Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 90 дан: 02.11.2016

*Қонун ва ижро

Электрон мурожаат: тезкор, содда ва такомиллашган

Бирор муаммо ёки масала юзасидан юқори идорага арз билан келган фуқаро албатта, қайсидир амалдор ҳузурида ҳафталаб, ойлаб овораи сарсон бўлгани, масала ечими ҳатто, йиллаб чўзилиб кетиб, мурожаат қилувчи томон манфаатларига жиддий зиён етган ҳоллар яқин-яқингача кўп бор учраган. Аммо суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунининг қабул қилинганлиги бу борадаги ишларни тартибга солиши баробарида аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш имконини берди. Ҳар бир мурожаатни қисқа муддатда сифатли кўриб чиқиш ва ҳал қилиш тизими пухта ишлаб чиқилди. Бутунжаҳон глобаллашув жараёнида ахборот-коммуникация тармоқларининг беқиёс даражада тараққий топиб бораётгани боис эндиликда юртимизда ҳам оддий қўл телефони ёки смартфон орқали қайсидир мутасадди идорадан ўзимизни қизиқтирган маълумотни олишимиз, умуман, ахборот алмашинув имконияти вужудга келди. 2015 йил 11 декабрда бу борада яна бир муҳим ҳужжат—Ўзбекистон Республикасининг "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан давлат ҳокимияти бошқарув органлари зиммасига катта масъулият юклатилди.

—Жорий йилнинг дастлабки кунидан бошлаб республикамиз, жумладан, вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманлар ҳокимликларидаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциялари қошида "Ягона дарча" марказлари фаолияти йўлга қўйилиши ҳам ана шу қонун туфайлидир,—дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Акрам Халилов.—Унга кўра тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилди. Ишбилармонларга давлат хизматларини кўрсатишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш, энг муҳими, жисмоний ва юридик шахсларга қонуний тартибда бепул маслаҳат ва ёрдам бериш "Ягона дарча" марказларининг асосий вазифасидир. Биргина Бухоро шаҳар "Ягона дарча" марказида 4 Мбить/с тезликда, қолган барча марказлар интернет тармоғининг 2 Мбить/с тезликдан кам бўлмаган миллий (Тас-IX) сегментига уланиб, ваколатли ташкилотларнинг ходимларига электрон рақамли имзо билан калитлар олиниши таъминланди.

Шу ўринда "электрон калит", яъни "электрон рақамли имзо" тушунчаси хусусида.

—Ўзини қизиқтирган савол билан дейлик, давлат солиқ идорасига мурожаат қилмоқчи бўлган шахс ёзма аризасини тақдим қилар, ариза кўриб чиқилганидан кейин эса махсус "электрон калит"ни олиш учун такрор мурожаат этишга мажбур бўларди,—дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Бахтиёр Имомов.—Эндиликда фуқаро қўл телефони орқали яшаш манзилидан туриб, исталган пайтда "MyGOV.Uz" электрон порталига мурожаат қилиш имконига эга. Қис¬қа муддатда электрон почта манзилига мурожаати қабул қилинганлиги тўғрисида ахборот бориб тушгач, фуқаро ўзига яқин давлат солиқ инспекциясига бориб, шахсини тасдиқловчи ҳужжати орқали электрон рақамли имзони олади. Фақат бунда жисмоний ва юридик мақомга эга шахс¬лар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида тўлов жорий қилинганини унутмаслик керак. Бюджет ташкилотлар учун электрон рақамли имзони олиш тартиби бепул. Бевосита статистик маълумотларга назар ташласак, шу йил бошидан сентябрь ойига қадар вилоятимиз шаҳар ва туманлар ДСИлари томонидан 46 та юридик ва 433 та жисмоний шахсдан электрон мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 369 таси 15 кун, 86 таси бир ой муддатда кўриб чиқилган. Шунингдек, бошқарманинг 221-26-89 рақамли "Ишонч телефони"га келиб тушган 137 та мурожаатнинг 32 таси ўз тасдиғини топмаганлиги боис рад қилинди. Бундан ташқари, солиқ тўловчи юридик шахслар онлайн режимида "Шахсий кабинет" ор¬қали солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашлари мумкин. Биргина ўтган йилда мамлакатимизда "Шахсий кабинет"дан 2,7 миллион мартадан кўп фойдаланилган. Жисмоний шахслар учун уйдан чиқмай туриб, мол-мулк ва ер солиқларини "Мбанк", "U-Pay", "Сlik" каби хизматлар орқали тўлаш имконияти яратилгани катта қулайликдир.

Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш борасида ҳамкор ташкилотлар қаторида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги "Компьютерлаштириш маркази" давлат унитар корхонаси томонидан ҳам диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.

—Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 23 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" ҳамда 2013 йил 27 июндаги "Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ¬ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил вилоятда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли дастури ишлаб чиқилган,—дейди ДУК раҳбари Шуҳрат Жамолов.—Шу йил бошидан вилоятда 60 дона 2G технологияси ва 30 дона 4G (LTЕ) технологияси асосида ишловчи жами 90 дона база станциялари ҳамда GSМ коммутация маркази ускуналари келтириб ўрнатилди. Ҳозирда 39 та объектда антенна-мачта қурилмаларини ўрнатиш бўйича монтаж ишлари якунланяпти. Бундан ташқари, вилоятимиз телекоммуникация тармоғида кенг полосали хизматларни кўрсатиш мақсадида жами 1746 та порт ишга туширилди. Махсус FTTx технологияси асосида 978 порт, АDSL технологияси асосида768 порт шулар жумласидан. Худди шундай, барча туманларнинг чекка ҳудудларида телефон тармоқларини ривожлантириш дастури бўйича сиғими 6272 портга тенг бўлган қурилмаларни фойдаланишга топшириш ишлари ниҳояланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда электрон ҳисоботлар ва мурожаатлар тизимини янада такомиллаштириш, мавжуд технологияларни модернизациялаш, энг муҳими, фу¬қа¬роларимизга, юридик ва жисмоний шахслар, корхона ва ташкилотлар, муассасаларга ҳар томонлама қулай ва сифатли ахборот-коммуникация хизматларини кўрсатишни таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти бошқарув органлари, ҳамкор ва мутасадди идоралар томонидан жойларда тушунтириш ишлари, очиқ мулоқот тадбирлари мунтазам ташкил қилиняпти. Зеро, бугунги кунда электрон мурожаатлар турли мажбуриятларни бажаришнинг ишончли ва қулай воситасидир.

Учқун ТОЖИЕВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.