1997 йилда аъзолар сони 200 нафар атрофида бўлса, айни кунга келиб улар 1200 нафардан ошди. Халқ амалий санъати билан маш¬ғул шундай хонадонлардан бири Жумаевлар оиласидир.

—Зардўзликка ихтисослашган оилавий корхонамиз Бухоро шаҳри қадимий қисмининг қоқ марказида жойлашган,—дейди бизни музейни эслатувчи устахонаси сари ¬бошларкан Бахшулла Жумаев.—Ҳунарманд¬чиликни ривожлантиришга қўшган ҳиссамизни инобатга олган ҳолда вилоят ҳокимлиги бундан бир неча йил муқаддам бизга худди шу жойни ажратганди. Кўриб турганингиздек, устахонамиздан чет эллик меҳмонларнинг қадами узилмайди. Сайёҳлар бу ерга атайин келиб, иш жараёнини кузатишади, ҳайратланишади, дидларига мос буюмни харид қилишади, бу қанақа мўъжизакор асбоб экан, дея дастгоҳимизга синчиклаб қарашади.

Ана шундай паллаларда ҳунаримдан ғурурланиб кетаман, чарчоқни унутаман. Кўнглимда шукроналик ҳиссини туяман. Шу ҳунар ортидан дунёнинг 20 дан зиёд давлатида бўлдим. Нуфузли халқаро кўргазмаларда қатнашиб, бир нарсага ишонч ҳосил қилдим: биз, ҳунармандлар учун яратиб берилган шарт-шароитлар дунёнинг ҳеч бир давлатида йўқ. Ўзбекистон фарзанди эканимиздан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.

Устанинг бу ҳақда сўз очгани бежиз эмас. "Шуҳрат" медали соҳиби Бахшулла Жумаевнинг "Совға" деб аталган маркази "Совға устазодаи зардўзон" оилавий корхонаси мақомини олди-ю, сулоланинг ишлари янада ўнгидан кела бошлади. Гап шундаки, илгари коммунал тўловлар борасида баъзи тушунмовчиликлар юзага келарди. Эндиликда бу ҳолга барҳам берилди. Чунки белгиланган тартибга мувофиқ, оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилади. Маълумот тариқасида айтиш лозимки, вилоятда айни дамда рўйхатга олинган 258 та оилавий корхона шу каби имтиёзлардан фойдаланмоқда.

—Давлатимиз бизга шундай қулайликлар яратиб, имтиёзлар бериб турган экан, ҳунармандчиликни янада ривожлантиришни ўз бурчимиз деб биламиз,— дея суҳбатга қўшилади оила бекаси, моҳир зардўз Муқаддас Жумаева.—Зардўзликнинг ўттиздан зиёд услубини ўзлаштирганмиз. Биз мавзу излаб овора бўлмаймиз. Қадимий Бухоронинг ҳар бир осори-атиқаси биз учун тайёр мавзу.Шогирдларингиз, дейсизми? Ҳозирга қадар қўлимизда 600 нафардан зиёд қиз зардўзлик ва патдўзликни ўрганди. Фарзандларимиз ҳам ҳунар этагидан тутишган. Билсангиз, ҳунар машаққат чектиради, аммо унинг ортидан топилган нон лаззатли.

...Ҳунармандлар билан суҳбатимиз якун топаёзган паллада устахонага бир гуруҳ сайёҳлар кириб келди. Хорижий меҳмонлар юртимиз табиатининг бетакрор манзаралари, қадимий обидалар тасвири туширилган зардўзлик буюмларини ҳайрат ва ҳавас билан томоша қилишга киришдилар. Бу ҳолатни кузатишнинг ўзи мароқли эди. Ҳа, Бахшулла Жумаевнинг айтганича бор: Ўзбекистон деган юртнинг фарзанди эканимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Истам ИБРОҲИМОВ.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.